Ўндер Меҳмет

Мавлоно


Скачать книгу

шайхимдан менга кўчган маънони энди сен мендан олгайсан. Бугундан эътиборан сен ҳол илмига киришишинг лозим. Бу пайғамбарлару валийларнинг илмидир. Бунга ладун илми (ҳақиқатни билиш) дейдилар. Бу йўлда ғайрат кўрсатгин-да, қуёш каби бутун оламга зиё тарат…

      Шу кундан эътиборан Саййид Бурҳониддин – шайх, Мавлоно унга мурид бўлганди. Аввало, бир хонага бекиниб олиб, қирқ кун чилла тутишади. Шайх Бурҳониддин ҳар кун Мавлонога янги диний билимлар ўргатиб, Тангри ҳақиқати сирларини бир-бир аён этади.

      Саййид Бурҳониддин Мавлононинг зоҳирий илмларни ҳам ўрганишини истарди. Даврнинг энг буюк мадрасалари Ҳалаб ва Шомда эди. Мавлоно ушбу шаҳарларга бориб, бир-икки йил таҳсил олиши лозим эди. Бу фикрни эшитиши биланоқ Мавлоно дарҳол йўл тадоригини кўради ва бир неча дарвеш ҳамроҳлигида Ҳалабга йўл олади. Шайх Бурҳониддин қисқа муддатга Қайсари шаҳрига бориб истиқомат қилади.

      Мавлоно Ҳалаб сари йўл олганида хуржунида китобдан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Аммо кўнгли… Кўнгли ўқиш ва уқиш ишқи билан ёнарди. Мавлоно Ҳалабга келиб, ўз даврининг таниқли ҳанафий фақиҳларидан Камолиддин ибн Одим мударрислик қилган Ҳалабия мадрасасига қўнди. Мударрис Камолиддин Мавлононинг отасини яхши танирди. Шунинг учун ҳам Жалолиддинга алоҳида эътибор бериб, унинг заковати ва қобилиятидан мамнун бўлганди.

      Мавлоно Ҳалабда икки йил сабоқ олди. Эндиги нияти таҳсилни Шомда давом эттириш эди. Шом мўғул қўшинларидан чекиниб паноҳ топган олимлар масканига айланганди. Қолаверса, бу ерда ўз даврининг машҳур олими Муҳиддин Арабий ҳам бор эди. Мавлоно Шомга келиб, Муқаддимия мадрасасига тушди.

      Жалолиддин кеча-кундуз ўқимоқ, ўрганмоқ, илм хазинасини янада тўлдирмоқ билан машғул бўлди. Илм гўё бир уммон эди-ю, Мавлоно кичик елкани билан ушбу уммонда муттасил сузиб бормоқда эди.

      Мавлоно ўз даврининг қатор олимлари, сўфийларини тез-тез зиёрат этар, уларнинг суҳбатида бўлиб, ўз саволларига жавоб топарди. Шунингдек, фиқҳга оид “Ҳидоя” китобини ҳамда Муҳиддин Арабий асарларини қунт билан мутолаа қилиб, уларни шуурига жо этарди.

      Мавлононинг Шомдаги таҳсилига тўрт йил тўлган кунларнинг бирида бир ҳодиса унинг Қўнёга қайтишини тезлаштирди.

      Мавлоно Шомнинг гавжум бозорида ўйчан кезаркан, дунёнинг тўрт томонидан келган ҳамда тиллари каби ранглари ва кийимлари ҳам турли-туман бўлган инсонлар: оддий халқдан тортиб тужжор, сайёҳ ва дарвешлардан иборат оломон орасидан бир кимса кутилмаганда унинг қўлидан тутиб:

      – Эй дунё саррофи бўлмиш Мавлоно, мени излаб топ, – дея издиҳомга қўшилиб, кўздан ғойиб бўлади.

      Мавлоно унинг ортидан югуриб, чақирмоқчи бўлади, бироқ у кимса ғойиб бўлган эди…

      Мавлоно анча йиллар ўтиб, ушбу кимса ўзининг энг буюк муршиди Шамсиддин Табризий эканлигини англайди.

      Мазкур сирли ҳодисадан сўнг Мавлоно Шомда кўп қолмай, Онадўлига қайтади. Дастлаб, Қайсари шаҳрига бориб, шайхи Саййид Бурҳониддинни зиёрат қилади. Сўнгра у билан бирга Қўнёга йўл олади.

      Саййид Бурҳониддин ўз истаги амалга ошганидан