Хамиджон Хомидий

Тасаввуф алломалари


Скачать книгу

Бағдодий Зуннуннинг сўзларини баст қилиб, китоб битган. Шиблий уни минбарга олиб чиқиб, ошкор қилган.

      Зуннун Миср халқига ўзини беодоб қилиб кўрсатгани учун уни зиндиқ (даҳрий) деб маломат қилишган. Аббосий халифа Мутаваккил уни Бағдодга элтиб, зиндонга ташлаган. Айби йўқлиги учун қирқ кундан кейин зиндондан озод этилган. Зуннунни саройга чақирадилар. Зуннун халифа Мутаваккил ва аркони давлат ҳузурида ваъз айтади. Халифа бошлиқ ҳамма юм-юм йиғлаб, фасоҳат ва балоғат тўла нутқнинг таъсирида унга мурид бўладилар.

      Бир куни Зуннун Мисрий кемага чиқади. Савдогарлардан бирининг жавоҳири йўқолиб қолади. Ҳамма жойни қидирадилар. Зуннунни ўғирликда айблайдилар. Кўп ҳақоратлар қилиб, озор берадилар. Шайх Аллоҳ даргоҳига муножот қилиб, денгизга қараса, мингдан зиёд балиқлар оғзида жавоҳир олиб чиқади. Зуннун улардан бирини олиб савдогарга беради. Кема аҳли бу кароматни кўриб, унинг оёғига бош қўядилар. Узр сўраб «Бу Зуннун (балиқ соҳиби) экан» дейишади. Шайхнинг лақаби «Зуннун»

      бўлиб қолади.

      Зуннун уч марта маънавий сафар қилиб, уч илм олиб келди. Биринчи сафарда олиб келган илми (тавба) барчага манзур бўлиб, уни хос ҳам, омма ҳам хушнудлик билан қабул қилишди. Иккинчи сафар илм (маърифат) келтирганда хос қабул қилди, лекин омма қабул қилмади. Учинчи сафар илм (ҳақиқат) келтирганда хос ҳам, омма ҳам қабул қилмади. Ҳеч ким англамади ва бу илмни инкор қилдилар. Зуннун қочоқ, қувғин ва мискин бўлиб қолди.

      Зуннун Мисрий 245/859 йилда вафот этган. Қабри Мисрда.

* * *

      Зуннун Мисрий дейди:

      – Тоғда кезар эдим. Бир жамоага дуч келдим. Бирининг кўзи кўр, бирининг оёғи йўқ, бирининг қулоғи кар, бири соқов, бирини яра босган. Улардан сўрадим:

      – Бу ерда нима қиляпсиз?

      Дедилар:

      – Бу ерда ғор бор. Унда тақводор обид яшайди. Йилда бир марта ташқарига чиқади. Дардмандларга назар ташлаб, дуо қилади. Барча касалликдан тузалади. Сўнг яна ғорга кириб кетади.

      Зуннун Мисрий бир муддат жамоа билан яшади. Обиднинг ғордан чиқар вақти бўлди. Дардмандларга назар солди, бари тузалди. Зуннун обиднинг этагига ёпишиб, обидга деди:

      – Эй обид, менинг пинҳон дардимни ҳам муолажа қил.

      Обид деди:

      – Эй Зуннун, қўлингни торт, Аллоҳ сенинг ҳолатингни кўриб тургани ҳолда, Уни қўйиб менинг этагимни тутдингки, иккимизни ҳалок қилади.

      Шу сўзларни айтиб, обид ғорга кириб кетди.

* * *

      Сўрадилар:

      – Нечуксиз?

      Зуннун деди:

      – Ҳолим шундайки, хавф бемор қилди, шавқ куйдирди, муҳаббат ўлдирди, Аллоҳ тирилтирди.

* * *

      Зуннуннинг хизматига бир ўғлон келди ва деди:

      – Отамдан мерос қолган юз минг кумуш бор. Уни сизнинг хизматингизда сарф этсам деб ният қилдим.

      Зуннун деди:

      – Сенинг молингни сарф қилмоқ раво эмас. Балоғатга етгунингча сабр қил.

      Ҳалиги ўғлон йигит бўлди. Зуннуннинг хизматига кирди ва барча пулини хонақоҳга харж этди. Пул тугагач, камхаржлик бошланди. Йигит афсус қилиб айтдики:

      – Агар яна пулим бўлса, хонақоҳ учун сарфлаб, сўфийларнинг оғирини енгил қилар эдим.

      Шайх