ўзиёқ поччанинг арабча сўз эмаслигини кўрсатади. Форсий луғатлар (“Фарҳанги забони тожики”, “Ўзбек тилига ўзлашган форсий сўзлар” ва ҳ.)да ҳам бу сўз йўқ. Тожикларда почча ҳам, куёв ҳам бир хилда домод, оилали эркак – эр эса шавҳар деб аталар экан. Хўш, почча кимники?
Ўзбек тилида опанинг эри почча дейилади. Ҳозир бу семантик майдон сал кенгайган: амма ва холанинг эри ҳам почча деб аталади. Айрим жойларда ёши катта кишини ҳурмат юзасидан почча деб ҳам чақиришади (амаки, тоға дегандай). Бу сўз шунчалар ёйилганки, Поччахон, Поччажонов тарзида киши исмларига ҳам ўтган. Фитратнинг бир асарида ҳатто Поччомир деган исм келадики, у “Поччойи мир” (Амирнинг поччаси) лафзининг исмга айлангани бўлса керак.
Аммо қадим туркий хоссалар кўпроқ сақланиб қолган баъзи шеваларда опанинг эрига почча деб эмас, язна деб мурожаат қилинади. Шунга мувофиқ, бошқа туркий тилларда язна сўзи жезде, езне каби вариацияларда келади, аммо почча дейилмайди.
Ўзбек тилида почча сўзи язнадан кейин пайдо бўлган ва дастлаб кўчма маънода қўлланган. Аммо ҳозир язнанинг ўрнини эгаллаб, унинг ареалини торайтирди. Эндиликда язна шева сўзи саналади (ЎТИЛ, 5-жилд, 100-бет).
Бизнингча, почча – подшоҳ сўзининг ассимиляцияланган кўриниши. Унинг шаклланиш йўли қуйидагича: шоҳ сўзи олдига улуғликни ифодаловчи “под” шаклини қўшиш орқали подшоҳ сўзи юзага келган (ҳиндларда рожанинг мартабаси баландлигини кўрсатиш учун унинг олдига “маҳа” қўшиб, маҳарожа сўзи ясалгани каби); сирғалувчи жарангсиз бўғиз товуши “ҳ” талаффузда тушиб қолиб, подшо шаклини олган; подшо сўзи ўртасидаги д+ш товушлари регрессив ассимиляцияга учраб, пошшога айланган; тил олди, жарангсиз сирғалувчи ч ва ш ундошларининг алмашиб (чол-шал, шўрва-сорпо ва ҳ.), пошшо – поччага айлана борган. Форс-тожик тилида подшоҳ ассимиляцияланмай, подшоҳ деб тўлиқ талаффуз қилинади. Пошшо – поччага айланишида энг мушкул ҳолат “ш” товушининг “ч”га эврилиши десак, аслида бу табиий ҳол, чунки “ч” аслида бирикма (т+ш) бўлиб, “ч” ва “ш” энг яқин товушлар, улар ўзаро алмашиниб туради.
Тиллар фақат сўз олиш туфайли эмас, олинган сўзга янги маъно юклаш орқали ҳам бойиб боради. Тожик тилидан ўзбек тилига подшоҳ сўзининг кириб келиши ва муайян семантик майдонда поччага айланиши бунга мисол. Аммо қарангки, баъзи жойлардаги тожиклар поччани ўзбеклардан қайта қабул қилиб олиб, сингил ёки жияннинг эри (куёв)ни – укапоччо деб, опа, амма ё холанинг эри (почча)ни эса – акапоччо деб аташга ҳам ўтганлар.
Аммо савол туғилади: нега энди язнани подшоҳ деб аташ керак бўлган? Бунга қанақа зарурат бор?
Барчага аён: ҳар бир қабила, элат ва халқнинг ҳаёт тарзи унинг тилига кучли таъсир ўтказади. Бинобарин, маълум бир қариндошнинг подшоҳ деб аталиши ўзбек халқининг турмушига, урф-одат ва удумларига алоқадор бўлиб чиқса, ажаб эмас.
Эътибор қилсангиз, бизда куёв ғоятда эъзозланади, унга алоҳида эҳтиром кўрсатилади. Қадимда юқори мартабали эмас, оддийгина, масалан, бирон косиб куёв қайнотанинг уйига борадиган бўлса, у уйда эмас, ўша хонадон яшайдиган кўчанинг бошида, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар иштирокида кутиб олинган,