Хамиджон Хомидий

Тасаввуф алломалари


Скачать книгу

* *

      Сарий Сақатий Довуднинг уйига келди. Довуд офтоб тиғида терга ботиб, зикр қилиб ўтирибди. Сарий сўради:

      – Эй Довуд, рўзадор бўлсанг, яна офтобда ўтирибсан, сояда ўтирсанг бўлмайдими?

      Довуд деди:

      – Эй Сарий, бу ерга офтоб тушмасдан аввал келиб ўтирдим. Устимга офтоб тушди. Энди нафсим учун сояга ўтишга Аллоҳдан қўрқаман.

* * *

      Довуднинг ҳовлиси уйларга тўла эди. У бир уйда яшар, уй нураб кетса, бошқасига ўтар эди. Шу тариқа, бирин-кетин уйлар хароб бўлиб, қулаб тушди.

      Сўрадилар:

      – Нима учун уйингни таъмир қилдирмайсан?

      Довуд деди:

      – Дунёда хароб бўлмайдиган уй борми? Мен Ҳақ таоло билан ҳеч қачон таъмирланган уйда ўтирмаслик, дунёни обод қилмасликка аҳдлашганман.

      Ниҳоят, охирги уй ҳам қулаб тушди. Довуд даҳлиз ичида қолди. Ўша кеча Довуд вафот этгач, даҳлиз ҳам ағанади.

* * *

      Довуд охират ғамида доимо қайғули эди. Ҳеч ким унинг кулганини кўрган ва эшитган эмас эди. Бир куни дўстларидан бири Довуднинг уйига бориб, унинг кулиб ўтирганини кўрди. Довуддан кулишининг сабабини сўради:

      – Ҳеч қачон кулмаган эдинг, бугун нима бўлди, кулиб ўтирибсан?

      Довуд деди:

      – Кеча Аллоҳ менга дўстлик шарбатини ичирди, бугун байрам қилдим, шунинг учун шодонман ва куларман.

* * *

      Нақл қилишларича, бир кеча ойдин эди. Довуд девор устига чиқди. Осмон тарафга боқди. Беҳуд бўлиб ҳамсоянинг уйига йиқилди. Қўшни уйимга ўғри келибди, деб гумон қилиб, қўлига қилич олиб ҳовлига чиқди. Довудни кўрди. Қўлидан тутиб сўради:

      – Бу ерга қандай келиб қолдинг?

      Довуд деди:

      – Беҳуд эдим, қаердан келиб қаерга тушиб қолганимни билмайман.

* * *

      Фузайл деди:

      – Эй Довуд, менга насиҳат қил. Довуд деди:

      – Жоҳиллардан қочгин.

* * *

      Эй одамзод, бойлик ва амалингга эришганда севиндинг. Лекин билиб қўйки, ажалинг яқинлашди, умринг битаётир. Келажак учун тўплаган сармоянгнинг фойдасини бошқалар кўради.

* * *

      Сўрадилар:

      – Эй Довуд, нега одамлардан ўзингни олиб қочасан?

      Довуд деди:

      – Ўғлонлар билан ўтирсам, ибодатдан чалғитадилар. Улуғлар билан ўтирсам айбимни ошкор этмайдилар. Нега Холиқ суҳбатини қўйиб, махлуқ суҳбатини ихтиёр этайин?

      11. АБУ ТУРОБ НАХШАБИЙ

      Валийлик саҳросининг сайёҳи, Хуросон тасаввуф мактабининг йирик намояндаси Асқар ибн Ҳусайн Абу Туроб Нахшабий IX асрнинг буюк машойихларидан биридир. У тахминан 191/806 йилда Нахшаб (ҳозирги Қарши) шаҳрида туғилган. Бухоро ва Сарахс мадрасаларида таҳсил олган. Шарқ мамлакатлари бўйлаб кўп сафарларда бўлган. Фиқҳ илмини Аҳмад ибн Ҳанбалдан ўрганган. Басрада Шайх Ҳасан Басрийдан таълим олган ва унинг қўлидан хирқа кийган.

      Абу Туроб Нахшабий футувват ва таваккул назариётчиси эди. Абу Туроб илм, фатво, зуҳд ва тақвода машҳур бўлган. Абу Абдуллоҳ Жалло, Абу Обид Басрий унинг қўлида тарбияланишган.

      Шарқда унинг кашфу кароматлари ҳақида кўп ҳикояту ривоятлар тарқалган. Абу Туроб «сабрнинг буюк тимсоли»