Ўндер Меҳмет

Мавлоно


Скачать книгу

шайхларга хонақоҳ, амирларга сарой, тужжору ғарибларга карвонсарой муносибдир. Изн беринг-да, биз мадрасада қолайлик, – деди… Султон Унинг бу истагини қабул қилди. Улар шаҳарнинг энг улкан мадрасаси бўлмиш Олтин Абада меҳмон қилиндилар.

      Мадрасада яхши кутиб олиниб, чексиз иззатикром кўрган эсалар-да, Баҳо Валад саройдан юборилган совғаларни қабул қилмай:

      – Биз дунё молига кўз тиккан эмасмиз. Султон заҳматга қолиб, бизга молу дунё жўнатмасинлар, – дея ортга қайтарди.

      Зотан, Баҳо Валад ҳеч кимдан ҳеч вақо олмас, ҳатто жўнатилган совғаларнинг ҳалоллигига шубҳа билан қараб, асло қўл урмасди. Фақат берган ёзма фатволари эвазига оз миқдорда хизмат ҳаққи оларди холос…

      Бутун оила Қўнё шаҳри ўртасидаги Олтин Аба мадрасасидан қўним топди. Кўп ўтмай, Султон ул-уламо мазкур мадрасада сабоқ бера бошлади.

      Хуросондан “Диёри Рум”га кўчган ушбу буюк сўфий Баҳо Валад Оллоҳ севгисини ишқ илми билиб, айни тушунчани ёвузликка қарши ягона қурол деб атарди:

      – Кўнгил битигидан бир саҳифа ёдламоққа ғай- рат кўрсатки, унинг маъноси абадиятга қадар руҳингда гуллаб-яшнасин. Ўлгандан сўнг сенинг қўлингдан тутгувчи нарса ишқ илмидир.

      Баҳо Валад тариқат асосчиси эмас эди. Унинг йўли Ҳақ йўли эди. Бутун борлиғи билан шариатга риоя қилар, ботин илми ва Ҳақ севгисини асос билиб, фалсафани ҳазм эта олмасди. Кучли қувваи ҳофизаси, кенг дунёқараши, жозиб нутқи билан жамоани ром этиб, ўзига тобе қиларди.

      Бир неча кун ўтиб, Султон Аълоиддин Кайқубод Салжуқийлар саройида катта бир маросим уюштириб, унда Баҳо Валад ҳамда шаҳарнинг барча таниқли олимларию футувват9 арбобларини даъват этади.

      Султон Аълоиддин Баҳо Валадни сарой эшиги олдида кутиб олиб, ичкарига бошлади. Барча Баҳо Валадга салом бериб, қўлларини ўпди. Шунда Султон Аълоиддин юксак овозда:

      – Эй дин подшоси! Ўйлаб шундай қарорга келдим. Бугундан эътиборан боболаримдан мерос қолган бу тахтни сизга тақдим этмоқдаман. Сиз султон, мен қулман. Зеро, бутун зоҳир ва ботин султонлиги сизникидир, – дея, ҳамманинг олдида баҳо Валадга салтанат тожини узатди.

      Баҳо Валад Султоннинг ушбу сўзларини диққат билан эшитгач:

      – Эй дунё ва охират мулкини қўлга киритишга эришган малак сифатли мулк соҳиби, муҳтарам ҳукмдор! Тахтингизда роҳат қилиб ўтираверинг. Биз кўпдан бери дунё молу мулкидан кўз юмган ҳолда Тангрига қуллик қилиб, Унинг амрларини бажаришга интилмоқдамиз, – дея жавоб берди.

      Мажлисга даъват этилганларнинг аксарияти бу сўзларни эшитиб, Баҳо Валаднинг хос муридига айландилар. Баҳо Валад гарчи Олтин Аба мадрасасига ўрнашган бўлса-да, бироқ бундан кўнгли тўқ эмас эди. Мадрасада бошқа мударрислар ҳам истиқомат қиларди. Бунинг устига унга ажратилган қисм жуда кичик эди. Ўғли Жалолиддин йигитлик ёшига кириб, уйланган, бола-чақали бўлганди. Шунингдек, баъзи йўқсил муридлар ҳам мадрасага жойлаштирилганди. Султонга айтилса, шубҳасиз, дарҳол янги бир мадраса қурдирарди, аммо бундай таклиф Султон ёки амирлари