Хамиджон Хомидий

Тасаввуф алломалари


Скачать книгу

сенга ҳам наф етади.

* * *

      Дедилар:

      – Эй Аҳмад, бизларга васият қил.

      Аҳмад Қассор деди:

      – Олимлар суҳбатини тарк этманг, жоҳиллар суҳбатидан йироқ бўлинг.

* * *

      Дедилар:

      – Эй Аҳмад, ғафлатнинг белгисини айтинг.

      Аҳмад Қассор деди:

      – Банданинг ғафлатга тушганининг белгиси Худонинг буюрганларини чеккага суриб қўйиб, ўзининг сиёсати билан машғул бўлишдир.

* * *

      Муҳаммад ибн Аҳмад деди:

      – Эй Аҳмад, менга васият қилинг.

      Аҳмад Қассор деди:

      – Қўлингдан келса, бу дунёнинг ҳеч бир ишига хафа бўлма, ғазабланма.

* * *

      Сўрадилар:

      – Таваккул нима?

      Аҳмад Қассор деди:

      – Агар минг танга қарзингиз бўлса-ю, тўлашга бир чақангиз ҳам бўлмаса, уни адо қилишда Аллоҳдан умидингизни узмайсиз.

* * *

      Ҳар ким салафи солиҳийн сийратига назар солса, ўзининг камчиликларини кўради ва одамлардан ортда қолганини англайди.

* * *

      Дедилар:

      – Минбарга чиқ ва халққа ваъз айт.

      Аҳмад Қассор деди:

      – Кўнглим дунё мансабига машғулдир. Менинг сўзим фойда қилмайди. Таъсирсиз сўз айтиш эса илмни хор қилишдир. Сўз айтиш шундай кишига лойиқдирки, сўзласа дин салоҳ (тўғрилик)га келади, сўзламаса дин фасодга айланади. Сўз, аввало одамнинг ўзига таъсир қилиши керак, шундан сўнг халойиққа таъсир этади. Агар сўз ўзига таъсир этмаса, ўзгага ҳам таъсир қилмайди.

* * *

      Ўз нафсига бандалик қилганни Аллоҳ суймайди.

* * *

      Оға-инилар ўртасидан муҳаббатни кўтарувчи нарса молдунёдир.

* * *

      Дарвешнинг ҳоли тавозеъдир.

* * *

      Ҳар ким дунё талабида бўлса, икки дунёда ҳам хорликка учрайди.

* * *

      Иймоннинг офати порахўрликдир.

* * *

      Дунёни хор тутсанг, аҳли дунёнинг олдида азиз ва улуғ бўласан.

* * *

      Иллатларнинг боши кўп емоқликдир. Дин офати ҳам кўп емоқликдир.

* * *

      Охиратни ўйламай умрини мол-дунё ғамида ўтказганлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам хор бўладилар.

* * *

      Ким ўзини элдан ортиқ билса, унинг қабри Фиръавнникидан ортиқдир.

* * *

      Халқ илмидан Ҳақ илми яхшироқдир, яъни хилватда Аллоҳ билан бўлиш халқ орасида муомала қилишдан яхшироқдир.

* * *

      Аллоҳни айблаганнинг боши мусибатдан чиқмайди.

      16. ҲОТАМ АСАММ

      Абу Абдураҳмон Ҳотам Асамм Юсуф ўғли Шарқнинг буюк сўфий шайхларидандир. Ҳотам Асамм 151/768 йилда Балхда таваллуд топган.

      Умри мобайнида бир дам Аллоҳдан айру ерга қадам босмаган, бир дам ихлоссиз, мартабасиз бўлмаган. Иброҳим Адҳам, Шақиқ Балхий суҳбатида бўлган ва тарбиясини олган. Ҳотам Асамм сўфийларнинг маънавий мажбуриятларига алоҳида эътибор берган.

      Ҳотамнинг қулоғи кар эмас эди. Ҳотам Асамм дейишларининг сабаби шундаки, ҳузурига масала сўраб келган хотинни ғафлат босиб, ел чиқаради. Хотин мулзам бўлмасин деб, Ҳотам Асамм унинг сўзларини эшитмаганликка олиб, саволни қайта-қайта сўраган. Хотин саволни баланд овозда берганидан сўнг жавоб қайтаради. Ўн беш йил давомида ўзини карликка солиб юрган.