жўмраги туни билан жириллаб чиқди.
Томдаги мушуклар икки марта нағма кўрсатди.
Карим ухлаб-ухлаёлмай, мудроқ ётганда Бурҳон уни туртди, лекин у ҳозир туришини, нонушта қилишини, сўнгра тиқилинч автобусда институтга боришини, у ерда Моҳбибини кўришини, айниқса, Адҳамнинг суяк-суякка қадаладиган нигоҳига дучор бўлишини ўйлаб, кўзини очмади: жўрттагача эловсираб, деворга ўгирилиб олди.
Бурҳон ювиниб келди, қиртиллатиб соқол олди; таранди, сочи дағал эди, тароқ текканда чисирлади. Карим буни аниқ эшитди, негадир кўнгли ғалати бўлиб кетди. Бурҳон узоқ нонушта қилди: чойни пиёлага қулқуллатиб қуйди, хўриллатиб ичди, оғзини чапиллатиб нон еди, устма-уст томоқ қирди, йўталди–Карим бу товушларнинг барчасини тинглаганча ижирғаниб ётаверди.
– Ҳў, Карим, – деб чақирди Бурҳон. – Биринчи пара – Ҳакимова. Туринг, кеч қоласиз.
Карим кўзларини қаттиқроқ юмиб олди: Ҳакимова домла уни осса осиб юбора қолсин.
– Ўзингиз биласиз, – деди Бурҳон.
Бурҳон чиқиб кетганидан кейин Карим кўзини очди.
Ҳаво қандайдир бўғиқ, оғир; деразадан кўриниб турган осмон туссиз эди.
Карим ташқарига чиқиб, анча вақтгача зинада мудраб ўтирди. Кейин сакраб турди-да, ҳовлини гир айланиб чопа бошлади, узоқ чопди. Сўнгра бадантарбия билан машғул бўлди: барча билган усулларини қайта-қайта такрорлади; танасининг турли-туман жойларидаги мускулларини пишитувчи машқлар бажарди, икки қўлига тиралиб, санаб, ўттиз марта ётиб турди. Аъзои баданига тер кўпчигач, белигача яланғоч бўлиб, пишқира-пишқира роса ювинди.
Карим бу орада Моҳбибини, Адҳамни, бугунги бўлажак учрашувни ўйламасликка тиришди.
Стол устида анчагина колбаса, сариёғ, уч-тўрт чақмоқ қанд, юмшоққина нон қолган экан, Карим қанднинг ҳаммасини чойга солиб, ажабтовур иштаҳа билан нонушта қилди. Кейин танасида ёқимли ҳорғинлик ҳис зтиб, каравотга чўзилди.
Ўйлаган ўйининг маънисига ҳам бормай, бир оз ётганини билади, кейин кўзи илиниб, донг қотибди.
Карим кўзини очганда устига офтоб тушган эди. Ҳаво очилибди. Вақт тушдан оғиб ўтиб, соат миллари тўртга яқинлашиб борар эди.
Карим уйқуга тўйган, тиниққан, таъби равшан тортган эди. Бўлажак учрашув унинг хаёлида мавҳум бир нарсадек тикланди.
Бориб Моҳбиби билан гаплашгандан кўра, офтоб қоплаган иссиққина кўрпа тагида роҳатланиб ётиш минг карра яхшироқ эди. Керак бўлса, Моҳбибининг ўзи келсин, Каримдан «Мени севасизми?», деб сўрасин. Оҳ, қани эди шундай бўлса! Карим кўрпадан чиқмай, бош ирғаганча тасдиқлаб қўя қоларди. Ё бошини сал кўтариб, Моҳбибига қараб жилмайиб… Лекин Моҳбиби сира келмайди-да – Каримнинг ўзи бориши, бугун, ҳозироқ бориши керак. Қаёқдан ҳам шу Адҳам аралашди?
Бориш керак. Бормаса бўлмайди. Бўлмас экан! Адҳам совуқ бўлса ҳам, мард йигит. Рост, судралиб юришдан иш чиқмайди. Латтачайнарликдан иш чиқмайди, оғайничалиш. Таваккал-да! Ҳа, Моҳбиби унга қарамаса, шу билан дунё тугаб қоладими, ҳаёт тўхтайдими? Ундан яхшироқ қиз қуриб кетибдими! Карим ҳали ёш бўлса, аъло ўқиса. Ким билади, келажакда институтларда ишлаб, кўтарилиб кетадими? Моҳбиби-чи, албатта қишлоғига кетади-да, бошқа қайга ҳам боради. Қиз бола-да, додини