бу оғир жараён, лекин янги оилада ҳузур ва ҳаловат истасангиз, ўзгаришни пайсалга солмай, тезлик билан ўзингизни ўзингиз тарбия қилишингиз шарт.
Биласиз, атрофингизда яхшилар ҳам бор, ёмонлар ҳам бор. Яхшилар даврасига интилганингиз аъло фазилат. Аммо ёмонлардан қочиб қутулиш жуда қийин. Улар бало сояси каби ёпишиб олса, уни даф этишга кучингиз етармикин? Айниқса сизнинг аҳил оилангизни кўролмай фитна тўрини тўқийдиганлардан эҳтиёт бўлишингиз керак. Эрингизнинг қўшнилари ёки қариндошлари орасида ғаразгўйлар бўлиши мумкин. “Бу уйда қачон жанжал бошланаркин, қачон келин уйига кетиб қоларкин?” деб кутадиган қоракўнгиллилар ҳам бор. Қўшнисининг ёки амакисининг келини уйига кетиб қолса қувонадиган нодонлар бор. Энг ёмони – фариштали аҳил оилани бузишга интилувчилар учрайди. Аҳмад Дониш айтган эканларким: «Агар келин-куёв бировларнинг гапларига, фисқу фасодларига кирар эканлар, уларнинг ширин турмушлари бузилади, ораларига совуқлик тушади».
Сизга ибрат бўлиши учун бир ҳикоятни баён қилай:
Ёши ўттиздан ошган бир кишининг хотини вафот этгач, ўзидан ўн ёш кичик қизга уйланди. Бу одам ўзининг чиройли хулқи, одоби туфайли барчанинг ҳурматига сазовор бўлган эди. Келинчак ҳам унинг шу фазилатларидан мамнун бўлди. Ёш оила ҳавас қиладиган даражада аҳил эди. Келинчак эрининг насиҳатига амал қилиб, қўшнилар билан яхши муносабат ўрнатди. Лекин ҳар маҳаллада бўлганидай, уларнинг қўшнилари орасида ҳам ҳасадгўй, фитначи хотин бор эди. Бировларнинг ширин турмушини кўролмайдиган бу хотин келинчакни ҳар кўрганида уни йўлдан уришга интиларди:
– Сингилжоним, сиз жуда ёшсиз, жуда гўзалсиз. Ўттиздан ошиб ўтин бўлиб қолаётган одамга тегиб адашгансиз. Сиз ўзингиз каби ёш, ўктам йигитга тегишингиз керак эди. Сиз қаримсиқ эрнинг чўриси бўлмай, шаҳзода йигитнинг маликаси бўлиб, дунё кезиб, энг зўр курортларда мазза қилиб дам олиб юришга арзийдиган лобарсиз…
Келинчак аввалига бу гаплардан қўрқди. Хотинни ҳайдаб чиқаришга журъат этмаса-да, “Мен хўжайинимдан жуда мамнунман, феълларини, ахлоқларини севаман”, деб эътироз билдирди. Лекин ғаразчи бўш келмади. Унинг фитналари аста-секин таъсир эта бошлади. Ёш хотинининг хатти-ҳаракатида ўзгариш бошланганини сезган эр, уни буровга олмади, балки насиҳат билан йўлга солмоқчи бўлди. Фитначи эса “Уйдаги қимматли ашёларни бир-бир сотсанг, хўжайинингга ёмон кўриниб қоласан, ундан ажралишинг осон бўлади”, деб ўргатди. Келинчак эрининг эмас, ғаразчининг насиҳатларини қулоғига олди. Эр уйдан қимматли нарсалар йўқолаётганини билса ҳам, “Жонинг соғ бўлсин, янгисини олармиз”, дейиш билан чекланди.
Бир куни келинчак ошхонада турувчи сопол кўзани ахлатга отди. Буни билган эр “Аттанг, аттанг!” деб кўзига ёш олди. Келинчак бундан ажабланиб:
“Қимматбаҳо нарсалар йўқолганида парво ҳам қилмадингиз, эски кўзага нима учун ачиняпсиз?” – деб сўради. “Бу кўза бобом билан бувимдан мерос эди. Қийинчилик йилларида шу кўзада ун сақлашган экан. Сиз кўзани эмас, хотирани ахлатга отибсиз”, деганида