рўйхатига тушганимдаёқ мубтало бўлгандирман ишққа? Бизнинг ҳали яралмаган ишқимиз дунёга чорлагандир иккимизни, учрашганимиз-да шунинг учундир…
Нима бўлганда ҳам, Аллоҳнинг марҳамати, шафқати бу. Бўлмаса асл муҳаббатни ҳамиша ҳижронга, армонга ҳукм қилиб-қилиб, бизга келганда ҳам асл туйғулар, гўзал бахту васллар инъом этиб қўярмиди!..
Маҳбубим…
Астағфируллоҳ! Ўз гапимдан ўзим чақилиб кетдим. Бу куфрлигим, бу мақтанчоқлигим учун афв тиланаман. Ўз севгимга, ўз бахтимга ўзимнинг кўзим тегиб қолади-ку бунақада. Ундан кўра меҳрибон Эгамга раҳмат айтмоғим, ҳамиша шундай марҳаматли ва шафқатли бўлишини ўтинмоғим лозим эмасми? Ахир… ахир ҳижрон умрнинг энг сўнгги лаҳзаларида, ҳатто мангу кўз юмгандан кейин келса ҳам даҳшатли. Унинг бир қатраси бир уммон, азоб билан заҳарланган уммон!
Ҳа, ҳа, мен аразлашиб қолган пайтларимизда ўзимиз қасддан ўртага ташлайдиган ёхуд вазият юзасидан пайдо бўлиб, соғинчларимиз эвазига орадан кўтарилиб кетадиган муддатларни айтяпман.
Ҳолбуки, инсон эртагагина эмас, бир неча лаҳзадан кейин ҳам тақдири қандай кечажагини билмайди. Шу муваққат ва омонат умримни сиз билан, сизнинг меҳрингиз билан ўтказаётганимдан жуда мамнун ҳамда ризоман.
Муҳаббат – имтиҳондир, туйғулари унинг синовлари. Бу имтиҳондан қандай ўтаётганимизни, бу синовларнинг қанчасини ўтказганимизни билмайман. Лекин… юқорида айтганим заҳар икки кўнгил ўртасидаги садоқат кўпригида турган ишқ лабига томмаслигига ишонгим келади. Ахир бизнинг севги гўдакдай бокира, маъсум, ҳалол… Айтинг-чи, маҳбубим, гўдакда айб бўладими, айбсиз гўдакни маҳв этиб бўладими?!
Маҳбубим…
Нафақат маҳбубим, дўстим, сирдошим, суянчим, қалбимнинг ярмигина эмас, бус-бутунлигича қалбим!..
Бизгача муҳаббат бўлган, биздан кейин ҳам бўлаверади. Бизгача бу дунё, бу ҳаёт бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Аммо биз кетсак, биз билан дунёимиз кетади, кўнглимиз, кечмишларимиз, севгимиз кетади.
Маҳбубим, бизнинг бу дунёимиздан, севгимиздан шу дунёимизни, шу севгимизни яратган, соҳибига айланган инсон кетса-чи? Кимга, нимага ўхшаб қоларкинмиз?.. Эгасиз уйгами, қаровсиз гулгами, қуёшсиз осмонгами? Буларга айланиб қолмаслик учун меҳр беришдан тўхтамасликкина эмас, сустлашмаслик ҳам лозим экан.
Сохта меҳр кўпинча сўзда, асл меҳр доимо кўзда!
Кўзларимиз ҳамиша шивирлашиб туришсин:
“Мен сени жуда яхши кўраман…”
“Мен ҳам сизни…”
Тарихдан ибрат:
Қадимги Рим императори Юлий Цезар ўзига итоат қилмаган Сабиний деган сенаторини зиндонга ташлайди. Бу ҳам камлик қилиб, унинг хотинини ҳам зиндонбанд этади. Епонина исмли бу садоқатли аёл тўққиз йил давомида эри билан биргаликда қоронғу зиндон азобларини тортади. Шунча йил давом этган азобларга қарамай, бўйсунишни истамаган сенаторни ва унинг садоқатли ёрини император энди ўлимга ҳукм қилади. Мағрур ва вафодор Епонина севгисига хиёнат қилмай, эрига қўшилиб ажал шаробини ичади. У ўлими олдидан