Аксинча, кўз-кўзга тушиб турса, меҳр-муҳаббат туйғуси сўнмаса, номаҳрам назарни енгишга хизмат қилса нега қоралашимиз керак? Ўз эри билан телефон орқали ширин суҳбат қуришнинг уятли томони ҳам йўқ. Шунинг учун қайноналар “Бунча кўп гаплашасиз!” деб маломат тошлари отмаганлари маъқул.
Демак, ҳозирги аёлларга осон экан, мавзуга қайтиб, сўрайман: у замондачи? Бирдан-бир юпанч мактуб бўлган. Мусофирликдаги эр мактуб йўллар бўлса, неча ҳафта ёки ойлардан сўнг етиб келган. Аёлники ҳам шундай. Йўлларда йўқолган мактублар сони қанчалигини ҳеч ким ҳисоблаб кўрмаган. Эридан мактуб кутиб, нигорон кўзлардан оққан ёш томчилари ҳам ҳисобсиз. Баён қилаётганим воқеада малика Хуррам жангу жадалга кетган эрига доимий равишда севги мактубларини йўллаб турган. Султоннинг бошқа хотинлари ва жориялар намозларида дуо йўллаб турганлар, лекин бу дуолар султоннинг жонини омон сақлашда асқатса-да, унинг қулоғига етиб бормайди. Мактублар дуоларнинг ўрнини босмаса-да, султоннинг маликага бўлган меҳр-муҳаббатини банд этиб туришга қодир.
Хуррамнинг ўша мактублари йўқолиб кетмаган, Туркиянинг тарих музейида сақланади ва тарихчи олимлар уларни ҳанузгача ўрганадилар, таҳлил қиладилар. Айрим сатрларига эътибор беринг:
“Кўзларимнинг нури, саодатим сармояси, сирларимни биладиган, ғамли кўнглимнинг роҳати, ярали руҳимнинг малҳами, кўнглим тахтининг султони…”
“Менинг давлатим, менинг султоним…”
“Менинг Юсуф юзлигим, сўзлари шакарим, латиф султоним. Тангри эшигига юзимни супурги қилиб, бу ҳижронга барҳам беришини, тез орада муборак юзингизни кўрсатишини шундай ёлбораманки… Агар денгизлар сиёҳ, барча дарахтлар қалам бўлса ҳам бу айрилиқ азобини ёзиб тугата олишмайди…”
Султон ва маликанинг бу ёниқ ишқи қирқ йил, то Хуррамнинг вафотига қадар давом этган.
Бундай мисолларни ўзимиздан ҳам келтиришим мумкин. Мазкур китобни охирига қадар ўқисангиз, бадиий асарлардан саҳифалар илова қилиш ниятим бор. Бу саҳифаларда Отабек ва Кумушнинг мактубларини ўқиб, ўзингизга хулоса чиқариб олишингизга ишонаман.
Унга қадар эса… сиз учун кутилмаган совғам бор. Сиз каби оила қуриб, ўғилчаси ва эри билан бахтиёр яшаётган, ғоятда истеъдодли адиба синглимиз Ирода Эргаш (Умарова)нинг ижодидан бир шингил намунани эътиборингизга ҳавола қиламан. Ишонаманки, қалб саҳифасига ёзилган бу мактуб, тош юракларни ҳам эритиб юборишга қодир:
Маҳбубим…
Бу дунёда муҳаббатдай кўҳна туйғу бормикин? Ахир, илк инсон – Одам Ато илоҳий уйқудан туриши ила қобирғасидан яратилган хилқат – Момо Ҳавони кўрган онида юрагида туйган туйғу энг гўзал эҳтиёж эмасмиди?! Йўқ, мен адашдим, Одам Ато кўз очиб фазони кўрган кезлари ул илк бор ва вақтинча ёлғиз инсоннинг юрагини титратган дард – Ёлғизлик бўлгандир. Аллоҳим бул дарднинг давоси ўлароқ ёр ва муҳаббатни инъом этгандир…
Маҳбубим…
Таърифи қийинлар учун энг аъло таъриф шу – “қийин”лигида бўлса керак. Мен