қилишингизда асқатади.
Бу воқеа ўтган асрларда қишлоқда содир бўлган. Жуда хушфеъл, вазмин, сабр-қаноатли эрнинг хотини яхши тарбия олмаган, эр қадрини билмайдиган, уй-рўзғор ишларидан бехабар, исрофгар аёл эди. Эр дастлаб хотиннинг ёмонликларига чидаб, уни тарбия қилмоққа уринди. Аммо хотин унинг танбеҳларига, насиҳатларига қулоқ солмас эди. Қўпол гапириш ёки сўкишга эрнинг одоби йўл қўймас эди. “Хоним, тежамли, тутумли рўзғор юритинг, мен кўп чарчаяпман, аввалги куч-қувватим қолмаяпти”, деган гаплари ҳам ҳавога учаверди.
Бир куни эр ҳаво совуқ бўлгани учун далага чиқмади. Қараса, кеча тоғдан териб келган ўтинни хотини даста-даста қилиб ўчоққа тиқиб ёқяпти.
– Эй хоним, нима қиляпсиз ўзи!? Шунча ҳам ўтин ёқиладими? Бир ҳафтага етарли ўтин териб келганман, сал аяброқ ёқинг, – деди эр норози оҳангда.
– Нима қилай, кам ёқсам овқат пишмайди, уй исимайди, – деб ўзини оқлади хотин.
Эр жанжал чиқмасин, деб гапдан тийила қолди. Хотин эса ўтинни исроф қилиб ёқаверди. Орадан кўп вақт ўтмай, эр хасталанди-ю, тоғдан ўтин кесиб келиш хотиннинг ўзига қолди. Хотин ўтинни келтириши билан эр ўрнидан туриб ўчоққа ўт қалади. Эрнинг ўтинни даста-даста қилиб ўчоққа тиқаётганини кўрган хотиннинг кўзлари олайиб кетди:
– Сиз қандай ноинсоф одамсиз! Нима қиляпсиз? Ўтинни кесгунча қўлларим қавариб кетди, орқалаб келгунимча елкам шилиниб, яра бўлди. Аяб ёқинг, менга раҳмингиз келсин, – деб нолиди.
– Яхши хоним, сиз ранжиманг, бармоқдай ўтинни ҳам бекорга ёқмайман, – деб эр бошқа сўз айтмай, хотинини тинчитди.
Эр доно бўлгани сабабли боболардан қолган: “Минг насиҳатдан бир машаққат, мусибат яхши”, “Одамга минг ўгит бергандан, қийинчилик тезроқ ақл киргизади”, “Насиҳат билан тузалмаганнинг ҳаққи азобдир”, деган ҳикматларига амал қилган эди.
Хотин бўлса қобилу ақли расо,
Эрин шоҳ этар, гарчи бўлса гадо (Саъдий Шерозий).
Келинпошша, эрингизни қай усулда ўзингизга ром этмоқчисиз? Ҳуснингиз биланми? Бу камлик қилади. Ҳусн узоқ вақт ҳукмронлик қила олмайди. Уй ишларидаги ғайратингиз биланми? Бу ҳам тўғри йўл, лекин асосий омил эмас. Отангизнинг бойлиги ёки мавқеи биланми? Бу энг нотўғри ва ҳалокатли йўл.
Ақлингиз-фаросатингиз биланми?
Баракалла, энг тўғри йўл шу. Оиланинг нечоғли бахтли-саодатли бўлишини сиздаги ақлнинг даражаси ҳал қилади. Ақлингиз биринчи навбатда тилингиздан учаётган сўзларда намоён бўлади. Эрга бемаъни гаплар айтиш ёки бемаъни талаблар қўйиш ёки ноўрин рашк туфайли жанжал кўтариш – ақлдан эмас. Аксинча, ширин сўзлик, талаблардан ўзни тийиш, эрни кечира олиш – ақлнинг гўзал меваларидир. Энг гўзал аёлнинг оғзидан чиқадиган сўзлар билан хунуклашиб кетиши ёки энг хунук аёлнинг оғзидан чиқадиган сўзлари билан эрнинг диққатини ўзига тортиши исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир.
Сизга ибрат бўлсин учун турк султонлари ҳаётидан бир хайрли воқеани баён қилай. Қрим хони Русия билан