Мавлонога тақдим этади. Ушбу китоблар орасида Саййиднинг “Маориф” номли нодир асари ҳам бор эди. Мавлоно устозининг китобларини олиб, Қўнёга қайтади.
III БЎЛИМ
ИККИ УММОН УЧРАШУВИ
МАВЛОНО ҲАЁТИДА ПОРЛАГАН ҚУЁШ: ТАБРИЗЛИК ШАМСИДДИН
Салжуқ давлати пойтахти Қўнё аср намози маҳали қуёш нурлари остида порлаб турарди. Мавлоно Жалолиддин Олтин Аба мадрасасида талабаларга сабоқ бериб, уйига қайтмоқда эди. Минган хачирини икки талаба етаклаб бораркан, боши ўнгга солинган Мавлоно тавозе ва йўқлик туйғуси ичра букчайиб, оғир, оҳиста илгарилаб бормоқда эди. Кўчанинг нақ ўртасида кутилмаганда кимдир икки қўллаб хачирнинг тизгинига ёпишди. Мавлоно хачирнинг илкис тўхташидан сесканганча ўзига келиб, бошини кўтарди. Қорачадан келган хушсурат, нотаниш бир кимса йўлини тўсиб, хачирнинг тизгинига қаттиқ ёпишганча, ўтли, кескин нигоҳлари билан Мавлонога дадил тикилиб турар эди. Соч-соқоли мошгуруч кекса дарвешнинг ўтли боқишлари остида қолган Мавлоно бундай соҳир, жозиб кўзларни умрида илк бор кўрмоқда эди. Айни дамда ногаҳоний бир учқун чақнаб, иккаласи ҳам оташ ўтида ёнгандек бўлди. Қисқа, бироқ ваҳмкор бундай сукутни нотаниш кимсанинг қатъий, дона-дона сўзлари бузди. У жиддий, жарангдор овозда сўраб қолди:
– Сен балхлик Султон ул-уламонинг ўғли Мавлоно Муҳаммад Жалолиддинсан, тўғрими?
– Ҳа.
– Бир мушкулим бор, айт-чи менга, Ҳазрати Муҳаммад устунми, Боязид Бистомийми? Хўш?..
Мавлоно кўча ўртасида тўпланган оломоннинг ҳайратомуз боқишлари остида кутилмаган бундай саволдан бир сесканди-да, тағин ўзини ўнглаб олди. Ушбу савол остида ниҳоятда улкан ҳамда тагдор маъно ётганини дарҳол идрок этиб, савол эгасининг оддий кимса эмаслигини англади ва жавоб берди:
– Бу қандай савол бўлди? Албатта, Ҳазрати Муҳаммад устун…
Савол бергувчининг боқишлари юмшаб, лабларида табассум пайдо бўлди. Ва яна сўраб қолди:
– Дуруст, аммо Ҳазрати Муҳаммад “Ё Раббим, Сенга тавба қиламан, биз Сени лойиқ бўлганинг даражада била олмадик”, – дейди. Ҳолбуки, Боязид Бистомий “Мен барча қусурлардан покландим, менинг шоним жуда юксакдир. Зеро, жисмимнинг ҳар заррасида Тангридан бошқа нарса йўқ”, дейди. Бунга нима дейиш мумкин?
Мавлоно саволнинг бу даражада жиддий тус олишини олдиндан билган эди, дарҳол жавоб берди:
– Чунки Ҳазрати Муҳаммад кунда беҳисоб даражаларга юксалар, ҳар мақом ва мартабага етганида аввалги билим ва хаёлотидан истиғфор айтарди. Шу тарзда Пайғамбар ҳеч бир мақомда ва ҳукмда тўхтаб қолмай, ўзини абадиян поклаб борадиган Раббим ҳамда унинг барча тажаллийлари ичра ҳам юксалиш ва покланишга молик бўлган эди. Мутасаввуф Боязид Бистомий эса етишган илк мақомининг сархушлиги ичра ўзини йўқотиб қўйди, шу мақомда қолди ва дарҳол шу сўзни сўйлади…
Дарвеш жавобнинг улуғворлиги олдида дош бера олмай, титраб кетди, ҳайқирганча ҳушдан ажраб ерга йиқилди. Мавлоно ҳаяжон ичра хачиридан тушиб, дарвешни