Аъзам Аҳмад

Ўзим билан ўзим


Скачать книгу

– деди. – Нега менга бунақа қарайсиз?

      – Нимага? Бугунги аҳволимгами? – деди Карим, гарчи Адҳам бу ўйда эмаслигини, жуда муҳим гап айтмоқчилигини сезиб, бирдан ҳушёр тортган бўлса-да.

      Унинг ичида тошга ўхшаган бир қаттиқ нарса эриётгандек бўлди.

      – Рост, – деди Адҳам, – шундай бўлмаганда сизни ахтариб келмасдим.

      Карим тўлқинланди, томоғига алланарса тиқилди.

      – Тирик одамсиз-да, – деди Адҳам. – Менга ўхшамайсиз – сиз яхши кўрасиз. Майли, шу Мабийичани бўлса ҳам, яхши кўрасиз. Яшаяпсиз!

      – Сиз-чи! –деди Карим. – Қайси қиз сизга…

      – Йўқ, буни сизга тушунтиролмайман, – деди Адҳам бирдан тундланиб. – Умуман, севмай яшаш ёмон, демоқчиман. Одамнинг кўнгли ўлади. Ўлик кўнгил билан яшаш қийин.

      Адҳам ҳозир жуда чиройли кўринарди: оқаринқираган, чўзинчоқ юзи, пешанасига тушган, салгина йилтираб турган сочи, маъюс чақнаётган кўзлари, қирра бурни, текис бичимли лаблари, ўртаси салгина пучуқ ияги, узун бўйни, кулранг, оҳорли кўйлаги – бор кўриниши жонли ҳайкалдек, Каримни сеҳрлаб, олам-жаҳон ҳавас, қандайдир илиқ ҳасад уйғотар эди.

      – Баъзан йиғлагим келади, – деди Адҳам рўбарўсидаги битта Каримга эмас, балки юзлаб содда бахтли каримларга қараб. – Аммо йиғлолмайман – дийдам қотиб кетган. Ҳатто йиғлашни ҳам одам соғинар экан…

      Адҳам кўп гапирди, лекин Карим ҳеч балони тушунмади: «Тавба, бунга нима етишмайди? Бўйдан, чиройдан, гапдан берган бўлса? Юраги сўққабошлиги нимаси?..»

      Қоронғи тушди. Деразадан салқин елвизак кирди. Карим деразадан бошини чиқариб тепага қаради: осмонда юлдузлар бодроқдай сочилиб кетган, жуда кўп эди. Карим кўп йиллардан бери биринчи марта осмонга орзу қилмай қаради.

      – Бурҳон келмади. Ётоқда қолди, – деди.

      – Кеп қолар, – деди Адхам.

      – Йўқ, келмайди, – деди Карим. – Кечаси юришдан қўрқади.

      – Нега? Ёш боламидики?

      – Ким билади? – Карим кифтини учирди. – Бу ерда ҳам бир ўзи ётолмайди. Қўрқишини мендан яширмоқчи бўлади, лекин мен биламан. Шу учун уни ёлғиз қолдирмайман. – Карим кулди. – Қизиғ-эй, ўлгудай хасис, пул сўрасам, кундуз куни бермайди. Лекин оқшом сўрасам, беради.

      Адҳам жуда ажабланди.

      – Ростданми?

      – Рост, – деди Карим. – Лекин эрталабоқ кеча берганимни қачон қайтарасиз, деб сўраб олади.

      – Қизиқ экан! – деди Адҳам.

      – Қизиқ, – деди Карим ҳам. – Бу Бурҳон…

      Бурҳон ҳақида гапиришгани сайин Карим очилиб борарди. У негадир шу чоққача Бурҳонни шу қадар ёмон кўришини билмаган, ўйлаб ҳам кўрмаган экан, энди эса уни иштиёқ билан ёмонлай кетди. Ёмонлагани сайин кўнгли ёришиб, ўзини яхши одам ҳисобларди. «Мен Бурҳондан қанчалар яхшиман», деб ўйларди.

      Адҳам шу ерда тунаб қолди. У Бурҳоннинг кир кўрпасига ижирғаниб қараган эди, Карим унга тоза кўрпасини берди.

      Карим узоқ вақт ухлай олмади, кўрпадан Бурҳоннинг иси келар, гўё кўрпа ҳам эгасига ўхшаб хасислик қилар, Каримдан иссиғини қизғанаётгандек бўларди.

      Ой чиқди, деразадан кўринди, Адҳамнинг юзини ёритди: Адҳам ухлаб ётганида пиш-пиш нафас олар,