дарё, гоҳ қир бўлдим.
Қайга қадам қўйдим сўнг?
Бир лолани суйдим сўнг.
Майса янглиғ куйдим сўнг,
Ё сеҳр ё сир бўлдим.
Менга болиш – тоғ, саҳро,
Хаёлимда – гул Узро.
У – ердаги бир Зуҳро,
Мен эса Тоҳир бўлдим.
Ойлар тўлиб айланди,
Тақдирларим бойланди.
Дўстим унга уйланди,
Мен озроқ оғир бўлдим.
Севгим чала қолди-да.
Ўзим ўсган ҳовлида,
Ўз кўнглимнинг олдида
Дўстлар, мусофир бўлдим.
Бургутларни “сен” дердим,
Чўққиларга тенг эдим,
Самолардай кенг эдим,
Тупроқ билан бир бўлдим.
Билмадим бу савдода
Олдми ё охир бўлдим.
Дўстим хотинли бўлди,
Мен – катта шоир бўлдим.
КЕЛИШМАДИК
Биз ҳам бошқа ошиқлардан
Қолишмадик, санам.
Дилдан суйиб, дилдан куйиб,
Кулишмадик, санам.
Менинг бир кўнглиму сенинг
Бир холинг бор эди.
Бир севгини бизлар нега
Бўлишмадик, санам?
Муҳаббат – бир қошу кўздир,
Киприклари – нам.
Бизлар нечун бир қошу кўз
Келишмадик, санам?
Ою қуёш энди биздан
Йироқлардадир.
Олис тушган икки ёлғиз
Болишмидик, санам?
Сўлди умид айвонида
Райҳонларимиз.
Бизлар нечун райҳонлардай
Сўлишмадик, санам?
Осмонимиз ерда эди,
Еримиз – осмон,
Нечун ерни биз осмонга
Алишмадик, санам?
Алишмадик, тўғри қилдик,
Гулни – кўнгилга.
Алишмадик, ахир бизлар
Калишмидик, санам?
«Ярқираган тоғларимни…»
Ярқираган тоғларимни
Оқ туманлар қуршаб кетди.
Кўкка қараб чопган йўллар
Энди бари нишаб кетди.
Дарахтларим ҳоригандай,
Бир-бирини ушлаб кетди.
Дил боғига кирди кузак,
Кеча хазон тўшаб кетди.
Кўзларимнинг атрофлари
Ариқларга ўхшаб кетди.
Бош гоҳида таътил сўрар,
Соч ҳам ишдан бўшаб кетди.
УКАДЎСТ
А.Э.
Бу дунё нимадир –
Бир амри маъруф.
Укамнинг уйлари –
Келсам эшик қулф.
Нурмуҳаммад қани, эй Абдурауф?
Нурмуҳаммад қани, эй Эшимқулов?
Тақдир дурадгори чекмас таассуф,
Бир толдан ҳам тобут,
Ҳам бешик қилиб.
Гулдай укам сўлди, эй Абдурауф,
Ўзинг укам бўлдинг, эй Эшимқулов.
Муҳаммаджон қани,
Муҳаммад Юсуф?
Қай дилга бош урсам –
Унда эшик қулф.
Энди дўстим ҳам йўқ, эй Абдурауф,
Энди дўст ҳам ўзинг, эй Эшимқулов.
Икки Муҳаммадим –
Икки тоза руҳ,
Бурчин бажаргайсан ўз ишинг қолиб.
Сенга