боласи билан келволган эди. Чолнинг кампири эса роса жаврақи, шаллақи эди. Тинмасдан, ҳатто бировлар олдида ҳам, эрини қаргани қаргаган эди. Чол бўлса ҳеч нима демасди. Секин ўрнидан турарди-да, кўл бўйига жўнарди. Унинг ортидан эса биз болалар ҳам эргашиб борардик. У ахир бизга гоҳида балиқ тутишда ёрдам берарди. Шунда у соҳилда ўтириб кўлга тикилганча хаёл сурарди. Жуда-жуда хафа бўларди. Сўнг тиззасига бош қўйганча… йиғларди… – София жим қолиб ўзига беҳад изтиробли ва қайғули туюлган бу ҳикояси суҳбатдошига қандай таъсир қилаётганини билмоқчи каби унинг юзларига қаттиқ тикилди. Йигит кўзларида ўзи кутганчалик тасаввур ва кўникмани кўриб, ишонч ҳосил қилди чоғи, чалқанча ётганча давом этди.
– Чол йиғларди… чол-а?.. Сен ҳам бундай ҳолатни ҳеч кўрганмисан?
– Ҳа.
– Қаерда?
– Ҳаётда, жонгинам, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Биз истаймизми-йўқми, такдир агар пешонамизга йиғлашни ёзибдими, йиғламай иложимиз йўқ. Турмуш жуда икир-чикирлари кўп дунё.
– Мин сени ҳеч қачон йиғлатмайман. Сўз бераман сенга. Мен ҳеч қачон шаллақи хотин бўлиб кечаю кундуз тепангда жаврамайман.
– Ақллигим ўзимни.
– Сен нима деб ўйлайсан, ўша чол нимага йиғларкин-а?
– Бундан бошқа чораси йўқлигидандир?
– Ҳа-а, топдинг, ёшлигида хотини билан роса айтишгандир, ким билади, калтаклагндир ҳам, кейин эса унини ўчиролмагач индамас одам овчиликни касб қилгандир. Шундай қилсам қутилишим осон бўлади деб ўйлагандир?
– Яхши йўл.
– Мен сени жуда паҳлавон ва ҳақиқий эркак қилиб тарбиялайман. Биз ҳеч қачон уруш нималигини билмаймиз. Мен ҳамма ишларни қилишда жон деб қарашавераман. Чарчадим деб айтмайман. Ўшанда сен ҳеч қачон қаримайсан. Ҳозиргидек навқирон бўлиб қолавирасан.
Йигит жавоб ўрнига бир сўз демай қизни маҳкам қучди. Унинг юзларини ҳовучига олганича узоқ ўпди.
– Сени севаман, жоним! – эҳтирос билан пичирлади йигит бахтдан сархуш овозда, – бироқ менга нисбатан анови синовларинг бор-ку бўлмагур, барини йиғиштирасан. Чунки сени яхши кўраман, бу синовларга ҳожат йўқ.
– Ростданми, сен менга рашк қилишга ҳеч йўл қўймайсан-а? Рашк, билсанг, бу жуда ёмон. Бу балога гирифтор бўлишни хоҳламайман. Баъзан орзу қилардим, менинг шундай севгилим бўлсаки, уни жуда кўп инсонлар, қизлар севса ва ҳавас қилса. Бироқ унга бу ҳисларини тўкиб-солишга журъат этишолмаса. Унинг кўзларида фақат мени ва менинг севгимни кўришса.
– Шундай бўлади, азизим. Хавотир олма, мен сени шундай севаманки…
Энди улар бир-бирларини нечоғли севишларини исботлашмоқчидек, телбаларча қучоқлашишар ва тинмай ўпишардилар…
Тонг азонда улар яна йулга тушдилар. Чакалакзор оралаб юриш жуда қийин эди. Бир-бирига чирмашиб кетган буталар қадам босишгаям халақит қиларди. Йигит хаёлида “Немислар қуршовидан омон чиқиш яна кимларга насиб этди экан, ҳозир улар қаердайкин? Бундан кейин қандай йўл тутиш керак. Нажот йўли борми ўзи?..” деган саволлар кезар эди.
Султон