китобларда башорат қилишича, ҳар бир аср сўнгида табиат инсониятга янги аср учун илҳом париси инъом этаркан. Бу илҳом париси замондошларини янги кашфиётлар сари илҳомлантирар экан. У ўз ғояси, ишлари билан ўз даври тараққиётининг машъал чароғбони бўлар экан.
Ҳай, майли, ҳарқалай илҳом париси туғилди ва улғая бошлади.
Ер юзининг қай саодатли маскани, унинг ватани бўлар экан, қай оилада туғилиш насиб этар экан, қайси бахтли ота унинг учун анвойи ва чиройли ўйинчоқлар сотиб олар экан, қай бахтли она унга тунлар аллаю эртак айтиб, меҳр ва эзгулик сабоғидан дарс берар экан.
Юлдузлардан умид ва илтижо билан бу саволларимга жавоб кутиб кўз тикаман ва улар шунда секин жойларини алмаштириб сўз туза бошлайдилар.
Илҳом париси ўта замонавий, билимдон, ўқимишли оилада туғилади. Отаси даврнинг олд зиёлиларидан бири бўлишга ҳаракат қилувчи, жамиятнинг олий табақасига мансуб илғор фикрли инсон бўлса, онаси ҳам ўта меҳрибон, ўқимишли аёллардан бўлади.
Унинг макони қаер бўлади, дейлик. Майли, у гўзал эртаклар диёри Калифорнияда туғилар, балки Парижда, балки Рум, ё булмаса Урта Осиёнинг гавжум масканларидами, ёхуд бундан 660 йил муқаддам буюк жаҳонгир Амир Темурдек зоти шарифга Ватан бўлган, унинг киндик қони томган муқаддас тупроқ Қашқадарёнинг қай бир иссиқ чўлларими, ё Кавказ, Хитойдами… У қаерда яшамасин, унинг овози ва етук фаолияти, ижоди, кашфиётидан ер юзи аҳли ва албатта, янги асрда биз ҳам баҳра оламизми, демак, у бизнинг ҳам илҳом паримиз.
Юлдузлар унинг суратини чизар эканлар, юракда бироз ҳадик ва хавотир ила сўрайман.
– Бағоят нафис, бағоят гўзал экан бу илҳом париси, ер юзининг ҳозир шунақанги ёввойи жойлари борки, балки ўта даҳшатли масканларига насибаси қўшилган илҳом парисининг тақдири қандай бўлади. У жойларда улуғ санъатга ошуфта қалбининг сирли садосини илғай оладиган илғор ва зукко инсонлар бўлармикин, ёки адолатсиз давр ва муҳитнинг мудҳиш, янглиш хатолари сабаб узоқ вақт юз кўрсата олмаса-чи?
Ҳа, юлдузлар шаклан жой алмаштириб менга ҳамсуҳбат инсон қиёфасини чизадилар ва самимий кўз қисиб қўядилар.
– Сен, азизам, уни бағоят гўзал дединг. Гўзал қалбли инсонларга гўзал кўринур, хунук назарга хунук, қўпол назарга қўпол кўринур. У ўзини ўзи муҳофаза этиш қудратига эга бўлур. Унинг миннатдарона қарашлари, самимий илтифотига сазовор бўлганларга мангу толе кулиб боқар.
Баттар қизиқсиниб сўрайман.
– Унинг илтифоти ва назарига қандай мушарраф бўлиш мумкин?
– Эзгу, савоб, хайрли ишлар билан, мазмунли кунлар, файзли умр билан- да, – шивирлайди юлдузлар.
– Бу илҳом парисининг бошқа давр ва аср париларидан фарқи нимада, –юлдузлар ҳозирок саволимни жавобсиз қолдириб, кўз ўнгимда ғойиб бўладигандек туюлиб, шошилиб сўрайвераман.
– Нигоҳлари билан даволаш хислатига эга эканлигида, ундан қандай фойдаланиш инсонларнинг ўзига боғлиқ бўлур.
– Ие, ажиб сирли экан бу хусусият. Илҳом парисининг кўзига фақат яхши инсон бўлибгина кўриниш