Иброҳим Ғафуров

Юрак - аланга: бадиалар


Скачать книгу

машҳур «Йигитларга» шеъри:

      Йигитларнинг ҳусни гуллар майдонда,

      Зирқиратиб ёвни қувсанг ҳар ёнда.

      Ёв қувишдир йигитларнинг ғурури,

      Йигит руҳи яшнар қизғин суронда.

      Йигит жангга қуюн каби югурар,

      Қиличида ёв бошлари тўкилар.

      Ярасига эм бўлар жанг ҳавоси,

      Наъра солиб ўлимга ҳам чанг урар.

      Боболаринг қарич ёшда от минган,

      Тиғларига жило берган чақиндан.

      Оқ соқолин ҳилпиратиб кетганда

      Тоғ-тош ошган, ёвни қувган, сўнг тинган.

      Мард оталар авлодисан, баҳодир!

      Арслон кучи билан тўлсин ҳар томир.

      Ўқ ёмғурин, ўлим дўлин ёғдуриб,

      Қўтир итлар галасини тоза қир!

      Бундай азамат бир руҳ билан ёзилган шеърлар тўғри нишонга урар, жангчилар улар билан омонсиз жангларга кирар эдилар. Шеърнинг нишонга уриши ҳақида гапирганда, бу ерда яна бир гапни эслаб ўтиш ўринли бўлар. Ғафур Ғуломнинг чинакам жангчи-шеърларидан бири «Сен етим эмассан» 1942 йилда «Правда» газетасида босилиб чиққанда, шоир ўнлаб ҳаяжонли, миннатдорчилик билан тўла хатлар олганди. Шу хатларнинг бирида ҳаракатдаги қўшин жангчиси шоирга: «Сизнинг Гитлерга караб отган ўқингиз нишонга тегди», деб ёзган эди. Ўзбек шеъриятига берилган баҳо шу оддий, лекин моҳиятига кўра буюк сўзларда ўз ифодасини топгандир.

      Уруш даври ўзбек лирикаси чинакам жанговар лирика. У шеъриятнинг гултожи ҳисобланадиган, адабиётимизнинг фахрига айланган асарларга ғоятда бой. Улар халқимизнинг ёдига айланган. Ёшликдан қонимизга сингиган.

      Ўзбек ҳарбий лирикасининг мавзулари жуда кенг ва мазмуни чуқур. Ҳаракат, таъсир доираси жуда катта.

      Қиёмат кунининг ҳам сўнгги бор, ахир,

      Бўлмагай бу ялдо билониҳоя.

      Ватаним тонг тўйи ғоятда яқин,

      Ёнгажак мутлақо янгича ғоя,

      Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак.

      Шоирлар башоратгўй бўладилар. Қиёмат кунлар битиб, Ғафур Ғулом башорат қилган Ватаннинг оқ, осуда тонглари отди. Халқининг кўчаси яна байрам садоларига тўлди. Бизнинг шеъримиз ва шоирларимиз шу байрамни яқин қилган шеър ва шоирлар эканлиги билан доимо фахрланамиз.

* * *

      Адабиёт жамиятни ҳаракатга келтирадиган илғор ғояларнинг, инсон идеалларининг ҳаққоний жарчиси, дейдилар. Шеъриятни инсон қалбининг кўзгуси деганимизда ҳам шу таърифга сиғади. Шеърият инсоннинг дарди ва қувончларини куйлайди ва шу олижаноб куйи билан унинг яшаши, умр йўлларида боғлар, чаманлар яратиши, неку ном қолдириши, қўйинг-чи, унинг барча эзгу ишларида унга мадад ва садоқатли йўлдош бўлади.

      Бадиий адабиётда магистрал мавзу деган гап бор. Биз уни бош мавзу деб юритамиз. Ҳар қандай магистрал мавзу шу мавзуни яратадиган чинакам қаҳрамон бўлган тақдирдагина бадиий мавзуга айланади. Яъни магистрал мавзулар ҳаётнинг магистрал қаҳрамонлари билан чиройли.

      Ўз ижодида ўзбек деҳқони образини алоҳида бир муҳаббат билан чизган Ҳамид Ғулом илк очилган чаноқни кўрганда оламда энг ноёб ва топилмас бир