майса расмини чизгиси келади. У онани яратувчи деб билади ва шу сўзнинг ёнига баҳор сўзини ёзиб қўяди. Унинг машҳур «сукунат тиллардир» жумласи ҳам мана шундай уйғунлик ахтаришдан туғилган бўлса ажаб эмас. «Болакай чизган қуёшлар» деб аталган шеъридаги олижаноб ғоя ҳам худди шу уйғунлик қонунидандир. Омон табиат билан инсон ўртасидаги уйғунликларга қандай чиройли тимсоллар топса, у замонамиз кишиси билан узоқ тарих ва умуман ўтмиш ўртасида ҳам ана шундай боғланишлар топади: биз ўтмишдан ўсиб чиққанмиз, инсон ўз келажагини ўтмишига ҳам қараб белгилайди, шу маънода Омоннинг шеърларига тарихий фикрлаш хос бир нарса бўлиб кўринади. Унинг тарихий мавзуларда битилган шеърлари кўп. У бугунги кунни тушуниш, тушуниб туриб қадрига етиш учун ўтмишни жуда ҳам яхши англаш кераклигини билади. Шунинг учун ҳам у замон ва ўтмишнинг карвонлари қўнғироғига зеҳн-ла қулоқ солади, халқнинг босиб ўтган йўлларини кузатади ва энг муҳими, бу йўллардан ўзи шу халқнинг вакили сифатида фахр қила оладиган қаҳрамонлик саҳифаларини топади. Халқимизнинг буюк ижодкорлик руҳидан ифтихорга тўлади. Бу Омон Матжон шеърларининг ўзига хос қимматини белгиласа, иккинчи томондан, унинг тасвирда диалектик фикр юрита билишидан далолат бўла олади. У бир шеърида ёзади: «Кўзни юмдим, хаёлимга Кирди дамо-дам Олис ўтмиш, олис авлод, Олис бир олам. Бир ҳикматни англадим мен Боқиб ўтмишга: Кимдир нурга айланмиш, ким Мавҳум товушга…»
Омон мана шунақа бири нурга айланган, бири эса мавҳум товушдангина иборат бўлиб қолган одамлар тарихини ёритиш кераклигини билади ва шеърларига рамзий маънода нур ҳамда соя ўйинини олиб киради. Бу жиҳатдан Омоннинг «Бир қадам олға», «Хум», «13-эшик» ва ниҳоят, «Карвонлар» деб аталган қўшиқларн мағзидаги чуқур фикрлари, воқеасининг кенг қамровли эканлиги билан ажралиб туради. Омон ўзи яхши билган нарсаларни ёзади. Шунинг учун ҳам унинг кўпчилик шеърлари ва жумладан, тарихий мавзуда ёзилганлари Хоразм ҳаётидан эканлиги бизни ажаблантирмайди.
Омон Матжон фикрчан шоир. У фикрни беришда бой адабиётимизнинг ютуқларидан яхши фойдаланади. Бу, айниқса, унинг тўртликларида ёрқин кўринади.
Темирчининг кафти томирбанд қадоқ
Деҳқон панжасида тупроқ ҳиди бор.
Аммо ўғри қўллар… ҳамиша титроқ!
Менга Омоннинг шу деҳқон қўлларидаги тупроқ ҳидини сезганлиги ва сезганларини аниқ, равон мусиқага солиб ифодалаб бериши ёқади. Унда шоирлик сезгиси борлиги равшан, лекин бу ҳали камолотга етиши учун анча заҳматлар чекишга тўғри келади. Унинг эндигина икки шеърий китоби ва Беруний ҳақида ёзган драматик поэмаси чикди. Буларнинг барида ҳам Амунинг енгил хўрсиниш билан чалган оҳанглари эшитилгандек бўлади. Мен унинг шеъридаги хуш овозларни Амунинг насимига ва мусиқасига таққос қилар эканман, бу таққос ижодининг кўламида ва салмоғида ҳам кўринсин, деб тилак билдираман.
Шоир Уйғуннинг «Инжу ва кўпик» деб аталадиган мажозий бир шеъри бор. Шеърнинг хотимасида шундай сатрлар келади:
Елдан