Ўндер Меҳмет

Мавлоно


Скачать книгу

дейиш ила илк шайхи сават тўқувчи Абу Бакр эканини ифода этган.

      Маълум бир муддатдан сўнг шайх хонақоси ҳамда Табризни тарк этиб, шаҳарма-шаҳар кезган Шамс энди бундан кейин ҳеч кимга маҳрам бўлмай, бирор-бир шайхга боғлана олмай қолган эди. Унинг ўзига ишонган, ҳар кимни ҳам ёқтиравермайдиган ажабтовур мағрур феъл-атвори бор эди. Бир инсондан баҳс юритилганда:

      – Кеча онасининг қорнидан чиқиб, бугун ломаконни идрок этиш ўрнига Тангриликни даъво қилгай. Тангри муқаллидларидан толиқдим, бездим… Бир одамни танийман, фалон шайхнинг номини, шуҳратини эшитиб, олис йўл юриб, уни кўришга келгай. Шайх ундан нега келганини сўрайди, у эса Тангрини излаш мақсадида келганини айтади. Шайх унга Тангрининг самоларда ҳукм сураётгани, самовий кемаларини юритаётганини айтгач, бечора йўловчи ўрнидан туриб ортга қайтгай ва ушбу шайхни ортиқча синаб кўришни лозим топмагай, – дейди. Бу сўзлар билан у ўзини эътиборга олаётгани маълум. Тағин айтмоқда эдики:

      – Барча ўзидан, шайхидан сўз юритгай, унга нисбат иддао этиб, ҳақиқат йўлида ўзига бир ришта қургай. Ҳолбуки, бизга шахсан Тангри Расули маъно оламида хирқа кийдирди. Бу хирқа икки кунда эскириб-тўзийдиган, йиртилиб чирийдиган, гулханларга отиладиган хирқалардан эмас… Бу шундай бир суҳбат ва ҳақиқат хирқасидирки, у замон ва макондан ташқаридадир. Зеро, ишқда замон ва маконнинг чегараси йўқ…

      ШАМС ТАНИЛМОҚДАН ҚЎРҚМОҚДА, ЙЎҚЛИККА ЙЎЛ ОЛМОҚДА ЭДИ

      Бу сўзлари билан Шамс таг-тугининг тайини йўқ, сафсаталар орқали шайхни таъриф этганларни назарда тутмоқда, аслида бу сафсаталарнинг чиндан ҳам куракда турмайдиган лофлар эканини ифодаламоқда эди. Унинг наздида ҳақиқатга лоф билан, ҳатто илм билан ҳам етиб бўлмайди. Илоҳий висолга фақатгина шариатга амал қилиш, мезонларга бош эгиш, етук бир муршиднинг, йўл кўрсатувчининг тарбияти остига кириш, ишқ билан, муҳаббат билан йўл олиш орқали етиш мумкин эди. Шунинг учун ҳам у файласуфларга эътироз билдирарди:

      – Шўрлик файласуф ўн хил ақл бор, улар бутун коинотни қоплаб олган, дейди. Кейин эса ҳеч бир ақлнинг ҳақиқатни топа олмаслигини англаб, каловланиб бошини қашийди, бироқ тағин бундан сабоқ олмайди…

      Шамс илоҳийни, билимни, ҳатто мингларча йил таҳсил олинса-да, ўрганиб бўлмаслигини, ҳеч бир билимнинг Оллоҳ вуслати қўлга киритилган файзга тенг бўла олмаслигини сўйлар, бу ҳикмат ва ҳақиқат манбаини кўнгилдан, яъни шубҳа ва гумонлардан холи соф кўнгиллардан излар эди. Дердики:

      – Ҳамма нарса инсонга фидодир, инсон эса ўзига, ўз ҳақиқатига фидо… Оллоҳ кўкларни ва аршни эмас, башарни улуғлаганидан хабар беради. Аршга борсанг ҳам, унинг устига чиқсанг ҳам фойда йўқ… Шунингдек, етти қават ер остини кечиб ўтсанг ҳам бефойдадир. Кўнгилга кирмоқ, кўнгил соҳибига ёр бўлмоқ лозим. Барча пайғамбарларнинг аъмоли кўнгилдир. Ва инсон ўзини билгачгина, ҳамма нарсани билгай.

      Шамсга кўра қуллик – кўнгил қуллигидир. Хизмат – кўнгил хизматидир. Бу эса инсоннинг Тангрида ғарқ бўлишидир. Шариат эса бу ғарқ бўлишнинг тамал тошидир.