йили ўтганидан кейин ҳам бу мақол ҳозиргидай қолармикин, ё бозор иқтисодиёти шароитида яшаётганимиздан келиб чиқиб, яна эскитдан синашта бўлган «бозор…» калимасига қайтармикинмиз?
Халқ – улуғ мутафаккир, буюк шоир, тенгсиз муҳаррир. Унинг ижодиёти сиртдан содда кўрингани билан, шу қадар мукаммалки, «қайта ишлаш», «тузатиш»га уриниш ҳамма вақт барбод бўлади. Эллигинчи-олтмишинчи йилларда халқ куйлари хўб қайта ишланди – радиодаги концертнинг ярмидан кўпи ана шундай «наманганские яблоки» тахлит куй-қўшиқлардан иборат бўлиб кетганди. Йиллар ўтди, қайта ишловчилар ҳам ўтди, ўша замонасоз куйларнинг бозори ҳам ўтди, аммо халқ яратган содда, сермазмун, жозибадор куйлар боп-боягидай қолди. Ўша йилларда нашр бўлган икки жилдлик «Ўзбек халқ эртаклари»нинг бир талайи ҳам «қайта ишланган», «тўлдирилган» эди. Ўзбек Андерсени, Гримми бўлмоқчи бўлганлар ҳам ўтди – жайдари эртакларнинг ўзи қолди, энди уларни қайта нашр этиш учун бояги «адабий» эртакларни чиқариб ташлаш керак бўлади.
Ҳар бир мақол ё матал – бир парча дурру гавҳар, тил мўъжизаси. Ҳар бир қўшиқ – ноёб обида. Уларни бузмаслик керак. Аксинча, ҳар неки бор, бузилиб кетмасидан аввал терибтўплаш лозим. Бу ҳозир айниқса зарур. Чунки миллий ўзликни англаш маънавиятнинг ўзагини ташкил этаркан, тилни билиш, уни дил-дилдан ҳис қилиш шунга калит бўлади. Ахир, она тилини ҳис қилмаган одам ўзлигини қаёқдан ҳам англасин?
Бу мақолани ёзишдан муддао…
Асл миллий хусусиятлари ва урф-одатларидан, диний анъаналаридан ва демакки, она тилидан бизга қараганда кўпроқ узоқлашиб қолган баъзи туркий элларни кўриб турибсиз. Уларда аввал қабул қилинган давлат тили тўғрисидаги қонунлар бир мучал ўтиб-ўтмаёқ уларда яқинда янгиланиб, рус тили ҳам расмий тил деб эълон қилинди. Демак, номига – иккитиллилик, амалда ўрис тили яна тахт устига минди, деяверинг. Бошқа соҳаларда ҳам инчунин. Бунга фақат тил билмаслик ёки иқтисодий манфаат сабаб бўлгани йўқ. Ўтмиш билан руҳан боғлиқлик ҳам нисбийроқ эди.
Тарихий хотирасиз келажак йўқлигига ишонган авлод оталарнинг руҳинигина эмас, минг йиллар давомида куйлаган қўшиғини ҳам, айтган сўзи – мақол-маталларини ҳам эъзозлайди. Мақолу маталлар илгари «оталар сўзи» деб аталарди. Оталардан қолган меросни аввайлаб асраш ўрнига, уларни муддаомизга мослаб истаганча буза берсак, бундан маънавиятимиз бойиб қолмайди, билъакс, маънан қашшоқ эканлигимиз кўриниб қолади…
Пировардида… мақолу матал эмас, унинг таркибидаги бир сўз ҳақида сўзлаб ўтсак.
“Устоз” дегани хийла қадимги бир сўз. Косибликни, дурадгорликни, сартарошликни (ва ҳоказо) ўрганмоқчи бўлган бола шу касб эгасига шогирд тушган. Отаси уни устознинг уйига элтиб, “Ҳунарингизни ўргатинг, эти сизники, суяги бизники”, деб ташлаб келган. Бола йиллар давомида устозининг уйида яшаган, худди бир фарзанд каби рўзғорнинг турли юмушларини уддалаган, устознинг буюрганини қулоқ қоқмай бажарган. Оқибат, ўртада маънавий-руҳий бир яқинлик вужудга келган, бола учун устоз ҳатто отадан ҳам юқори бир мавқе эгаллаган.