юлдузимни», деб ёзади шоир «Умрим таронаси» шеърида. У ижодининг мана шу хусусиятлари билан шеъриятимизда Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Рамз Бобожон, Шукрулло сингари шоирлар изидан бораётибди.
Оламнинг жамолига доимо кулган чеҳра билан қараган бу бахтиёр шоир ўзи учун, ижоди учун сўник муҳаббатларни бегона деб эълон қилади. Унинг лирик қаҳрамони мутассил аллақандай қувонч ва шодмонлик кайфиятида яшайди ва шу кайфият билан шеър битади.
Нормурод Нарзуллаевнинг шеърлари оламга ёруғ юз билан боқадиган, одамлардан ва уларнинг қалбларидан эзгуликлар излайдиган, хаста, маъюс кайфиятлардан доимо йироқ юрадиган ижодкорнинг дилидан чиққанлиги билан диққатни тортади.
Шоир одамни заршунос дейдилар. Лекин шоир одамнинг заршуносдан анча фарқли томонлари бор. Шоир одам заршунос бўлса ҳам реалист заршунос, оламни фақат унинг ялтиллаган ранглари воситасидагина англаш ва тасвирлаш билан чекланмай, балки уни кенг ва чуқур тушунган, кенг ва чуқур тасвирлайдиган, кишилар қалбида сира ўчмас сўзлар зарб қиладиган, инсон кечинмаларининг заршуносидир. Шу маънода мен Нормурод Нарзуллаевнинг шеърлари инсоннинг мураккаб тасвирида теранлик касб этишини, мазмундор ва сермаъно бўлишини, уларнинг замирида ёрқин хаёллар жилва қилишини тилар эдим.
Шоир қалбининг сурати доимо унинг шеърларидадир. Яъни туйғулари жўшиб ётган шоир қалбининг суратини унинг шеъридан топамиз. Ҳалима Худойбердиеванинг қаҳрамони оламга очиқ назар билан боқади, унинг тилаклари ҳам яширин эмас, очиқ, унинг кечинмалари ҳам мавҳум, аллақандай ноаниқ ва нотаниш булоқлардан эмас, очиқ, реал, жонли ҳаётдан туғилади, бу қалбни мураккаб олам билан тўқнашувларда оловланган дард тебрантиради. Лекин Ҳалима қаҳрамонининг нигоҳи, дунёқараши, умр ва инсон тақдирларига муносабати ҳаёт учун курашда яраланган, яраланиб толган, қарашларига ҳузн, кадар чўккан кишиники каби раҳнали эмас.
У овозини атай ингичка қилмайди, атай баланд ҳам қилмайди, лекин унинг овози авж пардаларга томон кўтарилаётгани ва шу овоз ўзиники эканлигини ҳис қилаётгани билиниб туради.
Ҳалима лирик қаҳрамонларини хазон бўлиб ҳувиллаган боғлар ларзага солади. У мурғак болалик хаёллари қурган қасрлар вақт ўтиб, балоғатга етганда, емирилганлиги, фикрлар, муваққат ҳиссиётларнинг талафотлари унинг юрагида ўчмас из қолдиради: «Ўз дунём ичида боғларни яратдим. Сўлиб битдилар. Тафаккур кучидан тоғларни яратдим. Нураб кетдилар. Боғларим ўрнида хазонлар супурдим. Барг, хазон. Тоғларим ўрнида тепалар, жим турдим. Дилда қон» дейди унинг қаҳрамони «Юрагимда барглар шивири» шеърида. Лекин лирик қаҳрамон учун ўсиш йўлидаги берилган бу ҳиссий, руҳий талафотлар ўсишга, ўзгаришга чек қўядиган сўнг нуқталар эмас. Бу қаҳрамон учун талафотлардан бақувват тортиб, курашчан бир руҳ орттириб, ирода эгаси бўлиб чиқиш ўзига хос фазилатлардандир. «Куйдим мен, аммо қул бўлмадим, қайталаб тупроққа тўкдим мен, манглай тер, дил қоним», дейди. Ва сўнгги боғлар ўрнида яна дарахтлари шовиллаб турган ям-яшил боғлар тикланади, тафаккурда янги тоғлар қад кўтара бошлайди. Қаҳрамон қалби бу ҳаётий ўзгаришлардан илҳомга тўлади ва у: «Юрагимда