нима учун истамадинг?
– Бу шаҳарнинг гўзаллиги ҳақида кўп ҳикоялар эшитиб эдим. Мақсадим – шу гўзалликларни ўз кўзим билан кўриш. Мен ҳалол касбим билан кун кечиришни истайман. Бировдан бир бурда нон умид қилиб яшаб, номус-оримнинг ва обрўимнинг барбод бўлишини хоҳламайман. Шу боис менга инъомингиз керак эмас. Ҳузурингизга ошиқмаганимнинг боиси фақат шудир.
Султон турли инъомларни таклиф қилса-да, қаноатли инсон буларнинг ҳеч бирини қабул этмади. Қаноатсизларнинг бирига халта тўла олтин берилиб, иккинчиси чўрига никоҳлангач, уйларига қайтишга изн сўрадилар. Рухсат теккач, йўлга тушдилар. Султон учинчи кишининг қаноатини кибр ва нодонлик ўрнида қабул қилиб, ғоят ғазабланди-да:
– Халтаси бўлмаган кишини ўлдириб, калласини менга келтир, – деб буюриб, жаллодни улар изидан жўнатди.
Юра-юра чарчаган қаноатсизлардан бири олтин тўла халтани дурадгорга бериб, бир оз кўтариб боришни илтимос қилган онда жаллод уларга етиб келди. Султоннинг «Халтаси йўқ одамнинг калласини ол», деган амрига амал қилиб қаноатсизни ўлдирди. Султон жаллод олиб келган каллани кўриб: «Янглиш ўлдирибсан, энди бориб чўриси йўқ одамнинг бошини уз», деб буюрди. Жаллод уларга етиб келганда қаноатсиз киши зарурат юзасидан нарироқ кетиб, хотинига қараб туришни дурадгордан илтимос қилган эди. Жаллод уни нарида, ёлғиз ўзини кўриб, чўриси йўқ одам, деб гумон қилди ва султон амрини бажарди. Султон Ғазнавий у келтирган бошни кўриб яна дакки берди-да: «Халтаси ва чўриси бор одамни тириклайин олиб кел», деб буюрди. Қаноатли киши саройга келтирилгач, султон ундан «Ҳамроҳларингга нима бўлди?» деб сўради.
– Сиз кимга олтин ва чўри инъом этган бўлсангиз, уларнинг жонларини ҳам ўзингиз олдингиз, – деди дурадгор. – Мен сиздан ҳеч нима олмаганим учун саломат қолдим.
Султон унинг бу сўзидан таъсирланиб: «Мендан бирор нарсани тила!» деб илтимос қилди.
– Хўп, бу сафар сиздан уч нарсани сўрайман, – деди қаноатли киши. – Аввало халтадаги олтинларга янада кўпроқ олтин қўшиб, ўлдирилган икки ҳамроҳимнинг оилаларига юбортиринг, уларни рози қилинг. Хонадонлари аҳлидан гуноҳингизни кечиришларини сўранг. Кейин ғазабланиб ва иғвогарларнинг сўзига кириб, ҳеч кимни ўлдиришга буюрманг, адолатли раҳбар бўлинг. Учинчиси: мен сиздан ўзим учун ҳеч нима тиламайман. Агар ижозат этсангиз, оиламни Ғазнага кўчириб келтириб, шу ерда ўз ҳалол касбим билан машғул бўлай.
Султон Маҳмуд Ғазнавий унинг тилакларини қабул қилгач, бундай деди:
– Менинг ҳам сендан уч тилагим бор: биринчиси – хатоларимни кечир. Иккинчиси – ишларимда менга маслаҳат бериб тур. Учинчиси – ҳар жума оқшомида ҳузуримга келиб, суҳбатингдан баҳраманд этасан.
Ҳикоятнинг хотимаси ўлароқ байт:
Гар қаноат бирла бўлсанг барқарор,
Бўлмагайсан дунёда ҳеч хору зор.
Пиру комил шайх Баҳоуддин Нақшбандийнинг: “Кам егин, кам ухла, кам гапир”, деган панду насиҳатларига амал қилдим. Аркону давлатга, барча