ёқда ўғил-қизларингиз ҳам келиннинг хизматидан умидвор бўлиб туришибди. Келинингиз бировининг шимини дазмоллаб, бировининг туфлисини мойлаб бериши, қайнсинглисининг сочларини тараб, турмаклаб қўйиши ҳам керак. Хуллас, барча хонадонларда бўлгани каби тўй олдидаги ширин илинжлар, ҳавойи хаёллар сизга ҳам бегона эмас. Келин тимсолида ўғлингизга бир жуфти ҳалол эмас, хонадонингизга гўёки бир хизматкор, бир “чўри” қабул қилдингиз.
Аммо орадан кўп ўтмай, қат-қат орзуларингиз сароб чиқиб қолди. Не-не умидлар билан, беҳисоб маблағ сарфлаб, катта тўйлар билан олинган келинингиз сиз орзу қилган “олтин” эмас, сиртига олтин суви юритилган “мис” чиқиб қолди. Наздингизда ҳамманинг келини хизматни, ҳурматни, ҳимматни дўндириб қўйяптию, сизники ҳеч нимага улгуролмайди. У танбал, ишёқмас ҳам эмас, қўлини совуқ сувга уришга эринадиганлардан ҳам эмас.
Унда гап нимада? Кечагина хонадонингизга келин бўлиб тушган қиз учун эрининг юмушлари зарурроқ, унинг кўрсатмалари устунроқ туюлади. У шунинг учун аввал эрининг кам-кўстини тўғирлаб, ишга жўнатишга интилади. Оқибатда эса сизнинг юмушларингиз чала қолади. Нариги томонда қайнота мартабасидаги эрингиз “Дастурхонни йиғиб олмайсанларми?!” – деб бақиришга тушади. У кишини тинчитай, деб чопса, бу ёқда қайни, қайнсингиллар тўнғиллашни, ғинғиллашни бошлаб юборишади.
Ҳеч ким “Шу келин бечоранинг биттагина жони бор, эҳтимол шунча одамнинг хизматига улгурмаётгандир, бунинг устига хонадонимизга янги меҳмон, биздаги тартиб-муомалотларни, оила аъзоларининг феъл-атворини ҳали тушуниб олмагандир”, демайди. Ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир қилиғидан нуқсон топади. Оқибатда эса, келиннинг бардоши тугаб, катта можаролар бошланади.
Энди ўзингиз тасаввур қилиб кўринг. Ана шу кўзингизга мўлтираб, илиги қалтираб турган жувон – ўзга бир ота-онанинг ўн саккиз (ёки йигирма) йил мобайнида авайлаб, еру кўкка ишонмай вояга етган суюкли қизи. Улар қизларининг шаъни, иффатини асраш, яхши тарбия бериш, одоб ахлоқини ўнглаш, рўзғор ишларига ўргатиш учун қанча оромидан кечган. “Ўксийди”, “Бировнинг хасми”, “Уйда меҳмон”… деб ҳатто қаттиқ гапирмаган, тергамаган. Сизнинг “Қудачилик – минг йилчилик, ўз қизимдек кўраман”, деган ваъдаларингизга ишониб, қалбининг бир парчасини сизга қўшқўллаб тутган.
18 яшар қиз ҳали тажрибасиз, ғўр, ҳаётнинг паст-баландини билмайди. Эҳтимол, катталарни ҳурмат қилишни ҳам етарли даражада ўрганмагандир. Хонадонингизда йиллар мобайнида таркиб топган тартиб-қоидаларни, анъаналарни балки ҳали тушуниб етмагандир? Оила аъзоларининг табиатини етарли ўрганолмагани сабабли кўнгилларига йўл тополмаётгандир. Шундай экан, нега сиз бағрикенглик қилиб, раҳм-шафқат кўрсатиб, яхши гапириб, алқаб ва ҳатто салгина алдаб, айланиб-ўргилиб йўлингизга сололмайсиз?
Хўп, у хато қилибди, адашибди. Бирор юмушни сиз айтгандай, сиз хоҳлагандай қилмабди. Бундан қиёмат қоим бўлмагандир? Ахир сиз ҳам қирққа (элликка ёки олтмишга) кириб энди тажриба орттирдингиз, ҳозирги