аралашуви, қўшилиши, ташкил бўлиши, ажралиши, янги-янги сифат белгиларга эга бўлган этник уюшмалар юзага келишини кўрган бўлардик. Чунки, соф ҳолдаги бирор халқнинг бўлиши мумкин эмас. Ҳар биримизнинг томиримизда аждодларнинг қони оқиб турганлиги аниқ. Турк, мўғул, араб, тожик, туркман, қозоқ ва бошқалар ҳамиша ўзаро инсоний, ижтимоий мулоқотда бўлиб, бир-бирини бойитган. Эрону арабий уруғлар, сомонийлар, қорахонийлар, ғазнавийлар, чингизийлар, шайбонийлар узоқ асрлар мобайнида хоҳ ихтиёрий, хоҳ зўрлик, хоҳ бошқа йўл билан бўлсин, бирбирларига аралашиб кетганлар. Ҳозирги ўзбек уруғларининг ранг-баранглиги ҳам буни исботлайди. Қорахитой, Мўғулон, Арабхона деган қишлоқлар борлигини эсланг. Қиз олиб, қиз бериш орқали қудаандачилик ва қариндошликнинг юзага келиши, туғилган фарзандларнинг янги этник хислатлар ҳосил қилиши ёки турли-туман минтақаларга бўлиниши, инсонларнинг оила қуриши натижасида юзага келадиган янгича сифат ўзгаришлари ҳам миллатни “янгилаб” турадиган жараёнлар сирасига киради.
Ўзбек тилини кўринг. Унинг бағрида қанчадан-қанча арабий, форсий сўзлар, атамалар яйраб, ўзлашиб яшаётганлигини биламиз. Навоий асарларининг тили, луғавий бойлиги буни исботлаб турибди. Бу тарихий жараённи инкор этувчи киши ҳақиқатдан кўз юмган одам ҳисобланади…”.
Қаршидан Пўлатигача кўплаб қишлоқлар азалдан мавжуд. Уларни Қашқадарё дарёсидан қазиб келтиришган иккита катта ариқ ўзани ўзаро бирлаштириб турган. Бўлмас, Губалак, Ушоқтепа, Дарча, Шербек, Пўлати қишлоқлари шулар жумласидандир. Оқар сув келтирилган ушбу ариқлар шарофати билан атроф қишлоқлар боғу-токзорлар, полиззорларга айлантирилди.
Қашқадарё заминини улкан энциклопедияга ўхшатаман. Пўлати қишлоғи эса унинг ҳали ўрганилмаган бир саҳифаси, холос. Воҳадаги ўнлаб қадимий қишлоқлар каби, Пўлатининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ўнлаб асрлар нарисидан акс-садо беради. Машҳур Буюк ипак йўлининг Насаф-Самарқанд тармоғи бўйида жойлашган бу қишлоқнинг номланиши тўғрисида, ҳали юқорида таъкидлаганимиздек, турфа қарашлар, тахминлар мавжуд. Бу ҳақда Республикамизнинг таниқли топоном олими, профессор Тўра Нафасовнинг “Ўқитувчи” нашриёти томонидан 1988 йилда чоп этилган “Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати” асарида “Пўлати – Косон р., Деҳқонобод р. Қ-қ (Оқтош). Қорқалпоқлар кендикли уруғининг бир тармоғи “токполат”(120; 167). Тожикистон барлосларида “пўлатбачча” деган кичик уруғ бор (153; 79). Этнонимларнинг асоси – пўлат – полатчи аффикси жамликни ифодалайди.
И аффикси аслида –ти(Пўлат-и) тарзида бўлган. Сўз таркибида т—ч товуш мослиги бор. Этнонимдан қишлоқ номи яратилган”, деб тушунтирилади.
Менинг шогирд сифатида устоз домламиз Тўра Нафасов шахсига нисбатан бўлган ҳурматим беқиёс. Аммо, мустақил шахс сифатида ўзимнинг ҳам шахсий қарашларим борлигини инобатга олган ҳолда, устознинг Пўлати қишлоғи ҳақидаги “Этнонимдан қишлоқ номи яратилган” деган қарашларига қўшилаолмайман. Авваламбор, Пўлати қишлоғи аҳли манзилгоҳ юзага келганидан