қийқириқ янграб, акамни “копток” қилган тўда пайдо бўлиб, бизни қуршовга олди. Бўйи баланд олакўз бола сўрашмоқчидек қўл чўзиб келиб, бирдан Мирхонднинг қулоқ-чаккасига тортиб юборганди, акам шўрлик қияликдан пастга думалаб тушиб кетди.
Навбат менга келди.
– Муқбил тошотар ўғил бола бўлганми, қиз болами? – деди олакўз шерикларига ишшайиб.
– Акасиям қиз бола бўлган…
Тепага тирмашиб чиқаётган акамга бармоқ ниқтаб, мириқиб масхаралаб кулишди. Мен этагимдаги тошлар орасидан йирикроғини ажратиб олдим-да, тўдабошига ўқталдим:
– Ҳозир кўзингни чиқараман, олхўри!
Олакўз ўзини қўрқиб кетгандай кўрсатиб, икки кафтини бирлаштириб, ҳиндча тавозе бажо келтирди:
– Муқбил хоним афанди, бир қошиқ қонимдан кечинг…
Қуриб кетгур авваллари ҳам машқ қилиб юрганми, ҳинди киноларидаги оқ иштонли қаҳрамонларнинг ўзи бўлди-қолди. Бирпас чалғидим шекилли, муғомбир қандай қилиб билагимга уриб тошни учириб юборганини пайқамай қолдим. Этагимдагилари ҳам сочилиб кетди. Гангиб қолдим.
Акам йўлгача эмаклаб чиқдию ўрнидан туришга ҳоли етмадими ё қўрқибми, ўша жойда ҳансираб ўтираверди.
Бир маҳал бурқситиб чанг кўтарганча велосипедини ғизиллатиб акамнинг синфдоши Юсуф пайдо бўлди. Оғзида “ғий-йқ!” деб тормоз садосини чиқазиб тўхтаб, уловини толга суяди-да, икки муштини биқинига қўйди:
– Учта бўрдоқини кучи битта қизалоққа етдими? Ўғил бола бўлсанг битта-битта келавер!
Олакўз ҳарсиллаб ўтирган акамга, довдираб турган менга, баҳодирлик қиёфасидаги Юсуфга бир-бир синовчан назар ташлаб чиқди ва бирдан қаҳқаҳлаб тиззасига уриб кула бошлади. Гоҳида кулги дағдағадан ваҳималироқ бўлади.
Мирхонд даст ўрнидан туриб, аста-секин биз томон шахдам кела бошлади. Демак, ростмана жанг бўлади! Мен руҳланиб, ерда ётган қиррали кесакни секин қўлга олдим. Акам шошмасдан йўл бошигача чиқдию умидвор қараб турган Юсуфнинг ёнидан ўтиши билан “Қоч, Бону! Қоч!” деб оёғини қўлга олиб қишлоқ томон учди. Бунисини кутмагандим, эсанкираб қолдим, панжамдаги кесак уваланиб кетди.
Юсуфнинг ҳам бирдан попуги пасайди. Лекин сир бой бермай, аввалги гапини такрорлади:
– Қани, битта-битта келаверинглар!
Олакўз югургилаб бориб, бир сакраб Юсуфнинг бўйнига чирмашиб, гуппа йиқитди. Азамат билан шериги айланиб юриб, жойини топиб тепкилай бошлади. Мен нима қилишни билмай, жўжа олдирган товуқдай уларнинг атрофида югурардим. Ҳол-беҳол тўда аъзоларининг елкаларига мушт урардим, зарбаларим чивин чаққанча таъсир қилмаётганидан аламим ошиб, хўрлигим келарди.
– Ким бо-ор?! Одамла-ар! – ўз чинқириғимдан ўзим чўчиб тушдим.
Тўда бош кўтариб атрофга аланглай-аланглай жуфтакни ростлади.
Юсуф моматалоқ юзини сийпалаб, ўрнидан турди-да, ювингани анҳор бўйига тушиб кетди.
Мен бир аччиқ гап айтиб тезроқ хумордан чиқиш учун акамнинг ортидан югурдим…
7 октябрь
Дадам йўқотган ўйинчоғи эсига тушган боладай бесаранжом, безовта. Ўрнидан