бозорга интилаверма. Бозор шайтоннинг масжиди экан, унда ҳар турли найранглар борки, яхши-ёмонни ажратишга ҳали сенинг мурғак ақлинг заифлик қилади. Биров сенга молини арзонроққа сотишга интилса билки, у мол гумонлидир. Кўпроқ фойда олиш, тезроқ бойиш ҳисси кўзларингни кўр қилиб қўймасин…», деганмикин? Демагандир… Бу каби танбеҳларни ким бериши керак эди? Йигит белгиланган жазо муддатини ўтаб чиққанидан кейин, шубҳасиз, бўлиб ўтган воқеа оилада муҳокама қилинади. Ажаб, улар қандай хулосага келишар экан? Ота ёки она: «Болам, энди бозорга йўлама, бу сен қиладиган иш эмас экан», дейишармикин? Менимча, улар тўғри хулоса чиқара олмасалар керак. Аксинча, қамоқдан қутқариб қолишга ёки бошқа ишларга сарфланган харажатларни чиқариб олишни ўйлашар. “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади”, дейишади. Басир кўзлар эса кетма-кет йўқотаверадилар, афсусли ери шунда…
Гар кимсада зоҳир ўлса тамкини хирад,
Андин билгилки топти тазйини хирад.
Андоқ қариким йўқ анда ойини хирад,
Ул ёш ортуқки, топти талқини хирад
(Кишида мулоҳаза юритиш пайдо бўлса, шундан билгилки, у ақлига зийнат берибди. Агар қари кишида ақл-мулоҳаза бўлмаса, ундай қаридан ақлли ёш яхши.)
Бир киши дўстига ҳасрат қилди: “Ўғлимнинг боласи яқинда иккита бўлади. Лекин ҳалигача оиласини боқишни ўйламайди, ҳатто ҳовлининг ишларига эгилмайди”. Дўсти уни овутди: “Ҳозир сизга эркалик қиляпти. Ўғлингиз ақлли йигит, кейин эплаб кетади”. Боқиндиликка ўрганиб қолган бу ўғил отаси вафот этганидан кейин ҳаётда ўз ўрнини топа олармикин? Рўзғорини эплаб кетиши осон бўлармикин?
Сизнинг оилангизда аҳвол қандай? Сизнинг қалбингизда ҳам шундай ҳасрат яшириниб ётгандир балки?
Масал: Бир бойнинг икки кўппаги бор эди. Бирини уйни қўриқлашга, иккинчисини овга ўргатган эди. Бой уйга кириши билан уйни қўриқлашга ўргатган кўппаги думини ликиллатиб унга пешвоз чиқарди. Бой уни эркалатарди. Овдан олиб келган ўлжалари билан сийларди. Бунга овчи итнинг жаҳли чиқарди. Бир куни у уй кўппагига деди:
– Менга қара! Бу ўлжанинг кетидан югурган, сувдан олиб чиққан менманку? Сен эса мен тутган ўлжани уялмасдан еяпсан-а!
– Менга нима учун даъво қиласан, – деди уй кўппаги. – Сен бу арзингни хўжайинга айт. Мени тайёр овқатга ўргатган у эмасми?
Қиссадан ҳисса шуки, болаларни танбал қиладиган ҳам, ишчанликка ўргатадиган ҳам ота ва она! Шундай экан, уларнинг ўзлари фарзандларига ўрнак бўлишлари, танбалликдан қочиш хусусида бетўхтов равишда насиҳатлар қилишлари, ҳамиша яхшиликка, меҳнатсеварликка бошлашлари зарур. Болаларини ҳунар ўрганишга қизиқтириш, билимли бўлишга ундаш зиммаларидаги бурч эканини унутмасликлари керак. Танбалликнинг охири надомат эканини унутиб, болаларини дангаса, тайёрини ейишга ўргатган оталар ва оналар, шубҳасиз, фарзандларига энг катта ёмонлик қилган, ҳатто уларни ўлимга маҳкум этган бўладилар.
Лаббай, “жуда-а оширвордингиз”, демоқчимисиз? “Танбаллик орни ўлдиради”, деган ҳикматга