азият чекади. Энг ёмон томони улар бора-бора тамагирга айланиб қолишлари, одам учун меҳнат қилиш зарур эканини унутиб қўйишлари ҳам мумкин. Менинг бу тадбирим туфайли улар бир луқма нонларини ҳалоллик билан топиш лозимлигини унутмаяптилар, тамагирликни яқинларига йўлатмаяптилар.
Ҳар қандай одамни паришон қиладиган иллатлардан бири – миннатдир. Айниқса, оила аъзоларига миннат қилиш ғоят ачинарли ҳолдир. Отанинг “Мен сени боқяпман”, “Мен сени ўқитяпман”, деб миннат қилишга сира-сира ҳақи йўқ. Чунки боқиш, кийинтириш, ўқитиш, уйлантириш… унинг бурчидир. Сир эмаски, оилаларда ота-ўғил орасида зиддиятлар бўлиб туради. Зиддиятнинг бошланишига айнан миннат сабабчидир. Баъзи оталар фарзандига очиқчасига дағдаға қилади. Баъзилар ўзлари билмаган ҳолда фарзандлари кўнглини яралаб қўядилар. Масалан, тўйдан кейин келган меҳмонингизга: “Мана, ўғилни ҳам уйлантириб қўйдим, бу ёғига аравасини ўзи тортаверади”, дедингиз. Бир қарашда бу гапда миннат йўқ. Лекин гапингизни эшитиб турган ўғлингизга “Уйлантириб қўйдим” деганингиз малол келади. Бунинг ўрнига: “Яна бир оталик бурчини бажардим, Худога шукр. Олдин бир ўғлим хизматимни қиларди, энди келиним ҳам унинг ёнига қўшилди”, деганингиз яхши эмасми?
“Қўли очиқликнинг офати миннатдир”.
Шарафли ҳадиснинг “Арбаин”даги баёни бундай:
Ҳар кишига риояте қилсанг,
Миннат ўткармагил гумонингға.
Негаким, ул карамға офат эрур,
Юкла миннат ва лек жонингға.
(Агар бировга бирор яхшилик қиладиган бўлсанг, миннатни хаёлингга ҳам келтирма, чунки у кишига офатдир. Бироқ миннатни ўз жонингга юкла, яъни Аллоҳ сенга шу неъматларни бериб, уни сарфлашга муваффақ қилганини ўзингга эслат.)
Миннат қилувчиларга ибрат бўлиш учун бир ҳикмат:
Ёмғир шаррос қуйиб юборган онда бир одам дўстининг дўконига кириб, шамсиясини омонатга олди. Эртасигаёқ омонатини қайтариб, миннатдорчилигини билдирди. Орадан неча кундир ўтиб, кўчада учрашиб қолганда дўкондор ундан:
– Ўша куни шамсиямни бермаганимда аҳволинг нима бўларди? – деб сўради.
– Нима бўларди, ёмғирда шалоббо бўлиб бўкардим-да, – деди дўст.
Шамсия берган одамнинг феъли ёмон, қилган зиғирдек яхшилигини ҳам тўқмоқ қилиб бошга урадиганлардан эди. Орадан анча кунлар ўтгач, улар яна учрашиб қолдилар.
– Агар ўшанда шамсия бермаганимда ёмғирдан қандай беркинардинг? – деди миннатчи.
Бу ҳол яна ва яна такрорланаверди. У бечора одам шамсия сўраб олганига минг бора пушаймон бўлди. Бир куни улар ҳовуз бўйида учрашиб қолдилар. Яна ўша таъна такрорланди:
– Менга қара, ўша куни шамсия бермаганимда, ҳолинг нима бўларди?
Пушаймон бўлган дўст бу саволга жавоб қайтармай, ўзини ҳовузга ташлади. Сувдан шалоббо бўлиб чиққач, деди:
– Мана бундай бўлардим! Аҳволим бундан баттар бўлмасди! Сен ўзи қандай бадфеъл одамсан?! Инсон дўстига яхшилик қилмайдими? Озгина яхшилигини миннат