Тохир Хабилов

Тенг-тенги билан бахтлидир


Скачать книгу

Шуми инсоф?! Шуми виждон?!

      Сизнинг оилангиз ҳақида гапирмай, ташқарига чиқайлик, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: нима учун кўп келинчаклар “қайнона” деган сўзни эшитишганда ранглари сал бўлса-да ўзгаради, баъзилари чўчиб тушади, айримларининг эса ҳатто ғазабдан лаблари титрай бошлайди. “Келин билан қайнона бир қозонда қайнамас”, деган мақолни келин томон ҳақиқатга айлантирадими ё қайнона томонми? Тўйдан кейин хонадонга муаттар гул уруғлари эмас, душманлик уруғларини ким биринчи бўлиб сепади? Ким тарбия кўрмаган, ким нодонроқ, ким жоҳилроқ бўлса – ўша сепади ва унинг заҳарли мевасини ҳам биринчи бўлиб ўзи тотиб кўради. Мен ажабланаман: яхши ниятлар билан келин олиб, кўзининг оқу қораси бўлмиш суюкли ўғлини унга топшириб қўйиб, энди ўша азиз келин билан ёвлашиб, олишиб юриш оналик фитратига мос тушармикин?

      Можаро бошланганида ҳар бир қайнона албатта ўз келинлик даврини эслаб тилга олади. Ажабки, барча қайноналарнинг келинлик даврлари ғоят азобда ўтган, бугунги келинлар эса ҳаддан ташқари роҳат ва фароғатда яшаяптилар. Хўп, бугунги қайнона келинлик даврида ғам-алам чеккан бўлса чеккандир. Нима, бунга келини айбдорми? Келини роҳатда яшаяпти экан, шундай яшашга ҳаққи йўқми? Бугунги қайнона келинлик даврида тоғора-тоғора кирларни ювиб қўллари қавариб кетган экан, ўша дамларда ҳозиргидай кирювгич машиналар йўқлигига ҳам бугунги келин айбдорми? Таомни газ плитада пиширмай, сиз каби таппи ёқиб пиширса кўнглингиз жойига тушадими? Ундан кўра, “Биз кўрмаган қулайликларни Аллоҳ ёшларга насиб этди, Ўзига шукр”, деганингиз дурустроқ эмасми? Ношукурликдан ким савоб кўрибдики, сиз топсангиз? Тасаввур қилайлик, оиладаги, хусусан ошхонадаги барча қулайликлар бекор қилинди, можаролар тўхтайдими? Асло йўқ. Бошқа баҳонаю сабаблар қайнаб чиқаверади. Демак, қайноналарнинг норизоликларига кир машиналарию, газ плиталари, замонавий дазмоллар сабабчи эмас экан.

      “Тўйимнинг биринчи ҳафтасидаёқ эримдан калтак егандим. Ғазабланган пайтида қамчисидан қон томарди. Ўғлим лапашанг чиқди, отасига ўхшамади, хотини бошига чиқиб олди. Тепиш у ёқда турсин, тилидан “сан” деган сўз чиқмайди. Мен шунга индамай қараб туришим керакми? Ўғлимни тарбия қила олмайманми?” – деб ўйлайсиз. Тўйдан кейин эрингиздан калтак еганингизга ҳам келинингиз айбдорми? Ўғлингиз бу бечорани ҳар куни калтаклаб турса, кўнглингиз жойига тушадими, яйраб-яшнаб яшай бошлайсизми? Келинингиз калтак зарбидан ногирон бўлиб қолса, ўғлингиз қонун олдида жавоб бериб узоқ муддатга қамалади. Сиз шундай “бахт”га зормисиз?

      Баҳслашмайман, сиз келинлик чоғингиз золим эрнинг, тошбағир қайнонанинг жабр-ситамларини хўп тортгансиз. Хизмат ва ҳурмат эвазига улардан ҳақорат ва нафрат кўргансиз. Алам ва ситамларни ичга ютавергансиз. Юрагингиз зардобга тўлган, дилингиз хун-хун бўзлаган. Бирор кимса ёнингизни олмаган, тасалли бермаган, кўнглингизни кўтармаган. Сиз сабр қилгансиз. Кўзлари жавдираб турган ўғилчангизнинг бахтини ўйлаб, сабр қилгансиз ва Аллоҳнинг сабр