Шомурод Шаропов

Умр дарёси


Скачать книгу

болалиги ва ўсмирлик йиллари Косон туманидаги Пўлати қишлоғида ўтди. Унинг ўзи болалигида жимитдеккина бўлсада, жуда ўжар, ўта билармон, баъзида у ҳеч кимнинг етти ухлаб хаёлига келмаган ажабтовур юмушларни келтириб чиқарарди. Унинг бу ҳатти-ҳаракатлари бир неча бор бобоси ва отаси томонидан жазоланишига ҳам сабаб бўлган.

      Ўзининг ҳам ҳеч эсидан чиқмайди. Болалигида билиб-билмасдан Орзиқул бобосини ҳақоратлаганида, иккинчи бора эса Гулсум аммасини хивчин билан урганида бобоси қулоқларидан чўзиб қўрқитганди. Отасининг жаҳли бобосиникидан ҳам баландроқ эди. Хўжаликка раис эмасми, этигининг қўнжидан доимо қамчиннинг дастаси кўриниб турарди. Амир навбатдаги шўхлигини сал ўтказиброқ қўйди шекилли, отаси ўшанда уни аямасдан санаб туриб, ўн бир марта қамчин билан урганди. Кўриб туришган бўлса-да, оилада уни ҳеч ким ҳимоя қилаолмаганди. Тўққиз ёшлик жимитдек болани ғазаб қамчиси билан ураётган отасининг қўлини ҳаёт бўлганида фақат Орзиқул бобосигина ушлашга ҳадди сиғарди..

      Амир мактабда аъло баҳоларда ўқиди. Ўн йиллик мактабни олти йилда тугатди. Мактабни тугатганлик тўғрисидаги гувоҳномасини отасига кўрсатганда, у ҳатто ўғлига эътибор ҳам бермади, қаерга ўқишга бориши билан қизиқмади ҳам.

      Амир отасини ўзидан хафа бўлиб юрганини биларди. Орага онаизор кирди. “Ўғлингиз Тошкентдаги катта ўқишларга кирмоқчи, сиз нима дейсиз?”, деди тортинибгина. “Хоҳлаган жойига ўқишга бораверсин, бу хулқи билан барибир ҳеч вақо бўлаолмайди!” деди отаси тумшайиб. Бу гапни эшитган Амирнинг эсига бир сафар отаси айтган масал-ривоят тушди. Ўшанда у “…Бўри боласини ўз инида ўн ой боққандан сўнг, уни эргаштириб яйловдаги бир қўтонга олиб борибди. Бир қўйни бўғизлаб боласининг олдига келтириб ташлабди. Бўри боласи эса нима қилишини билмасдан онасига қараган экан, у боласига” “Бугундан эътиборан сен емишингни ўзинг топиб, ўзинг мустақил яшайсан” деб, ҳайрлашганча кетиб қолибди…” деганди. Отасининг гапларини эшитган эди-ю, нима демоқчилигини тушунмаганди. Аммо, унинг бугунги гапи “Қийинчилик кўрса ақли жойига келади. Ҳаётнинг мазмунини англаб етади. Ота-онанинг қадрини билади…” деган ўй билан айтилгандек туюлди унга.

      Амир ўқишга бориши учун лозим бўлган барча ҳужжатларни тайёрлади. Тошкентга жўнаш олдидан отаси унга аччиқ-аччиқ гапириб, қўлига юз сўм(собиқ шўролар давридаги пул) тутқазди. Онаси Ўғилой мома “Уст-боши ҳам эскироқ…” деганди, отаси “Менинг оқ хитой шойисидан тикилган костюм-шимимни кийсин” деди, совуқроқ оҳангда.

      Амирнинг Равил деган мактабдош дўсти бўларди. Унинг онаси қишлоқда номи чиққан тикувчи эди. Амир отаси берган костюм-шимни тикувчига келтириб берди. У кийимларни қисқартириб, ўзига мослаб қайта тикди. Онасининг онаси Мақсад мома ҳам ўзи йиғиб юрган пулидан набирасига эллик сўм берди. Амирнинг ёлғиз ўзи Тошкентга жўнади.

      ЎН УЧ ЁШЛИ ТАЛАБА

      Излаб-излаб Маккани топибдилар деганларидек, Амир ҳам суриштира-суриштира Тошкент қишлоқ хўжалик институтига борди.