Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

этди. Чиқдик. Жуда кўп меҳмон айтилган экан. Биз ҳовлида, тут дарахти соясидаги сўридан жой олдик. Рўпарамизда ошхона, унинг ёнида бир пастак ҳужра бор эди. Агар ўша ҳужрадан хаста овоз чиқмаса унда одам яшашига ишонмас эдим. Ўша ҳужрага кўп тикилаётганимни сезган биродарим: “У ерда соҳиби эҳсоннинг волидалари яшайди, бир оз хасталар”, – деб изоҳ берди. Мен меҳмонларга жой ҳозирлаш учун каттароқ уйдан бу ҳужрага вақтинчалик олиб чиқилгандир, деган ўйда эдим. Аммо эҳсон якунига етгунича ҳам биров у ҳужрадан хабар олмади. Бир пиёла иссиқ чой ёки бир бурда иссиқ нон олиб кирмади. Шундан сўнг биродаримдан: “Доим шу уйда яшайдиларми?” – деб сўрашга мажбур бўлдим. Биродарим қўшнисининг сирини очаётганидан хижолат бўлибми, аста “ҳа”, деб қўя қолди, бошқа изоҳ бермади. Бошқачароқ изоҳга ҳожат ҳам йўқ эди. Бу тез-тез учрайдиган воқеа эмас. Мен ҳам ваҳима қилмоқчи эмасман. Лекин бу даҳшатдан (ҳа, айнан даҳшат, айнан ёвузлик дейман) кўз юма олмайман. Ақлни лол қолдирадиган даражада эҳсон дастурхонларига меҳмонларни чорлаганлари ҳолда, оталари ёки оналарига ўзларининг эски кийимларини кийинтириб қўядиганлар озми ё кўпми? Бир зах ҳужрага ташлаб қўйилган она фарзандини нима деб дуо қилган экан? Орадан йиллар ўтиб, йўлим яна шу қишлоққа тушганда онасини хорлаб қўйган одам тақдири билан қизиқдим. Аллоҳнинг бандаларига берадиган энг улуғ неъматларидан бири – фарзандлари камоли ва роҳатини кўриш. Онасини хорлаган ўша одамни Аллоҳ шу неъматдан сиқиб қўйибди (астағфируллоҳ!). Шомда дўстлари билан улфатчиликка кетган тўнғич ўғлининг жасадини тонгда олиб келишибди. Мастликда дўстлари билан муштлашиб жон берибди. Бир қизини яқин қариндошининг ўғлига унаштирганда у хуштори билан қочиб кетибди, иккинчи қизи ундан-да баттар шармандаликка учрабди: эрга тегмасдан ҳомиладор бўлиб қолибди. Кенжа ўғли гиёҳвандлик иллати билан вафот топибди. Ўзи ҳам оғир хасталикка учраб, қийнала-қийнала жон берибди, қариндошлар ҳам, ғассол ҳам кўзларини юма олишмабди. Кўзлари очиқ кетибди…

      Яна бир воқеа: муборак Умра сафари чоғида кўнгилларни хира қилувчи воқеа юз берди: фарғоналик бир одам онасини қутлуғ зиёратга олиб борибди. Албатта, бу таҳсинга лойиқ иш. Кўпчилик ота-онасини шундай улуғ зиёратларга олиб бормоқликни ният қилади. Айримлар эса бу каби зиёрат ота-оналарига насиб этмай, вафот этиб кетганларидан армонда юрадилар. Фарғоналик йигитнинг онасига бўлган қўпол, қўрс муомаласи барчани ранжитди. Она бечора умрида биринчи марта қишлоғидан четга бориши бўлса керак, самолётга ёки автобусга қандай чиқиш, ўтиришни билмай тараддудланади, баъзан шошиб қолади, баъзан нимагадир улгурмайди. Ўғил эса унга ёрдам бериш ўрнига дўқ уради: “Мени шарманда қиляпсиз!” – дейди. Билмайдики, унинг шармандалиги онасининг ҳаракатида эмас, балки ўзининг феълида, муомаласида. Кўпчилик “Онангни бу ерга олиб келиб хунук муомала қилганингдан кўра ўз уйингда ширин муомала билан кўнглини олсанг савоблироқ бўлармиди! Онани кўпчилик ҳузурида беҳурмат қилишинг – Каъбани вайрон қилиш гуноҳи билан баробар эмасми?” –