Хамиджон Хомидий

Тасаввуф алломалари


Скачать книгу

ИБН АБДУЛЛОҲ ТУСТАРИЙ

      Ҳақиқат дарёси дурларининг ғаввоси ва тариқат султони Абу Муҳаммад Саҳл Тустарий 203/818 йилда Аҳвоз шаҳрида туғилган. Ёшлигидан амакиси Муҳаммад ибн Савор қўлида тарбияланган. Сўнг Аҳвоздаги мактаблардан бирида таълим олган. Улғайгач, илм излаб Басрага борган.

      Мисрга бориб, кўнглидаги саволларга жавоб топа олмагач, Ободонга келиб, Абу Ҳабиб Ҳамза ибн Абдуллоҳ Ободоний қўлида таҳсил кўрган. Тустарга қайтгач, ҳаж сафарига жўнайди. Зуннун Мисрий билан учрашади. Унинг фазлу камолидан руҳланиб, унинг хизматига киради. Зуннун Мисрий унга пири муршиди бўлади. Тустарий шариату тариқатда, риёзату муомалада юксак мақомларга сазовор бўлган.

      Абдуллоҳ Тустарий замонасининг «мустажоб уд-дуо»си эди, яъни дуолари билан кишиларни дарддан фориғ этган, ўзининг дардига эса сабр қилиб, «неки Тангридан келган хушдир»13 деган ҳикматга амал қилган.

      Тустарий ўз даврининг фозиллари бўлган Ҳусайн ибн Мансур Ҳаллож ҳамда Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аҳмад Ҳаририй билан суҳбатлашган. Умрининг охирги йилларида ҳам унинг атрофида 400 дан ортиқ мурид жамланган эди.

      Абдуллоҳ Тустарий 283/895 йилда оламдан ўтган. Қабри Басрада.

* * *

      Саҳл ибн Абдуллоҳ масжидда ўтирган эди. Бир кабутар ўқдек учиб келиб, ўзини Саҳлнинг оёғи остига ташлаб, жон берди. Саҳл деди:

      – Бу соат Шоҳ Шужоъ Кирмоний вафот этди.

      Одамлар Саҳлнинг сўзларини эслаб қолдилар. Бир неча кундан кейин чиндан ҳам ўша соатда Шоҳ Шужоъ Кирмоний вафот этгани ҳақида хабар тарқалди.

* * *

      Гуноҳлардан нари юриш сиддиқ бандаларнинг қўлидангина келади.

* * *

      Илмнинг шукри амалдир, амалнинг шукри илмнинг зиёда бўлишлигидир.

* * *

      Саҳл ибн Абдуллоҳни сув устида юриб кетаётганини кўришди.

      Сўрадилар:

      – Сув устида юрасан, қадаминг ҳам ҳўл бўлмайди. Шу ростми?

      Саҳл деди:

      – Муаззин ростгўйроқ, яхшиси ундан сўранглар.

      Муаззиндан сўрашди. У шундай деди:

      – Саҳлнинг сув устида юрганидан хабарим йўқ, лекин тунов куни кўлда ғусл қилаётганида сувга чўкишига бир баҳя қолди. Агар мен бўлмасам, ҳалок бўлар эди.

      Шайх Абу Али Даққоқ деди:

      – Унинг каромати ҳақ, элдан яшириш учун ўзини сувга чўккандек кўрсатди.

* * *

      Бузрук зотлардан бири Саҳлни зиёрат қилиш учун уйига борди. Даҳлизда катта илон ётганини кўриб, ортига тисарилди. Бузрукворнинг қўрқиб, остонада туриб қолганини кўрган Саҳл деди:

      – Киравер, илон сенга тегмайди. Иймони ҳақиқатга етган киши Худодан бошқасидан қўрқмайди.

* * *

      Тақводан ўзга озиқа йўқ, сабрдан ўзга амал йўқ.

* * *

      Ҳар киши бир кеча-кундузда бир марта таомланса, сиддиқлар ғизоси бўлади.

* * *

      Саҳл Тустарийнинг амакиси Муҳаммад ибн Савор унга ўгит берди:

      – Эй Саҳл, доим Аллоҳ билан бўлгин, кечалари уйғонганда айтгинки, «Аллоҳ мен билан бирга. Аллоҳ мени кўриб турибди. Аллоҳ менга гувоҳ бўлиб турибди».

      Саҳл ибн Абдуллоҳ деди:

      – Амаким ибн Саворнинг ўгитига амал қилиб, жуда кўп фазилатлар топдим.

* * *

      Сўрадилар:

      – Аллоҳ