Зуҳриддин Исомиддинов

СЎЗ ҚИСМАТИ


Скачать книгу

уламоларимиздан бири ушбу улуҳий ривоятни юзлаб кишилар жам бўлган бир издиҳомда сўзлаб ўтди: Пайғамбаримиз меърожга чиққанида, Оллоҳ таоло у кишидан: “Ҳабибим, менга инсонлардан нимани совға қилиб келтирдинг?” деб сўраган экан. Расулуллоҳ “Мен камтарликни совға қилиб олиб келдим”, деб жавоб берганида, инсон зотига хос бўлган бу олийжаноб хислатдан мамнун бўлган Тангримиз расулига қарата: “Ассалому алайкум!” дея хитоб қилибди, шу тариқа саломлашиш кейинчалик бизларга ҳам ўтган экан.

      Асосий мазмуни камтарлик Оллоҳ ҳузурида нақадар марғуб фазилат эканлигини кўрсатиш бўлган бу нақлдан, менимча, айни пайтда яна бир маъно – саломнинг Оллоҳдан эканлиги, яъни Оллоҳга салом берилмаслиги ҳам аён бўлади. Дарҳақиқат, бу фикр саҳиҳ бир ҳадис орқали ҳам тасдиқланиши мумкин. Унда айтилишича, исломни қабул қилиб, намоз ўқишни бошлаган дастлабки мўминлар ибодат тугагач, тилак сифатида “Оллоҳга салом бўлсин, фалончига салом, ундан кейин фалончига салом бўлсин!” тарзида ўз билганларича дуо қилишар экан. Пайғамбаримиз уларни бундан қайтариб, “Оллоҳга салом берилмайди, чунки Оллоҳнинг ўзи Саломдир!” деб танбеҳ берган, шундан сўнг бу одат мансуҳ бўлиб, Пайғамбаримизнинг амри билан, ташаҳҳуддан кейин ўқиладиган дуода, жумладан, “Ассалому алайно ва ало ибодилиҳис-солиҳин” (“… бизга ҳамда барча солиҳ бандаларга… Оллоҳ таолонинг саломи бўлсин!”) деб тилак қилинадиган бўлган экан (“Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”, 1-китоб, Тошкент, 1991, 230–231-бетлар, 4-китоб, 1992, 143-бет). Буни ота-боболаримиз хўп яхши билишган, шу боисдан ҳам бирон вақт дуода, тилакда, шукрона ёки ниятда Оллоҳга салом бериш мотиви учрамайди.

      Қарийб бир ярим асрлик тақиқ ва таъқиблардан яқингинада қутулиб чиққанимиздан бўлсамикин, баъзи жиҳатлардан баайни динга яқинда кирган одамларга ўхшаймиз – ўзимизни унча-мунча уламодан ўткирроқ кўрсатишга чираниб, гоҳо меъёридан ошириб юборамиз.

      Чунончи, телевизор қулоғини бурасангиз, ҳар ҳафта-ўн кунда бирон ижодий мусобақа намойишини кўрасиз: ё икки тумандаги, ёки икки қишлоқдами, маҳалладами тузилган фольклор дасталари ёхуд ҳамшира қизлар ўзаро беллашаётган бўлиб чиқади. Ва бунда албатта бошига оқ рўмол ёпинган келинни таъзимга ундаётган санъаткор опахоннинг чилдирмани даранглатиб, “келинсалом” куйлашига гувоҳ бўласиз:

      Аввал айтай ҳазрати Парвардигоримга салом!

      Икки оламни яратган Бируборимга салом!..

      Ва ҳоказо, шу тарзда ғазал давом этади.

      Аммо баъзи вилоятларда бунинг жўнроқ шакли ҳам учрайди:

      Аввало Худойимга кўп салом!

      Ўтган жамики пайғамбарларга салом!

      Шу ердан ўтган азиз-авлиёларга салом!

      Ер эгаларига салом!

      Сув эгаларига салом!

      Шу хонадондан ўтган

      ота-буваларнинг арвоҳига салом!..

      Опахонлар ана шу тарзда Пайғамбаримизга, у кишининг аҳли байтларига, чорёрларга, саҳобаларга… салом айтиб тугатгач, “ҳамёнини ковлаб пул берган” қайнотага, “паст девордан қараган, тўй