р эса бу эътирофни миллат қалбига етказиш борасида изланишиб, турли ифода усулларини кашф этишган. Эл назарига тушган ва ибратли ҳаёт кечирган фидойи инсонларнинг эл-юрт тараққиётига ҳисса бўлиб қўшилган хизматларини эътироф этишда тарихий-бадиий асарлар битиш ана шундай воситалардан бири ҳисобланган. Таниқли ижодкор Шомурод Шараповнинг “Умр дарёси” номли китобини ҳам юқоридаги асарлар туркумига киритиш мумкин. Чунки, асарни қунт билан мутолаа қилган китобхон қашқадарёлик фидойи инсон, пахтачилик бўйича етук олим, улуғ мақсадларга эришишнинг ягона йўлини ҳалол меҳнат ва касбга садоқат деб билган, маънавий етуклик ва мустаҳкам эътиқод эгаси Амирқул Тўраевнинг ҳаёт йўли мисолида инсон ва у фаолият олиб борадиган ҳаёт муаммолари хусусида етарли тасаввурга эга бўлади.
Мен китоб муаллифи Шомурод Шараповни миллий қадриятларимизни эъзозловчи, анъаналаримизни тарғиб қилувчи таниқли ижодкор сифатида яхши биламан. Унинг Қашқа воҳасининг улуғ зиёратгоҳ ва қадамжолари, шунингдек, эл ардоғидаги фидойи фарзандлари ҳамда “орамиздаги одамлар” ҳисобланувчи камсуқум, аммо ўзининг камтарона меҳнати билан обрў топган инсонлар ҳақида ҳикоя қилувчи тарихий мемуар асарларини, портрет жанридаги китобларини мамнуният билан мутолаа қилганман. Айтиш жоизки, унинг ижод маҳсулларини нафақат қалам аҳли, балки турли касбдаги ҳамюртлар ва кўп сонли замондошларимиз ҳам яхши билишади, десам муболаға бўлмас.
Муаллифнинг “Умр дарёси” номли китобининг қўлёзмаси ҳақида тўхталар эканман, унинг ўзига хос хусусиятларга эга эканлигини таъкидлаш лозим. Бу китоб воқеалар кўламдорлиги ва персонажларнинг кўплиги, тасвирдаги ҳар бир воқеа – муаммога муаллиф нуқтаи-назарининг холислиги ва аниқлиги билан китобхонни асар қаҳрамони билан бирга нафас олишга ўзига хос касб этади. Китобхон мутолаа жараёнида муаллиф услубига хос бўлган проза жанридаги тарихийҳужжатлиликни ҳам, детектив адабиётга хос изқувар образ талқинини ҳам, жиноятни очиш билан боғлиқ воқеалар силсиласини ҳам, шунингдек, соф бадиий асарга хос психологик талқин намуналарини ҳам учратади. Тасвирдаги ана шундай услуб хилма-хиллиги китобхонни асар қаҳрамони изидан етаклайди, воқеалар иштирокчисига айлантиради. Хусусан, китобнинг биринчи қисмидаги “Ойсиз тун хаёллари”, “Пўлатими ёки…”, “Абу таксичи”, “Меҳмонлар борми?”, “Ертўладаги учрашув”, “Косонтоғдаги қотиллик”, “Инсон қиёфасидаги йиртқич”, “Самарқандга саёҳат”, “Қора илон”, “Хусумат” каби фасллардаги тасвирлар ана шундай фазилатлари билан ўқимишлиликни таъминлайди.
Ижодда “Ҳаёт ҳақиқати ва бадиий тасвир” деган “қонуният” борлиги маълум нарса. Бу қонуниятнинг асосини “бадиий тўқима” ташкил этишини ҳам барча ижодкорлар яхши билишади. Шомурод Шараповнинг мазкур китобида ана шу “бадиий тўқима”га эрк беришни учратмаймиз. Асар қаҳрамони қиёфаси ва ички дунёси ҳамда воқеалар тасвири ҳаётда қандай бўлса шундайлигича ҳаёт ҳақиқатига хос – ҳаётдагидек берилган. Дарвоқе, камина асар қаҳрамони Амирқул Тўраевни яхши билишим, фидойи чўлқувар, моҳир раҳбарлик фаолиятидан хабардорлигим сабаб, китобнинг мазкур фазилатларини алоҳида қайд этаяпман.
Китоб муаллифининг ютуқларидан яна бири шундаки, у асар қаҳрамони ҳаёти, хусусан таржимаи ҳолини батафсил тасвирлашни мақсад қилмайди. Бошқача айтганда, асосий урғу – муаллиф нуқтаиназари асар қаҳрамони ҳаётидаги жамият тараққиёти муаммоларига дахлдор воқеалар тасвирига қаратилади. Натижада китобхон давр манзараси ва унинг ижтимоий-маънавий ҳолати ҳақида ҳам тасаввурга эга бўлиб боради. Ана шу холис тасвир орқали китобхон Қарши чўлини ўзлаштиришда фидойилик намунасини кўрсатган Шароф Рашидов, Рўзимат Ғойибов, Нажим Ҳамраев, Эркин Турсунов, Қарол Маҳмудов, Муродулла Саидов сингари инсонларнинг меҳнат фаолияти билан танишади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз-ки, китоб муаллифининг воқеалар тасвири ва унга муносабатида айниқса, собиқ шўролар даври тизимида ўзигагина хос бўлган давлат бошқарувидаги буйруқбозлиги, собиқ Марказнинг ҳукмдорлиги, унинг холис ўзбек миллатига хос бўлган урф-қадриятларини менсимаслиги каби тоталитар қиёфасига нисбатан танқидий ёндошиш уфуриб туради. Ҳар бир фаслда муаллиф бадиий тафаккурининг Истиқлол шукуҳига йўғрилганлигини ҳис этиш мумкин. Катта авлод вакиллари яхши биладиларки, собиқ иттифоқ даврида Иван Иосифович деган кимса узоқ йиллар давомида Қашқадарё вилоятининг иккинчи раҳбари сифатида фаолият олиб бориб, маҳаллий кадрларни топташ ва “чеканка” қилиш, оддий халқнинг нонини оғзидан олишда собиқ Марказга садоқатли хизмат қилган эди. Бирон-бир зиёли ёки собиқ раҳбар бўлмасин, унинг номини лаънатлар гирдобида эслашади. Хусусан, камина ҳам қайсидир битикларининг бирида унинг умри якунидаги қисматига маймунлар йиғлаб томоша қилганини қайд этган эдим. Қизил империянинг бу жаллоди ҳақида жиндек ортиқча тўхталганлигимнинг сабаби шундаки, Шомурод Шараповнинг “Умр дарёси” номли мазкур китобида бу кимса – салбий персонаж Иван Иосифовичга нисбатан қараш асар қаҳрамонининг кураши жараёнида очилиб боради.
Китобнинг “Замондошларнинг қалб сўзлари” номли иккинчи қисми ҳам китобхонларни асар қаҳрамони Амирқул Тўраевнинг инсоний фазилатлари билан таништиришда муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу қисмда Амирқул Тўраев билан турли йилларда бирга ишлаган ва мулоқотда бўлиб келган замондошларининг қалб сўзлари