Коллектив авторов

КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР


Скачать книгу

дев, ажина товушларини… Мана, курсатайми? – Қиз чеҳрасини ҳар хил қиёфага солиб, оғзини чўччайтирганча берилиб “санъат”ини намойиш қилишга киришди. Унинг билан зерикишга ўрин қолмайдиган ёқимтой ҳамроҳининг бу қилиқларидан йигит гоҳ ҳайратда қолар, гоҳ куларди. Улар учун гўё уруш йўқ эди. Келажак ҳаётлари, орзулари ва сурурли хаёллар тўлқини икки ёш боши узра сузиб юрарди.

      – Сен ўлим ҳақида қандай фикрдасан? Боя инсон ўлимга ҳам тайёр туриши керак девдинг, – йигит чалқанча ётганича қизнинг тиззасига бош қўйди.

      – Ўлим, – қиз бир лаҳза нигоҳларини узоқларга қадаганча давом этди, – бу… бу туғулиш каби табиат қонуни.

      Инсон туғилиши биланоқ ажал фариштаси ҳам унинг атрофида айланиб юраркан. Қизиқ, бу фаришта унинг ёнгинасида кечаю кундуз ҳамроҳ бўлишига қарамай ер юзидаги ўн фоиз одамгина уни ўзларига дўст, бу ўткинчи дунёнинг баъзан йўқчилик, баъзан хасталик, баъзан хорликдан таналарини озод этувчи муқаддас куч деб ҳисоблашмаса, қолганлар уни душман санашади. Ирим қилиб қочадилар.

      – Нега? Нима учун?

      Олдин ўтган мард, шерюрак ота-боболаримиз ўлимдан қўрқиш эмас, унга рўпара бўлишни орзу қилишган. Ўз шиддатлари билан униям ҳатто чекинтиришга, то бу фоний дунёда мақсадлари амалга ошмагунча уни маҳв этишга муваффақ бўлганлар. Шундай кезлардагина улар ўзларига одилона баҳо бера олганлар, таналарини ашаддий синовдан қутқара олганлар. Айниқса, шаҳид ўлмоқликни, яъни дин ва халк эътиқоди йўлида ўлмоқликни Аллоҳдан илтижо қилганлар. Ва кўпинча, не бахтки, бундай инсонлар орасидагина буюк ва жаҳонгир, улуғ ва руҳан ўлмас одамлар етишиб чиққан. Улар умр ёши учун эмас, мангуликка ёзилажак ёшлари учун курашганлар. Афсус, улар сони йиллар сайин камаймоқда. Бу жуда ваҳимали ҳолдир.

      – Ҳа-а, – йигит баттар ҳайратланиб унга тикилиб қолди, – қизиқ, сен буларни қаердан биласан-а?!

      – Отам ҳам, онам ҳам фалсафа билан шуғулланардилар. Билмгоҳда дарс беришарди. Уйда ҳам уларнинг баҳси тугамасди. Шунинг учун улар суҳбатидан ўзимга қизиқ ва ғайритабий туюлган нарсаларни ойдинлаштириш учун диний-фалсафий адабиётларни кўп ўқирдим. Бора-бора булар менинг борлиғимни шу қадар чулғаб олдики, эҳ… агар уруш бўлмаганда эди, қанча китоблар ўқирдим, дунё ва коинот, ҳаёт ва инсон ҳақда бемалол ўй сурардим, таҳлилларимни дафтарга ёзиб борардим… – София чуқур хўрсинди.

      – Олдин қаерда яшагансизлар?

      – Мен Қаршида туғилганман. Сўнг Тошкентда яшардик. Бешинчи синфгача рус мактабида ўқирдим, кейин икки йил ўзбек мактабида. Мен саккизинчи синфга ўтган ёз дадамни Киевга ишга таклиф килдилар. Қандайдир илмий-тадқиқот ишлар буйича. Дадамнинг ҳол-жонига қўйишмагач, Киевга кўчиб кетдик. Бу ерда халқ фалсафаси, ўзбекларнинг ўтмиш маданиятига қизиқиш жуда катта экан. Келиб-кетувчиларнинг давра суҳбатларидан билиб олганман, улар дадам, онам билан биргаликда соатлаб баҳс қилардилар, бир-бирлари билан аёвсиз тортишардилар. Бўш вақтимда эса украин тилини ўргандим. Ўртоқларим кўп эди. Айни уруш бизнинг энг қувноқ ёшлигимизнинг гўзал пайтларига тўғри келди. Биринчи марта ўқ овози, бомба портлашлари, ўлаётган инсонлар… дадам, онам…