Сирожиддин Саййид

АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд)


Скачать книгу

томирлари – кучларини ҳам.

      Баланд осмонларнинг қушларини ҳам

      Айлагил пойингда поймол, майли.

      Телеминорага ўрнат уйингни,

      Кекирдагинг кериб, чўзиб бўйингни,

      Бир ўзинг таратиб қўшиқ-куйингни,

      Ўзинг маҳлиё бўл, ўзинг – лол, майли.

      Қишинг ёздан ўзғир, ёзинг – қишингдан,

      Ўзинг мамнундирсан қилмиш, ишингдан.

      Биз нима ҳам дердик – сенинг ичингдан

      Оқроқ бўлса мол ё қорамол, майли.

      Лутфий боболардан ёд Адабиёт,

      Шоҳ Бобурлар сурган от Адабиёт.

      Мангуликка қадар дод Адабиёт,

      Чўлпон, Фитратлари жонувол, майли.

      Не-не улуғ зотлар умри сарғариб,

      Ўтдилар Сўз узра музтариб, ғариб.

      Бориб Навоийни тахтдан ағдариб,

      Унинг ўрнига ҳам чиқиб ол, майли.

2007

      «Бу орзулар юлдузларга…»

      Бу орзулар юлдузларга,

             осмонларга айланар,

      Шабнамдай сўнг Ерга тушиб,

             райҳонларга айланар.

      Эшик бўлар, ром бўлар ҳам

             кўркам-кўркам сандиқлар,

      Бу чинорлар гўзал китоб

             жавонларга айланар.

      Ҳеч қайда йўқ бундайин оқ

             баданлару қоматлар,

      Бу тераклар устун бўлиб,

             айвонларга айланар.

      Жилғалардай бу қизчалар

             қувнаб ўсгай сиз билан,

      Кейин бир кун тутқич бермас

             жайронларга айланар.

      Бу болалар азоб чекиб,

             зўр шоирлар бўлурлар,

      Шоир бўлиб, кейин ҳар хил

             ҳайвонларга айланар.

2007

      ҚАРЗ

      Яратгандан олар жонлар қарзим бор.

(Халқ мулки)

      Устоз чинорлардан қанча дарс олдим,

      Улар токи борлар –

      Мен ҳам ўлмайман.

      Ёзувчилар боғидан кўп қарз бўлдим,

      Сиз хижолат бўлманг,

      Ўзим тўлайман.

      Кўклам чоғларида оқ тунлар аро,

      Оппоқ ўрик янглиғ ичдан гуллайман.

      Мен ўз тоғларимдан қарзман бир дарё,

      Сиз хижолат бўлманг,

      Ўзим тўлайман.

      Ҳануз ёд айласам – бағрим бўлар хун,

      Ҳинд ё Кобул десам – жунжикар бадан.

      Эй, сен дунёйи дун,

      Эй, сен даҳри дун,

      Ҳазрати Бобурдан қарзсан бир Ватан.

      Сен ҳам барчамизга юз йиллик дарссан,

      Шу миллат ҳурмати,

      Сўзнинг хотири,

      ХХ аср, сен биздан қарзсан

      Бир Чўлпон, бир Фитрат ва бир Қодирий.

      Ҳар бир яхшиликни дилдан қўллайман,

      Осмон, варақларинг бунчалар мовий.

      Шоирлик қарзимни ўзим тўлайман,

      Пушкин тўламайди ва ё Навоий.

2007, 2010

      ДИЛ ФАРРОШЛАРИ

      Сиз яшайсиз – ҳар кун тўю байрамлар,

      Тилим сўзда, қўлим созда бўлсин деб.

      Биз ишлаймиз – бу Ватан, бу одамлар,

      Бу кўнгиллар озроқ тоза бўлсин деб.

2007

      КАПАЛАК

      “Мен-ку шошар эдим, сен

      Қайга