кейин қизларини етимхонадан олиб бирга яшаган, лекин бағритош қизлар уч йиллик умрининг етимхонада ўтгани учун онани кечиришмас экан. Бу ҳар қандай лаънатга лойиқ ҳолат эди. Онаси “Қариялар уйи”да жон беришдан олдин уларни қарғаганми ё йўқми, билмайман. Лекин бу аҳмоқ хотинни Худо урганига кўпчилик гувоҳ бўлди. Аввало зурриёт қолдирмади, изсиз кетди. Ёлғиз яшар эди, ўлганини қўшнилари ҳам билмай қолишибди…
Бу воқеаларни эслашимдан сабаб: ҳозирги доруломон кунларда ҳамболаларни етимхонага берадилар. Етимхонанинг эндиги номи – “Меҳрибонлик уйи”. Номи ўзгарди, шароитлари ҳам яхши. Лекин етимнинг номини ўзгартириб бўлмайди. Унинг қалб жароҳати ҳам ўзгаришсиз қолаверади. “Меҳрибонлик уйи”даги тўкин дастурхон, чиройли кийимлар… бу қалб жароҳатига малҳам бўла олмайди. Она меҳри ўрнини ҳеч нима босолмайди. Оналар гўдакларини чап кўкракларига – юракларига босиб кўтарадилар. Она юрагиниинг тафти гўдак қалбига эҳтимол шу тарзда кўчар. Оталар эса ўнг кўкракларига босадилар, бу ҳам ажиб ҳол! Ачинарлиси эса, “Меҳрибонлик уйлари”даги болалар ғирт етим эмаслар. Ота-оналари бор. “Ғирт етим” дейилгувчи болаларни оналари туғиб ташлаб кетган. Вақти-соати келиб, у оналар ҳам, бу оналар ҳам афсус дўллари остида азоб чекмасмикинлар?
Тарк этамиз кимни доимо,
Оғушида бир зум қолмаймиз.
Кимни олис ҳижронда, ҳатто
Соғинмаймиз ёдга олмаймиз?
О, бу она, сенсан, онажон.
Меҳрибонлик уйларида болалар ота-она меҳрига ташна бўлиб яшайдилар. Бир етим бола: “Адам билан ойим келмайдилар, бобожоним келиб турадилар”, – дейди. Ота-онаси тирик бўла туриб етим қолган бу боланинг ўкинч тўла юрагида яна қанчалар нафрат бор экан! Унинг ота-онаси эҳтимол ажрашиб кетгандир, сўнг ҳар бири бошқа оила қургандир. Бошқа оиладан фарзандлари бордир. Юракнинг бир парчаси бўлган болани етимхонага ташлаб қўйиб хотиржам яшовчиларни одам дейишга тил бормайди. Булар-ку майли, наҳот ўша етимларнинг амакилари ёки тоғалари, аммалари ёки холалари бўлмаса?! Жиянларини бағирларига олиб, ўз фарзандлари қаторида вояга етказиш савобидан нечун улар бебаҳралар?
Яқинда Самарқанддаги “Меҳрибонлик уйи”га бораётганимизда мухбир синглимиз: “Қадимда “Меҳрибонлик уйи” нима деб аталган?” деб сўради. Жавобим қисқа бўлди: “Бизда илгари етимхоналар йўқ эди. Бизда иймон эгалари кўпроқ эди…”
Фарзандларининг бемеҳрлигидан шикоят қилувчилар ҳам бор. Шулардан бири: “Мен отам ўлганида йиғламадим, онам ўлганида йиғламадим, ич-ичимдан эзилдим. Энди шу ёшга кириб, болаларимдан меҳр кўрмай йиғлаяпман”, – деди.
Мен у кишининг ёшлигини, кейинги ҳаётини ҳам билардим. Уйлангач, алоҳида уй қилиб чиқиб кетган, ота-онасидан ойда бир хабар оларди, бўлмаса йўқ. Баҳонаси: “Илмий ишлар билан бандман!” Балки ота-онаси билан видолашаётганда йиғлаганида – ҳозир ўз қадрига йиғламасмиди… Ота-онанинг ўлимидан сўнг ука-сингиллари билан ҳам узоқлашди…
Фарзандларидан нолийдиган