Аъзам Аҳмад

Ўзим билан ўзим


Скачать книгу

Турсуной узала тушиб ётган Адҳамни қучоқлаб ўтирар эди!

      Турсуной сапчиб турди, саросима билан ёқасини тўғрилаб, Каримга ўқрайиб тикилди.

      Адҳам бамайлихотир «Келинг», дея ўрнидан қўз-ғалаётган эди, Карим бурилиб, секингина эшикни ёпди, алланечук қалтиради, нимагадир алами келди. Орқасидан Адҳамнинг «Карим!», деган ғалати меҳрибон овози ва Турсунойнинг асабий қиқирлагани эшитилди.

      Беҳаё! Эшигини бекитиб олмайдими!

      Гўё ҳеч гап бўлмагандек, Адҳам чиқди.

      – Сизни деб, мана, биттасини овунтириб ўтирибман, – деди у Қаримнинг елкасига қўлини қўйиб,

      Карим ўзини жуда ожиз, бахтсиз ҳис қилди. Адҳамнинг қўли тагида елкаси эзилиб кетаётгандек бўлди.

      – Боринг, – деди Адҳам шивирлаб. – Хонасида ёлғиз ўтирибди. Биров кириб қолмасидан… Нега кечикдингиз? Майли, боринг.

      Карим кетди. То Моҳбибиларнинг хонасига етгунча ортига ўгирилишга журъат қилолмади: Адҳамнинг нигоҳи унинг елкасига қўш найзадек тиралиб борар эди. Эшикни тақиллатишдан олдин бурилиб қаради: Адҳам югуриб чиққан Турсунойни ичкарига итариб юборди-да, ортидан ўзи ҳам кириб кетди.

      Карим эшикни секингина чертди, нафасини ичига ютиб, қулоқ тутди – жимлик. Яна чертди. Каравотнинг ғижирлагани эшитилиб, Моҳбибининг «Кираверинг», деган жиндай ҳаяжонли товуши келди. Карим елимлаб қўйилгандек, жойидан жилолмади.

      Эшикни Моҳбибининг ўзи очди. Каримнинг тилига гап келмади, у гаранг, гунг, кар эди, фақат кўзлари очиқ; бошини қуйи солганича Моҳбибига эргашиб ичкари кирди.

      Карим биринчи сезган нарса – қизлар хонасида пайдо бўладиган ҳид бўлди: қандайдир қуюқ, ёпишқоқ…

      Карим эгилиб бошмоғининг боғичини бўшатди, лекин ечмай, шундоқ эшикка тақалган каравотга ўтириб олди.

      На Каримдан гап чиқди, на Моҳбибидан.

      Карим Моҳбибига қарашдан қўрқиб, тўғрига – эшиги очиқ шкафга кўз ташлади: шкафда икки-учта кўйлак, яшил ёмғирпўш, битта йигитларнинг костюми (кимники бўлса), унинг ёнида эса сарғиш ичкўйлак осиғлиқ эди. Албатта, Карим биринчи бўлиб шу ичкўйлакни кўрди. Бир зум ўйланди: ичкўйлак калтагина эди, бу хонада турувчи Моҳбибидан бошқа қизларнинг ҳаммаси бўйчан эди, Каримнинг юраги гумуриб кетди-да, ичкўйлакдан кўзини олиб қочди, лекин ичкўйлак яна ўзига қаратди. Моҳбиби буни сезиб қолди шекилли, илдам туриб келиб шкафни ёпиб қўйди.

      Карим ялт этиб Моҳбибига қаради, Моҳбиби ҳам қизариб кетган эди, юзини тескари бурди.

      Энди Карим гапириши керак эди.

      Лекин қизларнинг нафаси, атир-упа, кийимларнинг, бурчакдаги кир-чир челакнинг иси қоришиб кетган бу ҳид Каримнинг димоғига қаттиқ ўрна-шиб, шусиз ҳам гапга келмаётган тил-жағини боғлаб турар эди.

      Карим Моҳбибига қарамаса ҳам, кўз қирида унинг бир неча марта сабрсиз нигоҳ ташлаганини сезди.

      Анча вақт ўтди шекилли, Каримнинг томоғида нимадир ғўлдираб;

      – Шу-у-у, – деган товуш пишиллаб чиқдию бирдан ўчди.

      Моҳбиби ўтирган каравот ғижирлади, Карим баттар букчайиб кетди.

      Карим