тўлиб оқар ариқ,
Соғинчларим яшил, сариқ.
Онамнинг ранглари янглиғ
Сариқ чойнинг шоириман.
Олам бори юкин ортган,
Оҳи осмонларни йиртган,
Заҳириддин Бобур тортган
Камон-ёйнинг шоириман.
Ҳазрат Навоийлар меъмор
Боғ-саройнинг шоириман.
Темур боболардан ёдгор
Оқсаройнинг шоириман.
БОБОЖОНИМНИНГ ВАТАНИ
Бобожонимнинг Ватани,
Отажонимнинг Ватани,
Болажонимнинг Ватани,
Кўксимни тоғ қилиб юрдим-ей,
Болталар кесмаган муртим-ей.
Онажонимсан сен ўзинг,
Қошу кўзимсан, юртим-ей.
Ой десам, ойларинг синглимдай,
Кун десам, кунларинг кўнглимдай.
Номингни айтсам – олам аро
Тоғ топилмагай кўксимдай.
Бургутлар мисоли учдим-ей,
Осмонларингни қучдим-ей.
Тупроғингга топиндим мен,
Шундадир етти пуштим-ей.
Нур олган сендан Ер юзи,
Оқшомларингдир қирмизий.
Ер юзига ҳикмат эккан
Бухорий бобо, Термизий.
Дилдаги меҳр ила шафқатим,
Қуёшли қўрғоним, давлатим.
Сўнмаган ғурурим сен ўзинг,
Сен ўзинг шон ила шавкатим.
Бобожонимнинг юрти-ей,
Отажонимнинг юрти-ей,
Болажонимнинг юрти-ей,
Кўксимни тоғ қилиб юрдим-ей,
Болталар кесмаган муртим-ей.
Онажонимсан сен ўзинг,
Қошу кўзимсан, юртим-ей.
ТОЛИБ ЙЎЛДОШ ҲАНГОМАСИ
Бу ҳангомани “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлаб юрган кезларимизда Толиб аканинг ўзи айтиб берган. Оллоҳ раҳмат қилсин ва рози бўлсин.
Кўп шоирлар бугун эски,
Кўп гаплар ҳам кечаги.
Ном чиқармиш бир замонлар
Толиб Йўлдош эшаги.
Одам зоти риёзату
Заҳмат учун яралган.
Эшаклар ҳам аслида иш,
Меҳнат учун яралган.
Бу дунёда рўзғор отлиғ
Ароба ҳам бор гапдир.
Бут бўлмаса – кўнгил деган
Хароба ҳам бор гапдир.
Турмуш бўлгач – рўй бергайдир
Ҳар хил иш, ҳар жиҳатлик.
Одамзотга энг аввало
Тинчлик керак, сиҳатлик.
Ҳар кимсага турли қисмат,
Турлидир чархи даврон.
Замон у пайт оғир эди,
Қийин эди у замон.
Тирикчилик одамларга
Бор юкини ортарди.
Шоиримиз эшак билан
Аравасин тортарди.
Беш лаҳзалик бу дунёда
Инсон кўзу олам қош.
Бир ажойиб эшак эди
Ювошу ҳам қаламқош.
Бор эди бу жонвор учун
Икки эҳтиром пайти:
Ем ер эди – туш чоғию,
Иш тугагач – шом пайти.
Ҳаёт бўлгач, ҳар каллада
Минг хил ташвиш, ўй бордир.
Одамзотга ҳовли-жою
Маҳалла ҳам кўй бордир.
Ортда қолиб кетмайлик деб
Кўпчил