Агар дўппиларнинг ҳаммаси сотилса, чойхонада ўтириб бир чойнак чой, биттадан сомса олиб ердик. Эрталаб нонушта қилмай, Ҳастимомдаги бозорга пиёда борардик. Пешинга қадар дам офтоб тиғи остида, дам совуқда, дам ёмғирда туриб, аяжоним жуда-жуда ҳолдан тоярдилар. Лекин ҳориганларини сездирмасдилар. Чой ичиб, сомсани еяётганларида қўллари нима учун титраётганини ўшанда билмаганман. Энди биламан. Ўша ҳолатни эсласам, вужудим фиғон ўтида куя бошлайди, бўғзимга йиғи келади.
Киши улғайган сайин болалигидаги ночорлик уни руҳ азобига сола бошлайди. Чорсуда дадажонимни урган маст йигит, аяжонимнинг иккита дўппиларини олиб қўйган қориндор милиционер, тоғажонимга аталган ошни еб қўйганлар… Агар йигитлик чоғимда мўъжиза юз бериб шулар менга рўпара бўлишганда тепкилаб-тепкилаб хумордан чиқардимми, деб ўйлайман.
“Шайтанат”даги Асадбек улғайганида отасини қамоққа олиб кетган-ларни топади ва қасосини олади. Аслида ўзим шундай қилишни истарэдим… Боланинг кўз ўнгида отаси ёки онасини хорлаган кимсалар оқибатда жазосиз қолмасликлари керак, деб ўйлайман.
Афсуски, бола чорасиз, лекин адолатсизликка қарши қалбида бир вулқон куч тўплайди. Ривоят қиладиларки, ўғри ушланиб, жазога ҳукм қилинганда бир қизча подшоҳ ҳузурига келиб, тиз чўкиб, йиғлаганича ўтиниб сўрабди:
– Отамнинг қўлларини кесишга буюргансиз. Биламан, ҳукмингиз адолатли. Лекин отамнинг мендан кичик яна тўрт фарзандлари бор. Онамиз касалвандлар, бизларни боқа олмайдилар. Агар отамизнинг қўлларини кестирсангиз, ҳаммамиз очдан ўламиз. Бизларга раҳм қилинг, отамизнинг қўлларини кестирманг. Агар қўл кесмасликнинг бошқа иложи бўл-маса, у ҳолда отамнинг қўллари ўрнига менинг қўлимни кеса қолинг.
Подшоҳ бу гапни эшитиб, кичкинагина қизнинг ота-онасига муҳаббати бу қадар улуғлигидан ҳайратда қолди. Қизни синамоқ мақсадида унга:
– Майли, отанг қўли ўрнига сенинг қўлингни кестираман. Қўлингни бугун эмас, эртага кесишади. Эртагача яхшилаб ўйлагин, кейин яна пушаймон еб юрмагин, – деди.
Эртаси куни жазо майдонида яна одам тўпланди. Қизнинг отасини келтирдилар. Қиз ҳам ҳозир бўлиб, отасига деди:
– Отажон, сира қўрқманг, мен подшоҳга: “Отамнинг қўллари ўрнига менинг қўлимни кестиринг”, – деб ялиндим. Илтимосим қабул бўлди. Ҳозир менинг қўлимни кесиб, сизни озод қилишади.
Қиз шундай деб, кундага қўлини қўйди. Бу ҳолатдан подшоҳ ҳам, тўпланганлар ҳам кўз ёши тўкдилар. Қизнинг отаси озод этилди. Ота-болага илтифотлар кўрсатилди. Подшоҳнинг амри билан жазо майдонидаги кунда олиб ташланиб, унинг ўрнига бир мармартош тикланди-да, бу сўзлар ўйиб ёзилди:
“Бир ёшгина қиз отасининг қўли ўрнига ўз қўлини фидо этишни истади. Шу қиздек фарзандга эга бўлган ота-она жуда-жуда бахтиёрдир…”.
Болалигидаги адодатсизликдан ўртанган ҳар ким шу қизча жасоратини такрорлаши мумкин, деб ўйлайман.
“Меҳри чексиз, бутун дунёни кўкраги билан боққан аёлни