Тохир Хабилов

Тенг-тенги билан бахтлидир


Скачать книгу

бурчлари қандай бўлса, қўшнининг қўшни олдидаги бурчи ҳам ўшандай даражададир. “Қўшнинг ёмон бўлса кўчиб қутуласан”, деган мақолни эшитгансиз. Лекин қўшним ёмон экан, деб тинмай кўчиб юрилаверилмайди. Чунки кўчиб борган жойида ҳам албатта биттами ё иккитами ёмон қўшнига учрайди. Шундай экан, дардни ичга ютиб, жаҳаннам азобида яшайверишдан ўзга чора қолмайди. Қандайдир ҳолатларда эса муроса қилишга ҳам тўғри келади. Мазкур мақол кимдир томонидан шунчаки тўқилмаган, у шарафли ҳадис асосида айтилган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қилиб юрадиган дуоларидан бири бундай бўлган: “Э Аллоҳ! Мен яшайдиган ердаги ёмон қўшнининг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман. Чунки фоний дунёдаги ёмон қўшнидан кўчибгина қутулиш мумкин”. Ёмон қўшнининг ёмонлиги ҳамиша бўлавермаса ҳам, ёмонлиги бўлиб қолишидан чўчиб яшашнинг ўзи ҳам катта азиятдир.

      Халқимизда “Қўшнинг тинч – сен тинч”, деган мақол бор. Бу ҳикматнинг мазмуни ойдек равшан, мулоҳазага ўрин йўқдек кўринади. Лекин “Қўшнинг тинч бўлмоғи учун ўзинг нима қилишинг керак?” деган савол қўйилса, ҳар бир одам ўйланиб қолади. Қадим-қадимдан қўшничилик муаммоси донишмандлар диққат-эътиборида бўлган. Ҳозиргина эслаганим мақол бекорга вужудга келмаган: қўшнинг тинч – сен тинч! Бу демак, агар сен осойишталигингни истасанг, аввал Қўшнингни осойишталик билан таъминла. Аввал ўзингни эмас, қўшнингни ўйла, дейилмоқчи. Бу мақол замирида одамларни биродарликка, меҳр-оқибатли бўлишга ундаш ётади. Оилада ота-онасига, акалари-укаларига меҳрли бўлиб улғайган одам, шубҳасиз, қўшнига ҳам меҳрли бўлади. Ота ва онасини беҳурмат қилувчи одам қўшнини ҳам сариқ чақага олмайди.

      Ёмон қўшнидан қутулишнинг йўлларидан бири – ҳар бир одамнинг ўзи яхши қўшни бўлишга ҳаракат қилиши керак. Яъни, бировга қилинажак ёмонлик ҳам, яхшилик ҳам қўшнидан бошланади. Ҳатто Ватанни сотиш ҳам қўшнини сотишдан бошланади. Қўшнисини ёмонлаб имзосиз хатлар ёзадиган одам Ватанини сотмайди, деб ким кафолат беради? “Қўшнингга қасд этма, баст эт” (баст – қувонтириш маъносида) деган ҳикматга барча бирдай амал қилганда эди… Набий муҳтарамдан (с.а.в.) сўрадилар: “Э Расулуллоҳ! Фалончи хотин кечалари туриб ибодат қилади. Кундузлари рўза тутади ва одамларга хайр-эҳсон улашади ва бошқа яхши ишларни ҳам қилади. Лекин қўшниларига тили билан озор беради. Бунинг оқибати қандай бўлади?” Расулуллоҳ (с.а.в) жавоб бердилар: “Бу хотинда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир”. Яна сўрадилар: “Фалоний хотин фарз намозларини ўқийди ва борини, арзимас бўлса ҳам, садақа қилади. Шу билан бирга у ҳеч кимга озор бермайди”. Аллоҳнинг расули (с.а.в.) жавоб бердилар: “Бу хотин жаннат аҳлидандир”.

      Мазкур шарафли ҳадисни ўқигач, ён-атрофдаги қўшнилар орасида озор берувчи хотинларни кўз олдингизга келтириб, уларнинг бўлажак қисматига ачингандирсиз? Ачинганингиз яхши, лекин Аллоҳ таолога ёлбориб бундайларни ислоҳ қилишини сўрасангиз, янада яхши. Ундан ҳам яхшироғи – ўзингизни дўзахилар сафига тушиб қолишдан асрашингиз.

      Ўзига