Иқбол Мирзо

БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД


Скачать книгу

ҳар ўқчиганда оғзидан бўтана сув қайнаб чиқарди. Аянчли манзарадан менгаям муздек титроқ ўтди – уйга ура қочдим. Бобомникида беркингани жой йўқ деб ўйлаб ўзимизнинг ҳовлига бурилдим.

      Уйда ҳеч ким йўқ: дадам ҳали мактабда, онам кутубхонада, опаларим одатдагидек сигир-бузоқлар учун ем-хашак ўргани далага кетишган.

      Биринчи дадам келди. Тадбирдаги ютуғим учун энди мақтай бошлаган пайти йўлтўсар болаларнинг ота-онаси бир гала бўлиб кириб келишди. Янтоқ билан урганимда тиканлари ҳалиги боланинг қош ва кўзи ўртасига, юзига, қовоғига санчилиб, башараси кунжут сепилган патирга ўхшаб қопти. Бўлди қизил-қиёмат!.. Бечора боланинг онаси бобиллаб дадам билан уриша кетди:

      – Бировларни фарзандини тарбиялагунча аввал ўзингизникини йўлга солинг! Боламни кўзи кўр бўлиб қолса нима бўларди?!

      Дадамнинг жаҳли чиқди, тутақиб, менга қараб важоҳат билан кела бошлади. Мен паноҳ истаб жавдираб тургандим, эшикдан Хизрдек бўлиб бобом кириб келдию чопқиллаб унинг панасига ўтиб олдим. Воқеани эшитган бобом ғазабланиб аввал болаларнинг ота-онаси билан, кейин дадам билан тортиша кетди.

      – Сенинг қизингни тўртта бола ўртага олса, нима қиласан, индамай ўтир, дейсанми?! Билганини қилсин, бошингни эгиб туриб бер, дейсанми? – деб келганларнинг ота-онасини мулзам қилди. Кейин менга қараб, – Янаги сафар йўлингни тўсишса, уриб бошини ёр, жавобини мен бераман! – деди…

      Масала бобомнинг раислигида менинг фойдамга ҳал бўлди, “меҳмон”лар шашти қайтиб, бўшашибгина кўчага йўналишди. Бироқ дадам жаҳлидан тушмади. Аёлнинг гаплари қаттиқ теккан эканми, дағдаға кўтариб ёнимга келаётган ҳам эдики, бобом “Ҳе, сени қараю!” деб ирғай ҳассаси билан елкасига тушириб қолди. Дадам ёш боладек қўлларини кўтариб бошини яширганча боғ томонга қараб қочди. Уни биринчи бор шундай кулгили аҳволда кўришим эди…

      Шуларни эслаб дадам:

      – Ўғил бўлиб бирор маротаба отамдан калтак емаган эдим. Қирқни қоралаб, сенинг шарофатинг билан бобонгдан шатта еганман, – деб мириқиб кулди…

* * *

      5 октябрь

      …4-синфни тугатиб, ёзги таътилга чиқдик.

      Маза! Мактаб йўқ, ягана, чопиқ даври ўтган, уйга вазифа деган бошоғриқдан қутулганмиз. Уйда вазифамиз ўт ўриш, тандирга олов ёқиш, даладан чўп-чўмак йиғиб келиш… Қолган пайт эркимиз ўзимизда: ўйнаймиз, чўмиламиз, китоб ўқиймиз.

      Бир куни онам сурпа ёйиб, лаплаплатиб элак урар, тўрнинг майда кўзларидан тўкилаётган ун бархан бўлиб уйилар, гўё фалакдан бетиним қуюқ қор ёғиб, Қизилқумни босаётгандек кўринарди. Мен бу манзарага анқайиб қопман шекилли, онам ёнбош қараб бир кулиб олди:

      – Бону, Барчинойни чақир, ўчоқбошига ўтин ташинглар, бирор соатлардан кейин тандирни оқартирасан…

      Тандир билан ўчоқ оралиғидаги пастқамга бир боғ ғўзапоя ташлаб, энди ҳовли этагидаги ғарамга қайтаётсак, кўчадан аввал ғингшиб сирқовланган овоз эшитилди, кейин дарвозадан ҳамма ёғи қон, кўйлаги йиртилган, лаблари, қулоқлари шишиб кетган Мирхонд акам оқсоқланиб кириб келаркан, онамга кўзи тушиб,