бекорчи эди ғирт. Каттаси бой, юз қўйи бор, рўзғори алоҳида эди. Бири домла эди (сернасиҳат бўлгани учун шундай атардик), бири сувчи, яна бири тракторчи, бири эса ҳисобчи (олаётган нафасини ҳисоблаб ётарди). Тўртовининг қизи бор эди, қолганларини шу қиздан ҳам қисган эди.
Бефарзандлик оиламизнинг андуҳи, кўккўзларнинг шўри эди.
Бир пайтлар кенжа амаким тил ва адабиёт институтида ўқиган.
Қишки таътилда қишлоққа сочини ўстириб келиб бодилик қилади, юрадиган қизлари, ичадиган ароқлари ҳақида оғиз кўпиртиради.
Бобом тишини тишига босади, чидаган, ҳеч бўлмаса шу кенжам ҳайдалмасин, деб. Лекин бўлмаган, бобом билан момойга нуқул “папой”, “мамой” қилишни тўхтатмаган, буям етмагандай ўрисча қўшиқ куйлаб юрган.
Бобом бориб пастки тишини уриб синдирган: “Тил ва адабиётда ўқиб, ўрисча яшаётган бўлсанг, сенга диплом ҳаром бўлсин, яна бир русча гапирсанг, тепадаги тишларингни ҳам қоқиб оламан!”
Кенжамиз шундан сўнг қайтиб ўқишга бормайди. Қишлоқда табелчи, сувчи, колхоз тугагач эса ғирт бекорчи бўлиб қолди. Ичади, сўкади, хотинини уради. Бобом бир ўлик отамга қанча куйса, шу тирик амакимга ҳам тенг куяди.
Бобом ҳар қиш чилласида бир қўй сўйиб, эркак гурунг ташкил қилади.
Беш йил арпага боқилган қўйни сўйдиради. “Панжи қўй”, – дейди, “Панжи гўшт”, – дейди.
Ўрганмаган одам бу этдан кўп еса, девдай бўлса ҳам, ағдаради.
Эркак гурунгда хотин-халаж қозон-товоқдан нари юради. Барини эркаклар қилади. Бобом ҳаммани гўштга тўйдириб, сўнг ортидан тишлаб-тишлаб олади. Амакиларим сонига гап билан чўғ босиб олади. Мардликдан гап боради, эркакликдан сўзланади, қулоққа илинмаса, уят ва аччиқ гапларга ўтилади.
Қовурдоқлар томоқда қолади.
Қорайган жойи қолмай қуйруқлаган гўшт эмас, бобомнинг гапи уларни қизитади.
Қўлдан томаётган мойни артишни ҳам, этни чайнашни ҳам билмай қолишади, бечоралар.
“Бу гўштга фақат эркак чидайди, бу гапларга ҳам”, – дейди бобом.
Мен эса яйраб куламан.
– Бу гўштни еб, хотиннинг устига сакраш мардликмас, сакраш билан иш битса, мусича дунёни сайратарди. Эркак бўл, тик яша ва шундай ўл! Хотининг ўсмасидан юзингни қора қилма, тириклайин кўмаман барингни!
Амакиларим ерга қарайди.
Мен улар устидан куламан. Ҳаммаси менга “Жинни сағир, бўлди қил”, – дейди. Фақат кенжа қўпол сўкади: “Ҳа, энангди… нимага тиржаясан?!”
Бобом тишлашда давом қилади ҳам гўштни, ҳам болаларини:
– Хотининг туққани билан, сендай сувчи бўлади, гўр бўлармиди! Шунинг учун дунёда бошқа ишларни ҳам қилинглар! Бола кўпайтиришда балиқдан ўта олмайсан. Уларни тарбият этиш керак, эртага улар ким бўлади? Итми ё одам? Нимага ярайди? Менинг болаларим каби фақат хотини изидан йўл солишгами?
Мен яна чийиллаб, пиқиллаб, тупук сачратиб куламан. Ҳамма мени еб қўйгудай бўлади, уларнинг қовоғини кўриб, ўзимни тутолмай яна тиржаявераман.
“Бобо, ўлманг”, – дейман, “Ўлиб қолманг”,