Шомурод Шаропов

Умр дарёси


Скачать книгу

Сўнгра шеърни бурро-бурро, қироатини ҳам қойил мақом қилиб, ёддан ўқий бошлади. Залдаги имтиҳон топшираётган юзлаб абитуриентлар уни мириқиб тинглашди. Шеър тугагач, ректор Ориф Мирзаев адабиёт ўқитувчиларига қараб “Қандай, бўладими?” деди. Имтиҳон олувчи домлалар қўшимча саволлар беришди. Амир уларга ҳам дадиллик билан жавоб қайтарди. Ректор залдаги абитуриентларга қараб “Бу йигитчага неча баҳо қўйиш мумкин?” деганди, абитуриентлар бараварига “Беш!” дейишди. Шундан сўнг ректор ўқитувчиларнинг фикри билан қизиқди. Имтиҳон олувчи ҳар иккала вакиллар ҳам “аъло” баҳо қўйиш мумкинлигини айтишди ва ректорнинг гувоҳлигида имтиҳон қоғозига “Беш” баҳо қўйишди. Ректор раҳмат айтиб, Амирнинг қўлларини қисганча келгуси ишларига муваффақиятлар тилади.

      Амир институт ҳовлисига чиққанда акаси Алиқул уни кутиб турганди. Укасини кўриб, “Амиржон, бунча тез чиқдинг, нима, имтиҳонга киритишмадими? Ёки, шпаргалка билан қўлга тушдингми?…” дея уни саволга тута бошлади. Амир акаси қаршисида ўзини ҳеч нарса бўлмагандек тутиб, “Ака, мана имтиҳон қоғози, беш баҳо қўйишди!” деди. “Беш дақиқада ҳам беш баҳо қўйиш мумкин эканми” деди акаси ҳайратини яширмасдан. Амир эса мийиғида табассум қиларкан, акасига: “Али Тўраевич, калланинг ичида мия бўлса “5” баҳо нима дегани, агар “6” ёки “7” баҳолар бўлганида, уларга ҳам эришиш мумкин!” деди.

      Амир ҳамма ишни қойиллатиб бажарди. Ўша йили кириш имтиҳонларини ўз кучи ва билими билан топшириб, институтнинг талабалик гувоҳномасини қўлига олди. Ўқиш давомида барча фанлардан аъло баҳоларда синовдан ўтди. Ўз ёшидаги қишлоқдошлари эндигина ўрта мактабни тугатишаётганда, ўн саккиз ёшида у институтни қизил диплом билан тугатди ва аспирантурага ўқишини давом эттира бошлади. Аммо, у бу муваффақиятлари билан ҳам отасини қувонтира олмади.

      АСПИРАНТ

      Амир аспирантурада ўқиши давомида Тошкентдаги Ботаника боғида ишчи сифатида ҳам фаолият кўрсатарди. Лекин, буни ҳеч кимга билдирмасди. Раиснинг ўғли ишлаб ўқиётган экан, деган гапдан ор қиларди. Унинг илмий ишига анчайин миллатчи, маҳаллий миллат вакилларини хуш кўрмайдиган, аммо, қишлоқ хўжалик илмини жуда чуқур биладиган, илм учун ҳеч кимга раҳм-шафқат қилмайдиган, адолатли профессор В.М.Логостаев раҳбар бўлди. Ёшлигидан илмга чанқоқ эмасми, Амир икки йил тинимсиз амалга оширган меҳнати эвазига илмий ишини ҳимояга тайёрлади.

      Бахт ва бахтсизлик, ютуқ ва мағлубият, хурсандчилик ва хафачилик бирга юради, деганлари минг бора ҳақ экан. Илмий ишнинг ҳимоясига бор-йўғи бир ҳафта қолганда Амир Тўраевнинг отаси набираларининг хатна тўйини бошлаб юборди. Бўлажак ёш олимнинг чекига Тошкентдан машҳур хонанда Олмахон Ҳайитовани тўйга келтириш тушди. У бу топшириқни қойилмақом қилиб уддалади, тўй тўйдек бўлди. Сулола аъзолари хурсанд, аммо…

      Тўй тугаб, узоқ-яқиндан келган меҳмонларни кузатиб бўлгач, Амир уч-тўртта қишлоқдош дўстлари билан хурсандчиликдан қиттак-қиттак қилди. Авваллари спиртли ичимлик ичмаган эмасми, бир пастда унинг кайфи тароқ бўлиб, ўзи билмаган