Жавлон Жовлиев

Қўрқма


Скачать книгу

нурли истиқболи учун сабаб бўлмоғи муқаррар. Улар билим олиб, Туркистонга қайтишса, иқтисодиёт учун олтин кадрларга айланишини эсдан чиқармайлик!” – терговчи шу ўринда тўхтаб, маҳбуснинг кўзларига илжайиб қаради. – Америка ҳақидаги гапларни онгли, ақл-ҳушинг билан ёзганмисан ё кимдир мажбурлаганми?

      – Ўзим ёзганман.

      – Тиркаб қўйинг!

      Терговчи мамнун илжайди, маҳбус эса ҳозир ҳеч нимани эшитмагандай, ҳамон ўткир нигоҳларини қадаганча жим турарди”.

      Бобомга ичимдаги оғриқли ўйлар ҳақида оғиз очмайман. Ўзиники етади. Мен ундан қизил аскар ҳақида сўроқлашни тўхтатмайман.

      – Шоди чўлоқ, Умри қозоқ, Турсунқул боболар айтишди. Сизнинг отангиз қонхўр ва бузуқ бўлган.

      – Намоз ўқийман!

      – Асрга ҳали бор, бобо. Вақтида ўқимасангиз, қабул бўлмайди. Менга чин гапни сўйланг, бобо.

      – Шоди чўлоқ ўтирикчи, Умри қозоқ эл бўлмайди, Турсунқул эса ўта паст одам.

      – Сизнинг отангиз, менинг катта бобом ким, энасини эмсин, айтинг?

      – Сўкинишни кимдан ўргандинг?

      – Сиздан-да! Ҳар доим отангизни сўкасиз-ку. Мен эшитаман. “Падаримга лаънат!” – дейсиз, ҳеч ким ундай отасини сўкмайди, сиз шундай дейсиз!

      – Яна нимани биласан?

      – Ҳеч нимани!

      – Айт.

      – Сийгим келди, – юлқиниб қочаман. Бобом гаврон таёғини отади, ҳарқалай тегмайди.

      Сўнг тошлаб қолади. Қочаман, дарёга бориб, шомгача чўмиламан. Сувнинг лаби қорайганда чиқаман.

      Бетим ёғ томган сувдай тўрлайди, тилингандай ёрилади, лўлининг боласидай тўзиб уйга бораман. Биров сўрамайди. “Сутдан қолган – этдан қолган”, – дейман!

      Етим қўзи бирдан кўзга ташланади. Сурувдан ажралиб туради. Чек-чукка излаб ўтлайди, панаю пастни кўзлайди. Қулоқлари шалпайиб, сўлғин кўз ташлайди. Диркилламайди, кучини олмагунча қуйруқ бойламайди. Мен ўзимни шу етим қўйдай билардим. Лекин сира шалпаймас, эмин-эркин юрардим. Хоҳласам уришар, хоҳласам исталган ёқимсизга тош отиб қочардим.

      “Сўрайдиганим йўқ”, деб дарсга ҳам бормай қўяверардим. Аммо кўнглим етим қўзи эди.

      Бобой билан момойни алдашдан кўра қишда туфлаш қийинроқ: “Бугун устознинг тиши синиб кетибди. Эри урган-да. Кўп ичади-ку, бўйни сингур, момо. Қўлини ўқлов билан уриб синдириш керак-а, бобо?!” Аммо момом тезда изини кавлаб қолади. Биров билан уришсам ҳам, бобомдан олдин сезади. У: “Амакиларингдан ҳеч ўрнак олма”, – дерди. “Улар қаерга борса, жанжал қўзғаб, ўзига душман топиб келади. Сен дўст тутиниб юр, тақиллатмасанг ҳам, қарашингдан эшиклар очилади”, – дейди. “Мен сағирман, деб ўксима, болам. Сен менинг саккизимсан”, – деб қаймоқ соларди оғзимга тик туриб момом. У бирор боласи ўқишни тугатмаганидан ўксинарди: “Мени қишлоқнинг бор тўраси сўратди, раиснинг улидан келди совчи, эшигимда туманнинг катта бойлари ётиб олди, аммо мен бобонгни танладим. Чунки институтда, тарихда ўқирди, қишлоқдан биринчи устидент эди. Мен ўқиганга тегсам, болаларим ҳам каллали бўлади, деб ўйладим. Гўрда, бари ўлик чиқди, бесавод, чўпон-чўлиқ, сувчи, деҳқон,