униси ҳам, буниси ҳам ёқмайди, тўғрими? Лекин иккови ҳам касаллик эмас. Секин ҳаракат қиладиган келинни ялқовликда айблаб, турткилайверсангиз, ўчакишиб, ростданам дангасаликни касб қилиб олади. Шунинг учун ҳар икки ҳолда ҳам уларни ширин сўзларингиз билан йўлга солинг. Тез ҳаракат қиладиган келинни батартиб ишлашга ўргатиш осонроқ. Лекин имиллайдиганини тезлатишингиз қийинроқ бўлади. Демак, бу борада сиздан сабр талаб қилинади.
Баъзи хонадонлар икки ёки уч-тўрт келин тушириш бахтига муяссар бўлганлар. Келинлар ўзаро иттифоқликда яшаётган бўлсалар, бу қайнонанинг хизмати ва шу хайрли хизмати эвазига эришган саодати. Айрим қайноналар атайин эмас, ўзлари билмаган ҳолда келинлар орасидаги яхши муносабатни бузиб қўядилар. Баъзилари ўзига яқин олган келин билан ўтириб, бошқаларини ғийбат қилади, бирини иккинчисига ёмонлайди. Бу ниҳоятда ёмон одат. Айрим қайноналар эса бир келиннинг хизматини иккинчисига таққослайди. “Фалончи овсинингизга ўхшаб чаққон-чаққон ҳаракат қилсангиз бўлмайдими?” деб қўядилар. Бунақа гапни кўпчилик орасида ҳам айтиб юборадилар. Фақат келинлар эмас, куёвлар ҳам бир-бирига таққосланса камситилган томоннинг кўнгли оғрийди. “Хизматни чаққон келин қилаверсин”, деб ўчакиша бошлайди. Келиннинг хизматига баҳо беришда, чаққонликка ўргатишда бировдан ўрнак олишга даъват этмай, “Жон қизим, дард кўрманг, онангиз барака топсинлар, ҳамма ишларингиз ажойиб, фақат тезроқ бажарсангиз, ўзингизга ҳам яхши…” деганга ўхшаш ширин гаплар билан тарбия қилсангиз, муддаога етишингиз шубҳасиз. Келинга хонадондаги барчанинг бири олиб, бири қўйиб иш ўргатавериши ҳам яхши эмас. Ақл ўргатувчиси кўп бўлган ишдан фойда чиқмайди.
Қайноналарнинг спиртли ичимликлар ичиши. Сигарет тутатиши бизда кам учрайдиган ҳолат. Европаликларда қайнона-келиннинг қадаҳ уриштириб ичиши, чекиши одатий манзара. Бизда эса ниҳоят даражадаги шармандали, кечириб бўлмайдиган ҳол! Шунга қарамай, зиёфат дастурхони атрофида ичадиган аёлларни учратиш мумкин. Умид шуки, сиз ундайлардан эмассиз. Агар даврадагиларнинг кўнгли учун бир-икки қултум ичса зарари йўқ, дейдиганлардан бўлсангиз, бу ёмонликдан дарров қайтинг. Тўйга ёки қариндошларникига борганингизда дастурхонга спиртли ичимлик қўйилган бўлса, келинингизни бу ердан нари қилиш чорасини топинг. Агар келинингиз сизни бир қултум ичганингизни кўрса ҳам, кейин “Келиним мени ҳурмат қилмайди”, деб нолиманг. Айб келинингизда эмас. Бу ҳурматсизликни ўзингиз арзон-гаровга сотиб олгансиз. Бу ҳурматни тиклаш ниҳоятда қийин бўлади, шу боис нафсингизни тийинг, аввало ўзингизни тарбия қилинг, қадамингизни билиб босинг.
Ўзбекистон телевидениесининг дастлабки дикторларидан бири Насиба опа Иброҳимова қизиқ бир воқеани айтиб берган эдилар. Хориждан келган аёллар оёқларини чалиштириб олиб лабларига сигарет қистириб, Насиба опага ҳам узатишибди. Улар бу ишларини маданиятдан ҳисоблашади. Чекмайдиган ўзбек аёлини эса қолоқ дейишлари мумкинлигини эътиборга олиб, опа “Чекмайман, яқинда ташладим”, дегач, улар “Жуда иродали