– деди меҳрибонлик билан.
Иброҳим алайҳиссалом бу илтифотни рад этолмай, бир оёқларини тосга солдилар. Келин сув қуйиб, оёқни ювди. Кейин иккинчи оёқларига тосни тутди. Иброҳим алайҳиссалом, эгилдилар-да, одобли, чиройли келинларининг бошини ўпдилар. Хуш ахлоқли келинларидан ниҳоятда мамнун бўлдилар. Тўнғич ўғиллари, кўзларининг нури Исмоилни бир вақтлар қурбон қилиш учун ерга ётқизиб, бўйнига пичоқ теккизганларини эсладилар ва суюкли фарзандлари одобли, хушфеъл қизга уйланганидан Жаноби Ҳаққа шукроналар айтдилар. Уйга кириб, кўзлари меҳр билан чақнаб, бетлари кулиб турган келинлари дастурхонга қўйган таомни еб, “Ё Раббий! Шу чўли-биёбонда фарзандим ва зурриётимни қолдирдим. Уларга яхши, тотли ризқлар бергин!”– деб дуо қилдилар. Одобли келинларига ташаккур айтиб, кетиш олдидан келинларига дедилар:
– Мендан хожангга кўпдан-кўп салом айт. Уйнинг остонасини яхшилаб муҳофаза қилсин, қўриқласин.
Ҳазрати Исмоил алайҳиссалом кўп ўтмай овдан қайтдилар. Уйдаги ёқимли ҳидни ҳис этдилар ва хонимларидан: “Биров келдими?” – деб сўрадилар.
– Ҳа, нуроний кекса бир отахон келдилар. Сизга кўпдан-кўп салом айтдилар. Қаранг, мана бу тосга аввал ўнг оёқларини қўйдилар. Зийракроқ боқинг: оёқларининг изи турибди. Қайтар маҳалларида: “Эрингиз уйнинг остонасини яхшилаб муҳофаза қилсин”, дедилар.
Бу хушхабарни эшитиб, Исмоил алайҳиссалом қувондилар. Фақат оталарининг нур ёғилиб турган юзларини кўролмай қолганларидан афсусландилар.
– Эй, менинг хушфеъл, меҳмондўст, яхшилик қилишни яхши кўрувчи хотиним! Келган нуроний юзли қария менинг меҳрибон отам Иброҳим пайғамбардир. Уйнинг остонаси эса – сенсан. Отам сендан жуда мамнун бўлганлари учун менга шундай вазифани юклаб кетибдилар.
Келинпошша, ишонаманки, мазкур ривоятдаги “Уйнинг остонасини алмаштирсин” ва “Остонасини қўриқласин”, деган ҳикматли амрдан тўғри хулоса чиқариб, унга амал қиласиз ва қайнота ҳамда қайнонангизнинг дуоларини оласиз. Бу шундай бир ҳақиқатдирки, ҳолига шукр этмаган, эрига ва унинг яқинларига ҳурмат кўрсатмаган хотин қанчалик гўзал бўлмасин, оилага ҳузурҳаловат ва бахт келтира олмайди. Бахтиёр этмоқ учун хотин фаросатли ва яхши тарбия кўрган бўлиши ҳамда ўз ақл-идроки ила эрини ва унинг қариндошларини қадр-қимматини эъзозлаши зарур.
Хушфеъллик инсонни Жаннатга олиб борадиган фазилат. Бу дунёда ҳам Жаннат ҳаётида яшашга имкон яратади. Чунки ҳаловатли оила гўшаси ҳам Жаннат ҳаётининг бир туридир. Жаннатдаги ҳаётни фақат ва фақат иноқ ва ҳаловатли оила гўшасида топиш мумкин.
Ўзбек тили ниҳоятда бой ва жозибали тил. Сўздаги бир ҳарф (бир товуш) алмаштирилса, маъно тескарисига ўзгаради. Бунга ўзингиз ҳам эътибор бергандирсиз: “Диёнат”даги биринчи “Д” ҳарфи ўрнига “Х” ҳарфини ёзсак – “Хиёнат”га айланади. “Ҳаловат”даги “В” ўрнига “К” ҳарфини ёзсак-чи? “Ҳалокат” деб ўқиймиз. Ёзувда битта ҳарфни алмаштириш осон. Ҳаётда эса диёнатдан хиёнатга, ҳаловатдан ҳалокатга ўтиш ҳам осон. Одам “Иймон”, “Виждон” ва иймонга бўйсунувчи “Ақл”