Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

керак. Тонгни кутадиган одам сабр қилиши шарт. Тун қиёматга қадар давом этмайди. Неъматга сабр билан эришилади, шошқалоқ ва бесабр неъматдан маҳрум қолади. Неъматни кўриш билан шокир, мусибатга дуч келганда эса собир бўлиш иймон жумласига киради.

      Буқрот ҳаким илми ҳикматда равнақ топгач, узлатни ихтиёр этдилар. Бир куни подшоҳ хасталаниб, ул зотни ҳузурига чақиртирди. Буқрот ҳаким подшоҳнинг даъватини қабул қилмадилар. Шунда ул зотнинг ҳузурига вазирнинг ўзи келди. Қарасаки, Буқрот ҳакимнинг емишлари турли гиёҳлар экан. Вазир подшоҳнинг амрини айтиб, ялинса ҳам, ҳаким кўнмадилар. Шунда вазир аччиқланиб дедики:

      – Подшоҳларнинг хизматини қилишни ўрганганингда бунақа гиёҳ еб ўтирмас эдинг.

      Бу дашномни эшитган ҳаким кулдилар ва дедиларки:

      – Агар сен гиёҳ еб яшашга қаноат қилишни ўрганганингда жонингни хатарга қўйиб, подшоҳ хизматини қилмас эдинг.

      Донолар деганларки: “Модомики, ер остида қабр азоби ҳақ экан, ер устида ўша азобнинг муқобили сифатида сабр азоби ҳам мавжуд. Бандага ё униси, ё буниси”. Ҳикмат аҳли барча нарсадан айнан шу сабр азобини аъло кўрганларки, ажрлари юқори бўлгай, инша Аллоҳ! Ҳазрат Навоий айтганларидек: “Сабр бор ерда айрилиқ ўтида куйганларга ғам йўқ, иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йўқ”. Чунки: “…уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: “Сабр қилганингиз учун сизларга салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай яхши, дерлар” (Раъд сураси).

      Европанинг машҳур файласуфи, узлатга чекиниб, умрини бочкада ўтқазган Диогендан бир одамнинг бойми ёки камбағал эканлигини сўрадилар.

      – Билмайман, – деб жавоб берди Диоген, – менга фақат унинг пули кўплиги маълум.

      – Пули кўп бўлса, демак, бой экан-да?

      – Кўп пулга эга бўлиш ва бой бўлиш – бир нарса эмас, – деб жавоб берди Диоген. – Борига қаноат қилган одамгина чинакам бойдир. Ўзида бор нарсадан кўпроқ бойлик орттиришга ҳаракат қилган одам, оз бўлса-да, борига қаноат қилган одамдан камбағалроқдир.

      Кутиш ва сабр қилиш бир хил тушунчами? Масалан, омадни кутиш ва омадсизликка сабр қилиш – бирми? Йўқ, менингча, кутиш бошқа, сабр қилиш бошқа. Сабр – фазилат. Кутишда фазилат кам. Унда ғайратсизлик ҳам мавжуд. Сабр дегани барча ёмонликларга чидаш эмас, сабр адолат учун курашни инкор этмайди.

      Баҳодир акамни ҳарбий хизматга кузатиш чоғида аяжоним йиғладилар. Шунда тоғам: “Нега йиғлайсан? Эринг урушга кетди, кутдинг. Аканг урушга кетди – кутдинг. Азобли йилларда кутишга сабринг чидаган, бунисига ҳам чидайсан”, – деган эдилар. Уч йил соғина-соғина кутдилар. Ойда икки-уч марта байрам шодиёнаси бўларди – акамдан келган мактубни қайта-қайта ўқирдилар.

      Ким ҳар қайда хабардор биздан,

      Умид билан овутар ўзин,

      Ким у бизнинг юзларимиздан

      Уза олмас ёш тўла кўзин?

      О, бу она, сенсан, онажон!

      Мактабда яшаётганимизда мен аяжонимнинг ёнларида ётардим. Баъзан кечалари уйғониб кетардим.