бўлмаса, эрингизни ишга солиб, ҳовли этагидан кир ўра қаздиринг. Мағзава, ювиндиларни шу ўрага тўкинг. Қўшни тенгдошларингизни ҳам шунга ўргатинг. Чинакам озодалик, маданият шу каби ҳаракатлардан бошланади.
Еб-ичиш – гуноҳ эмас. Исроф қилиш гуноҳ. Афсуски, баъзи кишилар ебичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб биладилар. Бизда “озиқ-овқатни исроф қилиш” деганда емай, ташлаб юборишни тушунадилар. Бу аслида тўғри, аммо керагидан ортиқ ейиш ҳам исрофдир.
Саховат мақтовга сазовор хулқ. Саховат исрофгарчилик ва хасислик ўртасида турган бир фазилатдир. Аллоҳ таоло бундай фазилатли кишиларни мақтаб дейди: “Улар инфоқ-эҳсон қилган вақтларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, балки эҳсонлари ана ўша хасислик билан исрофнинг ўртасида мўътадил бўлур” (Фурқон сурасидан).
Келинпошша, хафа бўлманг-у, кўп учрайдиган бир ёмон одат сизда ҳам бор. Аслида буни шунчаки “ёмон одат” эмас, “гуноҳ” десак тўғрироқ бўларди. Афсуски, неча минглаб одамлар каби сиз ҳам бу одатларингизни гуноҳ деб билмайсиз. Бу гуноҳ баъзан лоқайдлик, баъзан эса эринчоқликдан келиб чиқади. Майли, гапни кўпайтирмай, гуноҳга олиб борувчи ярамас одатларингизни баён қилай:
Уйингизда электр чироқни ёқиб-ўчирувчи мослама бор. Уни “ёққич” деб номлаганмиз. Бу мосламани кўпроқ чироқни ёқиш учун ишга соласиз. Уни кераксиз пайтида ўчириб қўйишни ё унутасиз, ё эринасиз. Айниқса, ошхона ва ҳожатхона чироқлари бекордан-бекорга ёниб тураверади. Телевизорни биров кўрмаса-да, ишлаб туради (Бунга фақат сиз эмас, оиланинг бошқа аъзолари ҳам айбдор). Чин дилдан айтинг-чи, баъзан чироқ ўчиб қолса юрагингиз сиқилиб кетадими? Дазмолни вақтида қилолмай, эрингиздан гап эшитасиз, кирингизни ҳам юволмай қийналасиз, тўғрими? Ана шунда электр қувватини бекорга исроф қилганингизга ачинасизми ё йўқми? Сувни ҳам бекордан-бекорга оқизиб қўясиз, а? Сув тўхтаб қолган куни челак кўтариб кўчага чиққанингизда ўша гуноҳингизни ёдга оласизми ё йўқми? Ярим литрли чойнакка чой дамлаш учун уч литрли човгумни сувга тўлдириб газга қўясиз. Икки ярим литр сув бекорга қайнайди. Демак, уни қайнатишга ортиқча газ исроф бўлдими? Ундан ташқари, газни ўчириб-ёқишга эриниб, пастлатиб қўя қоласиз. Газ соатлаб ёниб ётади. Баъзан човгум эриб ҳам кетади, а? Газ келмай қолса, уйингиз исимаса, қозондаги овқатингиз чала пишганича қолса, буни газни исроф қилганингиз учун берилган кичик жазо ўрнида қабул қиласизми ё йўқми?
Бу масалаларда эрингиз ёки қайнотангиз танбеҳ беришса, балки ғашингиз келар? “Битта лампочканинг ёниб туришига шунчаликми?” деб уларни хасисликда айбларсиз? Бу ҳолда билингки, гап неъматлардан фойдаланганлик учун тўланадиган пулдагина эмас. “Бели оғримаганнинг нон ейишига боқ”, деган мақолни эшитгандирсиз? Буни маломат ёки миннат ўрнида қабул қилманг. Фикр қилингки, шу битта лампочканинг бекорга ёниб тургани учун юз сўм тўланди. Бу исроф бир соат ёки бир кун билан чекланса, кечириш мумкин. Лекин ўн кунда, бир йилда… қанча бўлади? Шу пулни ҳавога совурмасдан керакли нарсага ишлатган