Коллектив авторов

КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР


Скачать книгу

топиб келишувди, энди байрам билан табриклаб ҳаммангиз отангизга либослар кийдириб, қўлларига гуллар тутқазасизлар, чиройли чиқади, деб қолди. Ҳовлида бор невара-чевара йиғилган, кинога олишни томоша килишарди. Келинлару ўғиллари, кизларию куёвлари тўн, яктак, бир балолар топиб келиб, уни қучоқлаб елкасига ташлашарди. Шундан сўнг ҳалиги оператор тасвирга туширди. Кетгандан кейин бирови ёпган тўн бошқасига алмашиб кетганидан жанжал, бировиники йўқолган, тополмай гаранг. Бўлди томоша, бўлди томоша. Чол барини қайта эсларкан, болалари қилиқларидан ҳеч ранжимасди, кўнглида эса «уларнинг нимасидан хафа бўлиш мумкин, ўпкалашга арзимайдиган одамлар-да» деган ёт бир туйғу ўтарди.

      Гуё тасвирчи ойнаи жаҳон учун сохта тасвир уюштиргани каби, кампири ва фарзандлари қилиғи ҳам унинг учун аллақачон сохтага айланиб кетганди.

      “Бугун яна келишади, – чолнинг кўнглида ўкинчли хаёллар ўтди, – урушнинг бутун даҳшати ва мазмуни акс этган ва баъзан кўнгли тўлиб кетганидагина саноқли дўстларига умри давомида авайлаб, яшириб келган сирини айтиб қўйган (хотинига эса гўё ҳамма жойда айтиб юрадиган ёқимсиз ва нохуш саргузашт туюлган) бу воқеа наҳотки ишқий манзара булса?! Ахир у пайтлар бизга бундай туюлмаганди-ку. Биз иккимиз ҳатто йигит ва қиз эканимизни унутгандик. Гўё дуст, гўё тану жони битта вужудга айланган эдик. Наҳотки, унинг ўша, қийин дақиқалар орасида ҳам ҳаёт, инсон, яшаш ҳақидаги қисқагина, аммо уқсалар умрларига безак бергувчи гаплари овсарона булса?!

      Ё, тангрим! Инсонлар ўзи қандай булса, тасаввурлариям шундай бўлади, ўша фикр қобиқларидан нари ўта олмайди, дейишарди. Наҳот, мен билан уруш ҳақида сўзлашганлар ундан ўзгача маъно билолмадилар, ё мен ўзим уларга тўлиқ етказа олмадимми? Шунчалар ожизманми? Ўзгаларга фикр етказиб, таъсир этиш бобида шунчалар кучсизманмики, дунё кўрмаган, ўқимаган, қишлоқдан нари чиқмай умри ҳовлида ўтган хотинимдан ҳам заифроқ бўлсам”.

      “Йўқ, – чол ўрнидан сапчиб туриб кетди. Кўзлари аламли бир оловдан тафт олган каби совуқ чақнаркан, тангрига илтижо каби қўлларини кўкка чузганча қатъий шивирлади, – мен… мен эмасман. Мен одам нусхадаги, бутун ҳис-туйғуларидан ўша машъум дақиқаларда жудо бўлган, минг уринмай, минг ахтармай, қатрасини ҳам тополмаган эгасиз орзули ночор бир кимсаман.

      Бас, ҳеч ким керакмас. Ҳеч кимни куришниям, гаплашишниям истамайди. Бугун менга ёлғизлик ва хилват жой керак”.

      Чол елкасига яктагини ташлаганча ҳеч ким кўрмаслиги учун орқа даргоҳдан чиқиб, ҳовли четидан оқадиган чуқур канал кўпригидан ўтди ва паст-баланд тепаликлар оралаб ўзига таниш тутзор томон йўл олди. У ўзи ният қилган ва орзиққан жойга етиб келди. Қари тутга суянганча ўтириб қолди, атрофни олазарак кузатаркан, кимсасиз эканидан кўнгли тўлиб, енгил тин олди. Тез юрганидан юраги ҳарсиллаб, нафаси бўғзига тиқилиб келарди. Кўзларини юмди ва чуқур-чуқур нафас ола бошлади, миясида эса ўзи учун шунча йилдан буён азиз ва таърифланмас бўлган, умрининг мазмуни ва овунчига айланган ҳам ширин, ҳам даҳшатли хотираларни зўр бериб жонлантира