Хамиджон Хомидий

Тасаввуф алломалари


Скачать книгу

Нурий деди:

      – Тасаввуф русум, илм эмас, Аллоҳ хулқларидан бири, яъни Аллоҳ хулқлари билан хулқланиш, озодлик ва мардлик, такаллуфни тарк этиш ва охиратни дўст тутишдир.

* * *

      Сўрадилар:

      – Таваккул нима?

      Шайх Нурий деди:

      – Сенинг тадбиринг Унинг тақдири ичида фоний бўлишидир, яъни Аллоҳга ҳар ишда рози бўласан. Аллоҳ сенинг ишингга вакилдир.

* * *

      Шайх Нурийнинг муроқаба ҳолида ўтирганини кўрган дўстлари сўрашди.

      – Бу қандай муроқаба?

      Шайх Нурий деди:

      – Бу муроқабани мушукдан ўргандим. Эр киши Ҳақ таоло йўлида мушук каби бўлиши керак. Зеро, сичқон тешик ичига кирса, мушук тешик ташқарисида туриб, сичқонни пойлайди. Эр киши ҳам Аллоҳни истаб, худди шундай ҳозир бўлиши лозимдир.

      19. ЖУНАЙД БАҒДОДИЙ

      Шарқда «Тож ул-орифийн», «Султон ул-муҳаққиқийн», «Устод ул-тариқат» номи билан машҳур бўлган жунайдия тариқати асосчиси Абул Қосим Жунайд ибн Муҳаммад алҚаворирий ал-Хаззоз ал-Бағдодий 207/822 йилда Бағдодда туғилган. Гўдаклигида отадан етим қолиб, тоғаси Сарий Сақатий қўлида тарбия топган. Бағдод мадрасаларида таълим олган.

      Ислом ҳуқуқи ва ҳадис илмини ўз даврининг машҳур фақиҳи Иброҳим Бағдодийдан ўрганган. Тасаввуф илмидан тоғаси Сақатий ва Ҳорис Муҳосибий устозлик қилган. Жунайд руҳий покланишга алоҳида эътибор қаратиб, тасаввуф амалиётини исломга мослаштирган. Абу Наср Саррож, Абу Али Даққоқ, Абулқосим Қушайрий Жунайднинг ҳаммаслаклари бўлишган.

      Бағдод аҳли Жунайдни «саййид ут-тоифа» деб атаган. Шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат илмида бениҳоят олий даража ва мақом соҳиби бўлган. Суфён Саврийнинг қарашларини маъқуллаган. Бағдод машойихининг барчаси Жунайд йўлини тутишган.

      Жунайд Бағдодий ислом тарихи, назарияси ҳамда тасаввуфга доир кўплаб рисолалар ёзган бўлса ҳам, ҳозиргача етиб келмаган. Алишер Навоий унинг «Тафсир» номли асари ҳақида эслатган. Шунингдек, Жунайднинг «Расоил» номли асарида Жунайднинг замондошлари билан ёзишмалари, мактублари, сўфийликка доир мақолалари ҳамда Қуръоннинг айрим оятларига шарҳлар жамлангани таъкидланган.

      Жунайднинг сўзлари тариқатда ҳужжат, тасаввуф ичида қутб даражасига эришган бўлса ҳам, ақидапараст ва мазҳабпараст мунофиқлар томонидан кўп ранж чеккан. Ҳаттоки, Жунайдни «зиндиқ» деб жонига қасд этмоқчи бўлишган. Душманларнинг қўли калталик қилиб, Жунайдга ҳеч бир ёмонлик қила олишмаган, аксинча, руҳий хасталик, кўр ва тузалмас беморликка учраганлар. Бунинг далили шундаки, ҳар ким авлиёларни синаса ва бежо дахл қилса, икки дунёда ҳам зарарга учрайди. Авлиёлар нимаики иш қилсалар ҳам, гарчи шариатга хилоф деб билсалар ҳам, бу ҳақда сўраш ёки танбеҳ бериш раво эмас. Қанчалик узрхоҳлик қилмасин, авлиё сўзи ўқдир.

      Жунайд 91 йил умр кўриб, 298/910 йилда Бағдодда вафот этган.

* * *

      Шайх Шиблий деди:

      – Агар ақл киши суратига кирса эди, Жунайд суратида бўлар эди.

* * *

      Сарий Сақатий деди:

      – Жунайднинг шавқ, маърифат, кашф ва ишқ бобидаги мартабаси бағоят олийдир.

* * *

      Жунайд доим рўза тутар, ёронлари зиёратга келса, меҳмон ҳурмати рўзасини очар эди. Жунайд дейди:

      – Рўза тутганнинг фазилати дўстларнинг кўнглини